Мақолалар

ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙ

    Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким ат-Термизий машойихларнинг киборларидан, олам шайхи, ҳиммат ва саховат соҳиби, илми Раббоний эди. Унинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳасан ибн Башир ал-Ҳаким ат-Термизий бўлиб, таржимаи ҳолига оид маълумотлар ўрта аср араб муаллифларидан Тожуддин ас-Субкий, Хатиб ал-Бағдодий, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний, ас-Сулламий ва бошқаларнинг асарларида, шунингдек, алломанинг ўзининг қаламига мансуб “Бадьу шаьни Абу Абдиллâҳ” – (“Абу Абдуллоҳ ишининг бошланиши”) номли таржимаи ҳолга доир рисоласида келтирилган.

    Ҳаким ат-Термизий таваллуд топган сана хусусида ёзилган манбалар ва адабиётларда турли йиллар келтирилган. Шулардан келиб чиқиб, Ҳаким ат-Термизий тахминан ҳижрий 138 (милодий 755) йилда Термизда таваллуд топган, дейиш мумкин. Одатда, ўрта асрларга оид ёзма манбаларда аксар ҳолларда муаллифнинг фақат вафот этган йили кўрсатилиб, таваллуд топган санаси келтирилмайди.

    Ҳаким ат-Термизийнинг таржимаи ҳоли келтирилган асарлари, шунингдек, рисолалари номларида ҳам у турли лақаблар билан аталганини кўриш мумкин. Жумладан, “аш-шайх”, “ал-олим”, “ал-аллома”, “ал-муҳаддис”, “аз-зоҳид”, “ал-ҳофиз”, айниқса аксар ҳолларда “ал-имом” лақаблари билан аталган. Бундан ташқари Ҳаким ат-Термизий баъзи ҳолларда “ал-муаззин” деган лақабга ҳам эга бўлган. Бу лақабни муаллифнинг “Таҳсийлу назôирил-Қуръâн”, “Ал-Масâилул-макнŷна”, “Навâдирул-усул фии маърифати ахбâрир-Росŷл” каби асарларида, шунингдек, тарихчилар Шамсуддин аз-Заҳабийнинг “Тазкиратул-ҳуффâз”, Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг “Лисâнул-мийзâн” асарларидаги Ҳаким ат-Термизийнинг таржимаи ҳоли келтирилган қисмларида ҳам кўриш мумкин. Айни вақтда ат-Термизий асосан “ал-ҳаким” лақаби билан аталиб, ал-Ҳаким ат-Термизий (баъзан ат-Термизий ал-Ҳаким) шаклида келтирилган. Бинобарин, ат-Термизийга берилган “ал-ҳаким” лақабининг маъносини талқин қилиб баъзилар унга “табиб” деб маъно берганлар ва шунга кўра ат-Термизийни буюк табиб деб ҳисоблаганлар.

    Ҳаким ат-Термизийнинг “ал-Ҳаким” лақаби билан аталиши масаласи олиму-уламоларни азалдан қизиқтириб келган ва бу масалада турли фикрлар ҳам билдирилган. “Ҳаким” сўзининг тарихига назар солинадиган бўлса, бу ибора Қуръонда ҳам, Тавротда (хохом шаклида) ҳам учрайди. Ҳакимнинг луғавий маъноси доно, донишманд, ақл-идрокли, файласуф, шунингдек, табиб, доктор тушунчаларини англатади. Шу сабабли баъзи олимлар уни ҳатто моҳир табиб деб ҳам атаганлар. Ат-Термизий яшаган давр истилоҳларига таяниб баён қилсак, ҳикмат (ҳакимдан олинган) ибораси ҳақиқатга етишиш (арабча “исобâтул-ҳаққ”)ни англатиб, бунга илм ва ақл билан эришиш мумкин деб изоҳланган. Ҳаким киши шундай кишики, у мукаммал ақл-идрок ва чуқур билим билан ҳар доим ҳақиқатга эришади. Ал-Ҳаким ат-Термизий ўзининг “Таҳсийлу назôирил-Қуръâн” номли асарида: “Ҳаким илмнинг ички, ботиний маъноларини тушунувчи киши” деган фикрни ҳам келтирган.

    Аллома ўзи ёзган таржимаи ҳолига кўра, саккиз ёшидан диний илмларни ўрганишни бошлаган. Алломанинг “Бадуввуш-шаьн” асари унинг ҳаёт йўли ва фаолияти ҳақида аниқ маълумот беради:

    “Cаккиз ёшда бўлганимда барчанинг шафқатли ва меҳрибони бўлмиш Аллоҳ ўз иноятини мендан дариғ тутмади. Шайх менга илм сирларини ўргатиб, тинмай илм олишни тарғиб қилди. Иш шу даражага етиб бордики, бутун вужудим билан сабоқ олишга интилдим. Гўдаклик чоғимданоқ ўйин ўрнини китоб мутолаа қилиш машғулоти эгаллади. Шу тариқа ёшликдан ҳадис илмини ўрганишни бошлаган эдим. Йигирма етти ёшда бўлганимда ирфоний илмларни чунон кўргандимки, қалбимда Аллоҳ таоло уйи  Маккани зиёрат қилиш ишқи уйғонди.  Сафарга чиқиш ишқи имкони туғилганиданоқ, йўлга отландим. Ироқда муҳаддис сифатида танилдим. Сўнг Басрага, Басрадан ражаб ойида Макка сари йўл олдим. Шаъбон ойининг охирларида Маккатуллоҳга етиб келдим ва Худонинг амри билан ҳаж ойигача ўша ерда бўлдим. Ҳаж зиёратини адо этиб, Ватанга қайтдим”.

    Ҳаким ат Термизий ҳадис илмини Абу Муҳаммад Сиддиқ Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Наср ат-Термизий, Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизийдан ўрганган. Али ибн аҲасан ат-Термизий, Суфён ибн Воқиъ, Умар ибн Шақиқ ал-Балхий, Аҳмад Ҳузравия, Яҳё Маъоз, Яқуб ибн Шайба каби машҳур мутасаввифлардан дарс олган. Ҳаким ат-Термизий Нишопур, Бағдод, Миср, Макка, Мадина ва Шомда бўлиб, замонасидаги барча илмий ва адабий жараёнларда иштирок этган. Абу Туроб Нахшабий, Аҳмад Ҳузравия ва Ибн Жалло билан ҳамсуҳбат бўлган.

    Шу билан бир қаторда Ҳаким ат-Термизийнинг илм талабидаги риҳлат (сафар)лари фақат Хуросоннинг барча шаҳарларига бўлиб қолмай, балки Ироқнинг ҳам деярли ҳамма томонларини қамраб олган эди. Мана шу сафарлари чоғида Ҳаким ат-Термизий илмий тафаккурининг шаклланишида айниқса йирик шаҳарлар Балх, Нишопур ва Бағдодда бўлганлиги алоҳида ўрин эгаллайди. Бу шаҳарлар билан бир қаторда ат-Термизийнинг илмий ижодий фаолиятида у туғилиб ўсган она шаҳри Термизнинг ҳам ҳиссаси бениҳоя катта бўлган. Айнан шу шаҳарда Ҳаким ат-Термизий илм толибларига дарс берган, ўзининг ўлмас асарларини яратган.

    Ҳаким ат-Термизий Абу Муҳаммад Мансур Козий, Абу Мансур Али Ҳиравий, Абу Али Ҳасан Журжоний, Абу Бакр Варроқ, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исо, Муҳаммад ибн Жаъфар каби ўнлаб машойихнинг устозидир.

    Ҳаким ат-Термизий ҳикмат ва фаросат  бобида қилни қирқ ёргани учун “Ҳакимул-авлиё” деб улуғланган.

    Ҳаким ат-Термизий яшаган даврда валийлик ва валоят масаласи долзарблик касб этиб, тасаввуфда марказий ўринни эгаллаган. Бу таълимот учун бутун Хуросон, айниқса, Термиз ва Балхда кенг тарқалган ҳамда кўплаб тасаввуф назариётчиларининг эътиборини тортган. Баъзи уламолар Ҳаким ат-Термизийни “валийликни набийликдан афзал кўрди” деб айблашган. Айниқса, “хотамул-анбиё” бўлганидек, “хотамул-авлиё” ҳам бор, деган фикр шариат аҳлига ёқмаган.

