Мақолалар

ОТА-ОНАНИНГ ДУОСИ ИЖОБАТ

   Отам фалажлик дардига чалинган бўлиб, доим бир кишининг кўмагига муҳтож эдилар.

   Бир куни ўртоқларим билан гапга кетаётгандим. Отам менга:

   – “Болам мени ташқарига олиб чиқиб айлантир” деб қолдилар. Отамни ташқарига олиб чиқиб, кўчага чиқиб ўртоқларимга: “Кетаверинглар, ўзим етиб оламан”, деб уйга қайтдим. Отамни ҳовлида айлантириб юрсам, “Опангнинг уйига олиб бор”, дедилар. Опам маҳалламизга келин бўлиб тушган эди. Бу ёқда гапга бориш керак, улфатлар кўз тикиб ўтирибди…

   Кекса отамнинг сўзларини қайтара олмадим. Опамнинг уйига олиб бордим, қуда амаки ҳам ҳовлида сўрида ўтирган эканлар, жуда хурсанд бўлиб кутиб олдилар. Опамни чақириб ошга буюрдилар. Энди у ерда қолиб кетишимга ақлим етди ва телефонимни ўчириб қўйдим. Ўртоқларим қўнғироқ қилаверишини билардим. Ошни бирга ҳаммамиз ўтириб едик. Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолди. Отамни уйга олиб келдим. Отам жуда хурсанд бўлиб дуо қилдилар. Олдиларидан чиқиб кетаётсам:

   – “Ўғлим мандан хафа бўлма, нима учундир бугун гапга боришингга кўнглим йўл қўймади”, дедилар.

   – “Йўқ отажон сизни хурсанд қилиш менинг вазифам”, деб дуоларини олиб чиқиб кетдим.

   Уйга кириб телефонимни ёқишим билан роса қисқа хабарлар кела бошлади. Бу ҳаммаси ўртоқларимдан эди. Ётиб ухладим. Тунги соат 12 ларда телефоними чалди. Дўстларимдан бири экан. Кўнглим телефонни кўтарма, деди. Чунки, гапга бормадим, маст бўлиб қўнғироқ қилаётган бўлса керак, деб ўйладим. Яна қўнғироқ қилди, ахийри кўтардим. Кечаги гапдан қайтаётган ўртоқларим автоҳалокатга учраганини, улар ҳозир шифохонада эканини айтди.

   Шифохонага етиб борганимда икки дўстимиз жонлаштиришда, рулдаги дўстимиз эса вафот этган эди. Қаранг, агар мен ҳам гапга борганимда албатта шу машинада бўлардим. Икки дўстимиз ҳам бир ҳафтанинг ичида орамиздан кетишди…

   Аллоҳ бемор отамни ёлғиз қўймаслик учун кўнгилларига солган эканда…

   Мана отам ҳам ўтиб кетдилар, аммо доим ота-она дуоси ҳақида гап кетса, шу воқеа ёдимга тушаверади.

   ЎТГАНЛАРНИ АЛЛОҲ РАҲМАТ ҚИЛСИН, ОХИРАТЛАРИНИ ОБОД ҚИЛСИН!

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг