МАСЖИДЛАРДА ХАТМИ ҚУРЪОНЛАР ШУКУҲИ
Муборак Рамазон ойи юртимизда аввалгидан ўзгача шукуҳ билан давом этмоқда. Албатта, бу Аллоҳ таолонинг юртимизга Раҳмати, мазкур муборак ойнинг ўзига хос файзу баракасидир. Бу ойда айниқса, хатми Қуръонлардан сўнг қилинаётган дуолар, хайру эҳсонлардан сўнг диёримиз бундан ҳам кўркам, обод бўлиб, ризқларимизга қут-барака кириб келмоқда.
Мана шундай хатми Қуръонлардан бири 13-Рамазон куни Зангиота туманидаги “Имом Ҳасан” жомеъ масжидида, 14-Рамазон куни Шайхонтоҳур тумани “Сузук ота” жомеъ масжидида, 15-Рамазон куни Олмазор тумани “Абу Бакр Қаффол Шоший” жомеъ масжидида бўлиб ўтди. Мазкур жомеъ масжидларга қадим анъанамизга мувофиқ юртмиз уламолари, имом-хатиблар таклиф этилдилар.
“Абу Бакр Қаффол Шоший” жомеъ масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов муборак Рамазон ойида бугунги кунда юртимизнинг жомеъ масжидларида ўтган йилдан кўра кўпроқ хатми Қуръонлар ташкил этилгани, масжидларда намозхонларга барча шароитлар муҳайё қилингани ҳақида сўзлаб, жумладан шундай дедилар:
“Бугун президентимиз Шавкат Мирзиёев Самардақанд вилоятида бўлиб, “Имом Бухорий” мажмуасига ташриф буюрдилар. У ерда янги ташкил этилаётган “Имом Бухорий халқаро тадқиқот маркази”нинг ташкилий ишлари билан танишиб шундай дедилар: “Муборак Рамазон ойида бундай эзгу ишларни бошлаш ва амалга ошириш ҳар жиҳатдан хайрли ва мақсадга мувофиқдир, Пок ниятлар билан бошлаган ишимиз ўз мевасини беради. Яна бир жиҳатга алоҳида эътибор бериш керак. Имом Бухорий мажмуасига зиёратга келувчилар марказга ҳам киради, улар ҳақиқий ислом таълимоти тўғрисида керакли маълумотлар олсин”.
Муфтий ҳазратлари маърузалари давомида намозхонларга таровиҳ намозининг юртимизда аввалги ва бугунги кунига ибрат назари билан қараш лозимлиги, юртимизда қориларнинг ҳурмат эътиборини кўтариш лозимлигини таъкидлаб, “Имом Ҳасан” жомеъ масжиди имоми Яҳё қори домланинг устоз сифатида шахсан ҳурмат қилишларини айтдилар. Шу билан бирга таровиҳга ташриф буюрган шаҳримизнинг дуогўй қорилари – Яхё қори домла ҳамда Абдулҳаким қори домлаларнинг юртимизда қориларни тайёрлашда қилган хизматларини юксак баҳолаб, хизматларининг бардавом бўлишини тиладилар.
Таровиҳ намозларида “Ислом ота” жомеъ масжиди имом-хатиби Абдулҳаким қори Комилжон ўғли ҳам иштирок этиб, жамоатга “Таровиҳ намози, хатми Қуръон фазилатлари” ҳақида ваъз-иршод қилдилар. Сўнг таровиҳ намозида Қуръони каримнинг ниҳоясига етказиб бердилар. Хатм сўнгида юртимиз, мусулмонлар ҳақига хайрли дуолар қилиб бердилар.
Аллоҳ таоло муборак Рамазон ойи шарофати билан юртимизни бундан ҳам кўркам ва обод айласин. Барчамизнинг хонадонларимизга қут-барака ато қилсин, қалбларимизни илму маърифат нурлари ёритаверсин.
www.islomota.uz
Зангиота тумани “Имом Ҳасан” жомеъ масжиди хатми Қуръондан лавҳалар:
Шайхонтоҳур тумани “Сузук ота” жомеъ масжиди хатми Қуръондан лавҳалар:
Олмазор тумани “Абу Бакр Қаффол Шоший” жомеъ масжиди хатми Қуръондан лавҳалар: