МақолаларФиқҳ

ҲОЖАТХОНА ОДОБЛАРИ

Ислом шариати барча амалларда одоб бўлишига тарғиб қилади. Жумладан, мусулмон киши ҳаётида ҳожатхона одоблари муҳим аҳамият касб этади.

Ҳожатхонага кираётган киши учун қуйидагилар одоб ҳисобланади:

  1. Ҳожатхонага киришдан олдин: “Аъуузу биллааҳи минал-хубси вал-хобааис”, дейиш.

Мусулмон киши ҳожатхонага киришдан олдин “Бисмиллааҳ”, деса, унинг авратини жинлардан тўсадиган парда пайдо бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар алайҳиссалом ҳожатхонага кирсалар: “Аллооҳумма иннии аъуузу бика минал-хубси вал-хобааис”, деб айтар эдилар”.

Маъноси: “Аллоҳим! Эркак ва урғочи жинлар ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман”.

  1. Ҳожатхонага чап оёғи билан кириб, ўнг оёғи билан чиқиш.
  2. Чиққандан сўнг қуйидаги дуони ўқиш: “Ғуфроонак” Гуноҳларимни кечир!”.
  3. Ҳожатни ўтирган ҳолда бажариш (узрли кишилар бундан мустасно).
  4. Чап қўл билан истинжо қилиш (узр сабабли ўнг қўл билан истинжо қилса жоиз). Қиблага юзланиб ёки орқа қилиб ўтириш, қабр устига, оқар сувга, сув оқиб келадиган ерларга, инсонлар кўзи тушадиган, ўтадиган, салқинланиб ўтирадиган жойларга, тешикларга қазои ҳожат қилиш макруҳи таҳримийдир. Шунингдек, ҳожат вақтида гапириш, Аллоҳни зикр қилиш, қуёш ёки ойга юзланиб ўтириш ҳам макруҳ.

Изоҳ. “Истинжо” – нажосат чиққан жойлардаги нажосатни сув билан тозалаш, “истижмор” эса тош, кесак ёки махсус қоғоз билан тозалашга айтилади. Бу эркаклар ва аёлларга суннати муаккада ҳисобланади. Лекин нажосат махраж (нажосат чиқадиган жой)га, бир дирҳам миқдоридан кўпроқ ёйилган бўлса ёки суюқ нажосат кафтнинг чуқурлиги миқдорича ёйилган бўлса, кесак ёки қоғоз билан тозалашнинг ўзи кифоя қилмайди, балки сув билан ювиш вожиб бўлади. (1 дирҳам – 3.125 грамм оғирликка тенг).

  1. Аввал олд аврат сўнг орқа аврат ювилади.

Мусулмон кишининг сабабсиз тик туриб пешоб қилиши одобга зид бўлиб, пешобнинг кийимига сачрашига ёки қолиб кетган пешоб томчиларининг кийимига томишига сабаб бўлади. Пешобидан сақланмаган кишининг қабрда азобланиши ҳадисларда зикр қилинган.

Шунингдек, эркак киши пешоб йўлларида қолган пешоб томчисини махсус қоғоз, кесак ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар билан чиқариб, кейинроқ кийимига томишига йўл қўймаслиги керак. Бунинг учун пешоб йўлларини уч марта сиқиб тозаланади. Пешоб кам-камдан тўхтамай келиб турса, ҳолатга қараб, учтадан кўпроқ марта тўлиқ пок бўлганига ишонч ҳосил қилгунича сиқиб тозаланади. Бу амални араб тилида “истибро” дейилади. Истиброни мукаммал бажариш покликка ва амаллар қабул бўлишига асос бўлади.

Изоҳ. Суяк, тезак, кўмир, шиша, дарахт барги ёки кул билан истинжо қилинмайди.  Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жинлар вакили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Эй Муҳаммад, умматингизни суяк, тезак ва кўмир (ёки кул) билан истинжо қилишдан қайтаринг. Чунки Аллоҳ таоло уларни бизга ризқ қилиб берди”, деди”. Расулуллоҳ бу нарсалар билан истинжо қилишдан қайтардилар”. (Абу Довуд ривояти).

Аввалги уламоларимиз истинжо қилиш учун қоғоз ишлатиш макруҳ деганлар. Чунки ўша вақтларда қоғозлар фақат ёзув ва шу каби муҳим нарсалар учун ишлатилган. Ҳожатхона учун чиқарилган махсус қоғозларда истинжо қилишга рухсат берилган.

Қўшимча одоблар:

Ҳожатхонага киришдан аввал овқатланилган бўлса, қўл ва оғиз яхшилаб ювилади.

Киришдан аввал енглар ва пойчалар шимарилади, пайпоқ ечилади.

Истинжо қилиб бўлгач, юмшоқ мато билан аъзолар қуритилади.

Обдаста, эшик дастаси ўнг қўл билан ушланади.

 

Чиқишда сув бўшатилиб, поклаб чиқилади.

“Намоз ибодати арконлари” китобидан.

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг