ҚАЛАМДАН БЕШ ЎРНАК
– Ву-уй, қаламингиз бунча чиройли, буважон. Менга бериинг. Отахон ёзишдан тўхтади. Набирасининг чақнаб турган кўзларига меҳр билан термилди.
– Бераман, болажоним, албатта, бераман. Шуни ёзиб олай. Болакай қораланган қоғозга бир муддат тикилиб туриб, хонасига кириб кетди. Анчадан кейин отахон ёзишни тугатиб, тўрт букланган қоғоз орасига қаламни солди. Ухлаб ётган набирасининг бош томонига қўйди. Унда бундай сўзлар битилган эди:
“Менинг азиз болажоним. Катта бўлганингда, худди қаламга ўхшашингни истардим. Унинг бешта хусусияти бор. Инсон бўламан десанг, қаламдан ҳам ўрнак ол:
Биринчидан: ўзингни ҳар қанча доно билсанг ҳам, сени юргизиб, йўналтириб турган Қўл борлигини зинҳор унутма. Шу Қўлга суянишни, унинг измида бўлишни ўрган.
Иккинчидан: енгил, равон ёзиши учун қаламни вақти-вақти билан чархлаб туриш керак. Бу – оғриқли жараён. Аммо бирор натижага эришмоқчи бўлсанг, машаққатларни сабр билан енгишга тўғри келади. Зеро, инсонни синовлар тоблайди.
Учинчидан: қаламда ёза туриб, хатога йўл қўйсанг, ўчирғичда тўғриласа бўлади. Мард инсонгина хатосини тан олади, ўзини ислоҳ қилишдан эринмайди, ор ҳам қилмайди.
Тўртинчидан: қаламнинг шаклу шамойили эмас, ичидаги ўзаги муҳим. Шундай экан, қалбингда яхшиликларни сақла. Ҳар қандай вазиятда қатъиятингни йўқотма.
Бешинчидан: қалам ўзидан из қолдиради. Шу каби сенинг ҳам бирорта амалинг изсиз кетмайди. Демак, қадамингни ўйлаб бос. Ортингдан фақат эзгуликлар қолсин.
Сени яхши кўрган Буважонинг”.
Юлдуз Ўткирхон