    Ҳаким ат-Термизий “Аллоҳнинг валийлари ернинг таянчидир” дейди. Унинг “Хатмул-авлиё” асари валоят ва валийлик масалаларига бағишланган илк мукаммал асар бўлиб, тасаввуф тарихида биринчи марта авлиёлик даражалари, “хатмул-анбиё” ва “хатмул-авлиё” масалалар таҳлил этилган. Валоятнинг ўн хусусияти, авлиёлик аломатлари, ваҳий, илҳом, каромат, варосат, қурб каби масалалар Қуръон ва ҳадисдан келтирилган далиллар асосида ёритилган.

    Ҳаким ат-Термизий баъзи мухолифларнинг иғвою туҳматларига қарамай, муттасил ижод билан шуғулланган. Ҳаким ат-Термизийдан “Навâдирул-усŷл фии маърифати ахбâри Росŷл” – (“Расулуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар”) (Бу асар шунингдек “Салватул-ъâрифийн ва бустâнул-муваҳҳадийн” – (“Орифлар овунчоғи ва Аллоҳнинг ягоналигига ишонувчилар бўстони”) номи билан ҳам аталади. Бу асар ҳижрий 1294 (мелодий 1876) йилда Қустантийнияда чоп этилиб, ўзи танлаб олган 291 ҳадисдан иборат. Китобда Ҳаким ат-Термизий ўз мазҳабий қарашларини муфассал ҳолда шарҳлаган. Мазкур асарнинг бир қўлёзма нусхаси Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг кутубхонасида сақланади. Яна бир қўлёзмаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида № 10842-рақам остида сақланади. “Китâбу ҳақиқатил-âдамия” – (“Одамийлик ҳақиқати тўғрисида китоб”), “Âдâбун-нафс” – (Нафс одоблари), “Китâбус-солâти ва мақôсидуҳâ” – (“Намоз ва унинг мақсадлари”), “Китâбул-ҳаж ва асрôриҳи” – (“Ҳаж ва унинг сирлари китоби”), “Китâбул-иҳтиётôт” – (“Эҳтиёткорлик йўллари”), “Китâбул-жумалил-лâзим маърифатуҳâ(“Билиш лозим бўлган жумлалар”), “Китâбул-фурŷқ ва манъут-тарôдуф” – (“Фарқлар ва тародуф (кетма-кетлик)ни ман қилиш”), “Китâбу урсил-муваҳаддийн” – (“Якка Аллоҳга эътиқод қилганларнинг завқи”), “Китâбул-аъзô ван-нафс ва йусаммâ казâлика ғоврул-умŷр” – (“Аъзолар ва жон ёки ишларнинг моҳияти ҳақида китоб”), “Китâбу манâзилил-ибâд минал-ъибâда” – (“Бандаларнинг бандачиликдаги манзиллари ёхуд Аллоҳга интилувчиларнинг манзиллари ҳақида китоб”), “Китâбул-амсâл минал-китâб вас-суннат” – (“Қуръон ва суннатдаги мисоллар китоби”), “Китâбул-манâҳий” – (“Ман қилинган нарсалар ҳақида китоб”), “Хатмул-авлиё” каби элликдан зиёд асар мерос қолган.

    Таниқли аллома Ҳожи Халифанинг “Кашфуз-зунŷн” номли машҳур асарининг бир неча ўринларида Ҳаким ат-Термизийнинг вафотини ҳижрий 255 (мелодий 869) йил деб кўрсатган. Шунингдек, алломанинг Термиз шаҳри яқинида жойлашган мақбараси устида ўрнатилган қабртошдаги битикларда ҳам унинг ҳаёти ҳақида баъзи маълумотлар келтирилиб, вафот этган санаси ҳижрий 255 (мелодий 869) деб ёзилган. Бошқа баъзи манбаларда ҳам унинг мазкур санада вафот этганлиги қайд этилади. Ҳаким ат-Термизийнинг узоқ – 116 ёки 120 йил умр кўрганлиги эътиборга олинса, аллома саккизинчи асрнинг ўрталарида (тахминан 750-760 йиллар оралиғида) таваллуд топганлиги аён бўлади. Айни вақтда баъзи замонавий тадқиқотчилар унинг таваллуди ва вафоти ҳақида батамом бошқа саналарни кўрсатганлар. Жумладан, Ҳаким ат-Термизийнинг ҳаёти ва унинг таълимотини чуқур ўрганган мисрлик таниқли олим Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Барака Ҳаким ат-Термизийни ҳижрий 205 (мелодий 820) йилда Термиз шаҳрида таваллуд топиб, узоқ умр кўриб, ҳижрий 320 (мелодий 932) йилда 112 ёшида вафот этганлиги ҳақида ёзади.

    Унинг мақбараси Термиз қалъасининг ёнида, Амударё соҳилида жойлашган. Қабр устига Шоҳруҳ Мирзо даврида мармар қабртош ўрнатилган. Термиздаги меъморий ёдгорлик (9-15-асрлар) ҳисобланади. Мажмуа Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ҳаким ат-Термизий номи билан  боғланган. Асрлар давомида бир неча бор қайта қурилган. Масжид, мақбара, хонақоҳ, қорихона каби бинолардан иборат бўлган. Дастлаб хом ғиштдан хонақоҳ (9-аср) бунёд этилиб, Ҳаким ат-Термизий шу ерда яшаб мударрислик қилган. Бинодан кенг ҳовлининг бир қисми, қалин девор тўсиқ ва шимолий-шарқий бурчагида унча катта бўлмаган ертўласимон ҳужра сақланган. Вақтлар ўтиши билан 9-асрда қабр устига, хонақоҳнинг жанубий-ғарбий бурчагида хом ғиштдан жанубга қаратиб мақбара бунёд этилган. Термизий мақбараси халқ орасида улуғланиб авлиё қабри, муқаддас зиёратгоҳ сифатида эъзозланган. Кейинчалик мақбаранинг шарқий деворига туташтириб кичик қорихона ва ўғли ал-Ҳаким Абдуллоҳ мақбараси (10-аср), шимолда унча катта бўлмаган ҳовлига қараган 3 гумбазли, равоқли йўлак кўринишидаги намозгоҳ масжиди (11-12-асрлар) ҳамда бир қатор қўшимча хоналар қўшилган. Темурийлар ҳукмронлиги даврида (15-аср) хонақоҳ баландлиги 1,5 метр бўлган асос устига пишиқ ғиштдан қайта қурилди. Унга туташ бўлган хоналар таъмирланди. Хонақоҳнинг шимолий ва жанубий томонларига пештоқ ишланди. Оддий ва аниқ қурилмали хона деворлари равоқ устунлари “ромб” кўринишидаги пой устунга таянган. Ҳаким ат-Термизий мақбараси 9-аспда бунёд этилган хонақоҳ ҳужраларидан бири бўлган. Хонақоҳ ҳовлисининг ғарбидаги 3 гумбазли масжид мақбарага туташ, 3 равоғи ҳовлига қараган. Масжиднинг ғарбий девор марказида кенг ҳошияли меҳроб бор. Ундаги бўртма ёзув, сопол шакллар, оралиқ заминидаги ўйма ганч безаклар ўзига хос. Масжид устунлари ғиштдан безакли қилиб терилган. Масжиддан равоқ орқали мақбарага ўтилади. Мақбара ичи ганч ўймакорлигида гилам нусха безакда серҳашам пардозланган. Гумбаз ости шарафасида куфий хатида Қуръоннинг 36-сураси – “Ёсин” сураси ўйиб ёзилган. Хонақоҳ ичи ҳам юлдузсимон гириҳ нақшлар билан пардозланган. Равоқларидаги тобадонларига панжаралар ўрнатилган. Мақбара ичидаги оқ мармар сағана темурийлар давридаги тош ўймакорлиги санъатининг юксак намунасидир. Сағана 3 поғонали, асоси ислимий нақш ва ёзувли ҳошиялар билан, ўрта қисмидаги 3 меҳробий токчанинг марказий (ўрта) қисми муқарнас косачалар билан, 2 ёни шамчироқ тасвири билан безатилган. Сағанадаги ёзувларда Термизий ҳаёти ва фаолияти тавсифланган. Кичик мақбарада ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилган. Абдуллахон ҳукмронлиги даври (16-аср)да ҳазира (ҳовли) ҳудудида 9 гумбазли масжид (эски масжидни ўз ичига олган) қурилган. Олдида енгил равоқ-устунли айвон жойлашган. 19-аср да 9 гумбазли масжид ўрнида 4 гумбазли масжид бунёд этилган. Жанубдан кираверишда яна бир мақбара (гўрхона ва зиёратхонадан иборат) қурилиб, равоқли бўлмалар орқали Термизий мақбараси ва хонақоҳ билан ўзаро боғланган. Ат-Термизий масжид муажмуаси 1955-57 йилларда илмий ўрганилиб 14-15-асрлардаги кўриниши қайта тикланди. 1980-81 йиллар ва 2001-2002 йилларда мақбара ва хонақоҳ қайта пардозланди. Мажмуанинг умумий тарҳи 28,0×29,0 метр, мақбара 5,10×4,70 метрдан иборат.

Ҳаким ат-Термизий масжиди меҳроби

               ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙДАН ҲИКМАТЛАР

Ҳаким ат-Термизийнинг аёлидан сўрадилар:

– Шайхнинг аччиғи келганини қандай биласиз?

Аёл деди:

– Биздан озор топган кунлари шайх дарҳол тавбага юзланадиларз : “Илоҳо, мен тавба қилдим, Сен буларни ҳам салоҳга еткургил”. Би шайхни бу ҳолда кўргач, дарҳол тавба қилиб, узр айтамиз ва шайхни озурдаликдан халос этамиз.

*          *          *

Сўрадилар:

– Илмнинг асли нима?

Ҳаким ат-Термизий дедилар:

– Илмнинг асли “ибтидо”ни билиш, яъни “азал”ни ва “интиҳо”ни билиш ва “аҳди мийсоқ”ни билиш ва “илми ҳуруф”ни билишдир. Ва “илми ҳуруф” ҳикмат илмидир. Олимлар илми ҳикмат илмидир. Бу илмлар авлиёларнинг улуғларига унинг мартабасига шайтоннинг макри ожиз бўлсагина зоҳир ва ошкора бўлади.

*          *          *

Сўрадилар:

– Дунёда адабдан яхши нарса йўқ дейсиз. Ўз адабингиздан бизга баён қилинг.

Ҳаким ат-Термизий дедилар:

– Шунча йилдан бери аҳли аёлим, оилам ва яқинларим олдида бурун қоқмадим.

*          *          *

Ким ўз нафсининг ҳисобини олиб, Худойи таоло учун парҳезкорлик қилса, азиз ва улуғ бўлади.

*          *          *

Ҳар киши Аллоҳдан қўрқса, Аллоҳга қочсин ва Аллоҳдан паноҳ топсин.

*          *          *

Юз шайтоннинг инсонга қиладиган фасодидан нафснинг инсонга қиладиган фасоди ёмонроқдир.

*          *          *

Тавба манзили – Аллоҳни изловчилар ва унга интилувчиларнинг энг аввалги манзилидир. Бу манзилга етишиш шарафига муяссар бўлган бандалар Аллоҳнинг буйруқларига сўзсиз итоат этувчи, унинг ман этган нарсаларидан ҳеч иккиланмай тийилувчи бўлиб қолади. Бундай қалб соҳиблари эзгу амалларни беихтиёр бажарадиган, ёмон ишлардан сақланадиган бўлишади.

*          *          *

Одамларнинг азизроғи ўз нафсини хор қилган кишилардир.

*          *          *

Ҳар ким Аллоҳдан қўрқса, қўрқувдан ҳоли бўлади.

*          *          *

Инсондаги иллатларнинг энг ёмони – кибрдир.

*          *          *

Ҳақиқий жўмард шундайки, унинг қошида мусофир ҳам, муқим ҳам бирдек бўлади.

Олимжон Аллоҳқули
“Ислом ота” жомеъ масжиди кутубхоначиси

Теглар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг