Бугунги кунда фолбин, сеҳргар ва мунажжимларнинг жамиятимизга келтираётган зарари фақат одамларнинг вақти, соғлиги, моли ва ҳаракати бекорга кетаётганлиги билан чегараланиб қолмайди. Бу зарар ундан ҳам катта, айтиш мумкинки, улкан зарарларга олиб боради. Бу зарарларнинг энг кичиги одамлар ўртасида душманлик руҳи, ишончсизлик тарқатишдир. Зарарлар силсиласи охири бориб энг катта нуқтага – бидъат, хурофотлар, турли хил бузуқ ақидаларнинг натижаси ўлароқ, куфрга, ширкка бориб етади.
Фолбинларга ва фол кўрувчиларга шаръий китобларимизда коҳин ва арроф деб ном берилган. Коҳин баъзи сир нарсаларни, тўғрироғи, ғойибни билишни даъво қилади. Унинг баъзи айтганлари тасодифан тўғри чиқиши ҳам мумкин, аммо аксарият фоллари нотўғри чиқади. Тасодифан тўғри чиққан гапини ўзи ҳам, одамлар ҳам такрор-такрор айтиб юрадилар. Нотўғри чиққан фоллари ҳақида эса, сўз юритмайдилар. Натижада коҳин кишиларга ғайб нарсаларни биладиган бўлиб кўринади. Коҳинлар ўзларининг жинлар билан алоқаси борлигини ва уларга хабарларни жинларнинг айтишини даъво қиладилар.
Арроф ҳам худди коҳинга ўхшайди. Уламолардан Имом Бағавий: “Арроф-турли ишларнинг сабабларини билишни, йўқолган нарсанинг қаерда турганини, ўғирлаган нарсани ким ўғирлаганини ва шунга ўхшаш нарсаларни билишни даъво қилувчидир”, дейдилар. Албатта, фолбинлар кўпроқ келажакда рўй берадиган ишларни билишларини даъво қиладилар. Бу эса, шариат ҳукми бўйича куфр ҳисобланади. Чунки ғайбни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Ким уни билишни даъво қилса, кофир бўлади. Шунингдек, фолбинликнинг бошқа турлари ҳам бор. Булардан учтасини Имом Насаий Қутн ибн Қубайсадан у киши эса ўз оталаридан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам баён қилганлар: “Чизиқ чизиб, тош билан ва қуш билан фол очиш Аллоҳдан бошқага ибодат қилишдандир”. Ўша вақтларда турли чизиқларни чизиб, шунингдек, майда тошларни ташлаб, уларни турли томонларга қимирлатиб фол очиш ҳоллари учраган. Қуш билан фол очиш эса, махсус боқилган қушлар орқали амалга оширилар экан. Фол очирмоқчи бўлган шахс бир ишни қилмоқчи бўлса ёки бунда иккиланиб қолса, фолчининг олдига келиб, пул бериб, ундан ўзи учун фол очиб беришини сўрар экан. Шундан кейин фолбин қушини олиб осмонга отар, қуш ўнг томонга учиб кетса ўша ишни қилиш, чап томонга учиб кетса қилмаслик, агар тўғрига учса, яна қайта фол очиш керак бўлар экан.
Фолбинликнинг булардан бошқа турлари ҳам бўлган. Қуръони Каримда сеҳр тўғрисида келган оятда эркакни хотиндан ажратувчи ишларни қилгувчилар ҳам сеҳргар эканлиги айтилган. Уламолар сеҳрни, келиб чиқиши маълум бўлмаган иш, деб айтадилар. Имом Насаий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки тугун тугиб унга дам урса, сеҳр қилган бўлади. Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади”, деб айтганлар. Қуръонда сеҳргарларнинг иши куфр эканлиги айтилган.
Фолбинлик, сеҳргарлик ва мунажжимлик бир-бирларига яқин нарсалар бўлгани учун ҳадиси шарифларда ҳам улар биргаликда зикр этилади. Деярли ҳар бир ҳадисда бундай инсонлар ва жамиятга нисбатан ўта зарарли бу маънавий жиноятлар каттадан катта гуноҳ, куфр ва ширк эканлиги қайта-қайта таъкидланади.
Имом Баззор Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қуш билан фол очса ёки қуш билан фол очтирса, ким сеҳр қилса ёки сеҳр қилдирса, биздан эмас. Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади”, деганлар.
Маълумки, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “биздан эмас” дейишлари жуда ҳам оғир ҳукмдир. У зотнинг “биздан эмас” деганлари “Мусулмонлардан эмас”, деганларидир. Демак, ҳадиси шарифда зикр этилган тоифадаги кишилар мусулмонлар сафидан чиқадилар. Фолбинга ишонган одам эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган Қуръонга куфр келтирувчидир. Шунинг учун ҳам фолбин ва сеҳргарликни касб қилиб олганларнинг гуноҳи жуда ҳам катта бўлади.
Сеҳрнинг нақадар катта гуноҳ эканлигини у билан бир қаторга қўйилган катта гуноҳлардан тушуниб олса ҳам бўлади.
Имоми Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Етти ҳалок этувчидан четланинг. Одамлар: “Улар нималар? Эй Аллоҳнинг Расули” – дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини емоқ, уруш куни қочиш ва ғофила, мўмина, покиза аёлларни зинода айблаш”, – дедилар. Маълумки, Аллоҳга ширк келтиришдан каттароқ гуноҳ йўқ. Ушбу ҳадиси шарифда инсоннинг ҳалокатига сабаб бўлувчи катта гуноҳларнинг ичида биринчи бўлиб айнан шу катта гуноҳнинг зикр қилиниши ҳам бежиз эмас. Ундан кейин, иккинчи ўринда, сеҳр туриши эса, сеҳргарлик қанчалик катта гуноҳ эканлигини яққол кўрсатиб турибди.
Хулоса қиладиган бўлсак, фолбинлик ва сеҳргарлик инсонлар ичида адоват ва душманчилик тарқатишидан ташқари мусулмонни иймонидан айиради ва ширк куфрга олиб боради. Эр хотиннинг ўртаси бузилиб кетишига сабаб бўлаётган, инсонни дунёсини ва охиратини хароб қиладиган бу маънавий жиноятлардан яқинларимизни огоҳ этайлик.
Эшонқулов Ўткир
Хатирчи туман “Мулла Хиёл”
масжиди имом хатиби ноиби