КАСБГА САДОҚАТ
Бугун муборак жума куни “Ислом ота” жомеъ масжидида жума намози мавъизасини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ўринбосари Иброҳим ИНОМОВ ўтказиб бердилар. Жума мавъизасида жумладан қуйидаги масалаларга эътибор берилди:
Киши касб қилиш орқали, аввало ўзининг моддий эҳтиёжларини қондиради. Қолаверса, оила аҳлининг нафақаси, қарамоғидаги кишиларнинг таъминотини амалга оширади. Бир сўз билан айтганда, инсон ким бўлишидан қатъий назар, моддий ҳаётини йўлга қўйиши учун бирорта касб билан шуғулланишга мажбур. Аллоҳ таоло сизу биз, мўмин-мусулмонларни ҳалол касб билан шуғулланишга, ҳаромдан ҳазар қилишга буюрган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Албатта, Аллоҳ таоло покдир ва У пок нарсанигина қабул қилади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам буюрган. У айтганки: “Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз!” (Мўминун сураси, 51-оят) ва яна айтдики: “Эй, имон келтирганлар! Сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар!” (Бақара сураси, 172-оят). Шундан сўнг, Расулуллоҳ ﷺ бир киши ҳақида айтдилар: “У узоқ (ҳаж) сафарига чиқиб, соч-соқоли тўзғиб, чангга ботган ҳолда икки қўлини осмонга кўтариб, эй, раббим, эй, раббим, дейди. Ваҳоланки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаромдан озиқланган! Қаердан ҳам дуоси ижобат бўлсин?” (Имом Муслим ривояти).
Дарҳақиқат, тарихдан маълумки, пайғамбарларнинг барчаси ҳам зиммаларидаги Аллоҳ таоло томонидан юклатилган элчилик вазифаларини буюк омонат билан адо этиш билан бир қаторда ўзлари ва оила аҳлларини боқиш учун ҳалол касб билан машғул бўлганлар. Масалан, Одам а.с. деҳқончилик ва тўқувчилик, Идрис а.с. тикувчи ва хаттот, Нуҳ ва Закариё а.с.лар дурадгор, Ҳуд ва Солиҳ а.с.лар тижорат, Иброҳим а.с. деҳқончилик ва тижорат, Довуд а.с. темирчи, Сулаймон а.с. ҳунарманд, Мусо, Шуъайб ва Пайғамбаримиз а.с.лар чўпонлик билан шуғулланганлар.
Мавъиза сўнгида жамоат ва масжид раҳбарияти ҳамда ходимлари ҳақига хайрли дуолар қилинди.
Жума намозидан лавҳалар: