МАДРАСАЛАРДА КИРИШ ИМТИҲОНИ БЎЛИБ ЎТДИ
Жорий йилнинг 18 июл куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус билим юртларида кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди.
Абитурентлар “ўзбек тили ва адабиёти” фанидан диктант ёзишди, маънавият ва маърифат, чет тили ва тарих фанидан тест саволларини ечишди.
Имтиҳоннинг қанчалик адолатли ўтгани борасида шубҳа-гумонлар туғилмаслиги учун елимланган махсус қопларда келган имтиҳон мавзуларини ота-оналар ва бошқа кузатувчилар гувоҳлигида абитурентларнинг ўзлари очиб, мавзуни ҳам уларнинг ўзлари танлади.
Диктантларни абитурентларга таниқли тилшунос ва адабиётшунос олимлар ўқиб берди ва натижаларини ҳам уларнинг ўзлари текширишди.
Текширишнинг холислиги қуйидаги тартибда таъминланди. Ўқитувчилар ўзларига тайин этилган аудиторияда диктант ўқиб келишади. Кейин эса имтиҳон варағидаги абитурентнинг исми-шарифи, гуруҳи ёзилган қисми олиб қолинади ва диктантларнинг ҳаммаси бир жойга тўпланади. Бу ҳолда ўқитувчининг қўлида фақат диктант бўлади – абитурент исми-шарифи, гуруҳи ёки бошқаси, хуллас, абитурент шахсига дахлдор ҳеч нарса бўлмайди. Ўқитувчилар гуруҳи ҳамма диктантни текшириб бўлганларидан сўнг имтиҳон варағининг қобиғи, яъни абитурент исми-шарифи ёзилган қисми тарқатилади. Диктантлар унинг ичига жойлаб чиқилганидан сўнг қайси ўқитувчи қайси гуруҳдан диктант олган бўлса, ўзи диктант ёздирган абитурентларга тўғри баҳо қўйилганми, йўқми, яна бир бор устидан қараб чиқади. Бу ишни ниҳоясига етказганидан кейин эса қўйилган балларни баҳога айлантириб қабул ҳайъатига топширади.
Тест саволларининг жавоблари ҳам ана шунга монанд адолатли тарзда текшириб чиқилди.
Абитурентларни кўрган киши уларнинг ҳар бирининг имтиҳонларни аъло даражада топшириб олишини истайди. Чунки ёшларнинг қалбидаги эзгуликка интилиш, илмга ташналик юзига нур бўлиб балқиб турибди. Парвардигоримиз шундай ажойиб ёшларимизнинг ҳаммасининг йўлини очиб, уларни ўзлари истаган таълим даргоҳининг талабаларидан қилсин деб дуога қўл очиб қолдик.