
Шу йил улуғ айём кунларида мегалойиҳа – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши нафақат халқимиз, балки бутун ислом олами учун, барча мўмин-мусулмонлар учун, илм-маърифатни ардоқлаган ҳар бир киши учун жуда катта туҳфа бўлди.
Таъкидлаш жоиз, Давлатимиз Раҳбари таклифлари асосида ушбу муҳташам марказ биносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси марказий аппарати учун алоҳида жой ажратилгани диний-маърифий соҳага қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги яққол намунаси бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги Диний идора раҳбарияти ва бўлимлар ўз фаолиятини ушбу Марказ биносида давом эттира бошлади.
Марказнинг Хоразм портали маҳобатли эшигидан кириб, лифтдан иккинчи қаватга кўтарилсангиз, катта фойе ва Диний идора ҳудудига кириш қисмига дуч келасиз. Ичкарига киришингиз биланоқ Қуръони карим оятлари, Президентимиз сўзларидан иқтибослар, идора тарихи, муфтийлар ҳақидаги маълумотлар билан танишасиз. Йўлакнинг икки томонида раис ўринбосарлари ва бўлимлар учун ажратилган хоналар жойлашган.
Шаффоф ойнаванд хоналараро кўриниб турадиган ички ҳовлидаги бежирим боғ киши кайфиятига ўзгача кўтаринкилик улашади. Кенг ва ёруғ хоналар, электрон бошқарувли иситиш ва совутиш тизими, замонавий интерьер, шинам стол-стул, мебель, компьютер ва замонавий жиҳозлар соҳа ходимларининг иш самарадорлигини янада оширмоқда.
Йўлак тўрида Муфтий ҳазратларининг замонавий ва миллий меъморчилик андозаларига ҳамоҳанг бежирим хоналари. Йўлак деворларида Идора фаолиятининг асосий бешта йўналишига оид фотоэтюдларга кўзингиз тушади.
Шунингдек, кичик ва катта мажлислар заллари бўлиб, улар замонавий технологиялар билан таъминланган. Жонли эфирга мўлжалланган камералар ва тўлиқ WiFi зонаси мавжуд. Залдаги барча техникалар бир маромда ишлаши масъуллар томонидан назорат қилиб турилади.
Диний идора жойлашган қисмга ёндош кутубхонадан ҳам фаолият мобайнида унумли фойдаланиш мумкин.
Бундай юксак эҳтиром ва эътибор юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг яна бир амалий исботи бўлиб, бу туҳфа Диний идоранинг ҳар бир ходимидан ўз ишига янада масъулият билан ёндашишга, жонбозлик кўрсатишга, фидойи бўлишга, фаолиятини замон талаблари асосида яна бир бор кўздан кечириб, бор имкониятини, куч-ғайратини сафарбар этиб ишлашга ундайди.
Маълумот ўрнида, Диний идоранинг Қорасарой кўчаси 47-уй манзилидаги биносида Фатво маркази, Ҳаж ва умра маркази, Қуръон ва тажвидни ўргатиш, Молиявий назорат ва таҳлил, Хўжалик, Ахборот-таҳлил бўлимлари, Бухгалтерия, студия, Фахрийлар кенгаши ҳамда фуқароларни қабул қилиш каби йўналишлар ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати