ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИДА ИМОМ-ХАТИБЛАРГА НИСБАТАН АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ҲУРМАТСИЗЛИКЛАРГА ИСЛОМШУНОСЛИК ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ МАРКАЗИНИНГ МУНОСАБАТИ
Сўнгги пайтларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда имом-хатибларни танқид қилиш, уларнинг “юзини ерга қаратиш”, хато ва камчиликларини топиш “урф”га айланди. Бир ўринда уларнинг айтган гаплари таҳлил қилинса, бошқа ўринда юриш-туришлари кимларгадир “ёқмаяпти”, яна кимлардир имомларнинг пулларини санаш билан овора бўлмоқда. Бу нарсага жаҳолат ва ҳасад сабаб бўляпти десак, бошқа томондан зиёли, халқ орасида обрў-эътибор қозонган инсонлар ҳам имомларимиз, уламоларимизга нисбатан ичидаги “фикр”ларини аямай омма олдида тарқатмоқда. Хўш, дин хизматчилари ҳақида ножўя гапларни айтишимиз, хато қилса омма олдида шарманда қилишга ҳаракат қилишимиз, аслида қанчалик тўғри?
Аҳли суннанинг эътиқодига кўра, мусулмон шахс кабира гуноҳни қилиш сабаб диндан чиқмайди, лекин динни, уламоларни пас санаши, уларга нисбатан беҳурматлик қилиши билан диндан чиқиш хавфи бор. Чунки уламолар дин номидан гапирувчи шахслар ҳамда пайғамбар меросхўрлари ҳисобланадилар. Уларга нисбатан отилган тошлар – динга, пайғамбарга отилган ҳисобланади. Тоҳир Бухорийнинг “Хулосатул фатово” асарида: “Ким бир олимни зоҳирий сабабсиз ёмон кўрса унинг диндан чиқиш хавфи бор!”, дейилади (Али ал-Қорий. Шарҳу Фиқҳил акбар. 287-290-бетлар).
Тўғри, ҳамма инсон ҳам хато қилади. Улар ҳам инсон эканини ҳисоб қилиб, содир бўлган хато-камчиликларни кечиш бизнинг вазифамиз. Уларнинг гап сўзларини ўз нафси-ҳавойимиз мезонига солиб ўлчамаймиз, у шариатнинг гапини сўзлаяпти. Мободо улардан шаръий масалаларда хато-камчилик топилса, ёлғиз ҳолда ўзларига айтиш ёки аҳли илм инсонларга айтиб тўғрилаб қўйилади. Бу иш шариатни “чала тушунган” кимсалар иши эмас! Ҳар қандай ҳолатда ҳам, омма олдида имомни беҳурмат қилиш, обрўсини тўкиш ҳаром амал ҳисобланади.
Уламолар – Пайғамбар меросхўрлари, дин хизматчилари, илм хазиналари, ҳаққа чақирувчи шахслардир. Қайсики жамият ўз олимларини ҳурмат қилмас экан, у душманлар нишонига айланиши тайин. Ҳозирги таҳликали замонда бу жуда ҳам муҳим муаммо ҳисобланади. Эътибор қиладиган бўлсак, “Араб баҳори”, Сурия ва Ироқдаги вазиятга ҳам жамиятдаги шахсларнинг ўз олимларига нисбатан қилган муносабатлари сабаб бўлди. Шу билан бирга, ғаразли кучларнинг бирламчи мақсадлари маҳаллий имомларни обрўсизлантириш, аҳолининг уларга эргашмасдан ташқаридаги “чин олимликни” даъво қилаётганларга эргаштириш ҳисобланади. Телевидение ва интернет орқали “сўз эркинлиги” ўйинини ўйнаб, имом-хатибларга танқидий муносабат билдириш орқали террорчилар учун бу ишни ўзимиз қилиб бермоқдамиз.
Товус ибн Кайсон (раҳматуллоҳи алайҳ) таъкидлаганидек, олимни ҳурмат қилиш суннат амал ҳисобланади. Аҳмад ибн Ҳанбални олдиларида бир олим ҳақида сўз очишди, имом Аҳмад суяниб ўтирган эдилар. Дарҳол, тўғри ўтириб олиб: “Солиҳ бандалар зикр қилинганда суяниб ўтирмаслигимиз керак!”, дедилар. Мана ҳақиқий одоб! Олимнинг аҳли илмга ҳурмати!
Ҳофиз ибн Асокир шундай насиҳат қиладилар: “Эй биродар, Аллоҳ сизни ва бизни Ўз розилигига етказсин, Ўзидан қўрқадиган, ҳақиқий тақво қиладиган бандалардан қилсин! Уламоларнинг гўшти заҳарлангандир. Уларнинг обрўсини тўкадиганларни Аллоҳ нима қилиши ҳам маълум! Зеро, улар шаънида қилмаган ишларни гапириш катта гуноҳ. Бўхтон ва тухмат ила уларнинг обрўсига тажовуз қилиш жоиз эмас. Улар орасидан Аллоҳ танлаганларга ихтилоф қилиш бадхулқликдир” (Ибн Асокир. Табйин ал-казиб ал-муфтаро).
Бошқа бир ривоятда Имом Аҳмад: “Уламоларнинг гўшти заҳарлангандир. Ким уни “ҳидласа”, “касал” бўлади, агар ундан “еса” “ўлади”, деганлар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўз ҳадиси шарифларида ҳатто хўрозни ҳам намозга чақиргани сабабли сўкиб бўлмаслигини айтганлар (Имом Аҳмад ривояти). Фараз қилайлик, агар Пайғамбаримиз ҳозирги кундаги имомлар, олимларга нисбатан етказилаётган таъна тошларини эшитганларида қандай ҳолатга тушар эдилар? Бизларни тўғри йўлга чақираётган, тўйда ҳам, маъракада ҳам, яхши-ёмон кунимизда хизмат қилаётган инсонларга беҳурматлик қилиш инсофданми?
Шунинг учун имомларимиз, дин пешволаримиз шаънларида айтилаётган гапларни биз ўз шаънимизга айтилаётгандек қабул қилиш бурчимиздир. Зеро, жамиятимизнинг аксарияти мусулмон бўлганлиги сабаб ҳозирги кунда халқ имомларга эргашади. Уларни ҳурмат қилайлик!
islamcenter.uz