Ислом тарихиМақолаларФиқҳ

Ислом уламоларига нисбатан таъна тўқиш анъанаси қаердан бошланган?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Китоблардаги Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳга нисбатан айтилган таъналар қаердан пайдо бўлди? Аввалги маълумотларимизда айтганимиздек, булар баъзи ақийдавий ёки фиқҳий ихтилофлар сабабли пайдо бўлган. Албатта, инсоннинг табиатида бундай муаммолар бўлиши табиий, бироқ уларни яхшилаб ўрганиб, мағзини чақиш керак бўлади.

Айтиш жоизки, бу таъналарнинг аксарияти асоссиз гаплар, аниқроғи, тўғри бўлмаган маълумотлардир. Бу китоблар Қуръони Карим, «Саҳиҳул Бухорий» ёки «Саҳиҳул Муслим»дек эмас. Бу китобларга қўшимчалар қўшилган бўлиши мумкин. Қўшимча қўшишлар ўз вақтида жуда авж олган. Хоссатан, баъзилар китобларга ўзгариш киритишни, улардаги маълумотларни ўз ақийдаларига мувофиқлаштиришни лозим деб билишар эди. Бундай қилмишлар олдин ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Бунинг мисолларини тарихда ҳам, бугунги кунимизда ҳам етарлича топилади.

Одамлар китобларга ўзгариш киритишни, маълумотларни алмаштиришни ўзларига вожиб деб билишар эди. Баъзи одамлар яхши тарбия кўрмагани учун, одамлар ўзи ҳақида яхши гап айтмагани учун юраги ҳасадга тўлиб, «Нега мана бу имомга эргашилиши керак-да, бизга эргашилмайди?» қабилида иш тутар, имомлар ҳақида ҳар хил таъналар тўқиб ташлар эди. Бу эса дунё насибасини орзу қилишдан бошқа нарса эмас. Кофирлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида фақат дунёни деб Исломдан юз ўгиришган эди-ку! Буларнинг барчаси дунё матоҳига эргашиш туфайлидир. Барчага бирдек ибрат бўлиши учун бунга бир мисол келтириб ўтамиз.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг «Мезонул-эътидол» асарида ёзилган таржимаи ҳолларига қарайлик. Имом Заҳабий «Мезонул-эътидол» асарида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ичидан заиф дейилган кишиларни айтиб ўтган, яъни ҳадис илмида заиф дейилган одамлар ҳақида ёзган. Эътибор беринг: имом Заҳабий «Мезон» китобида ҳадис илмида заиф бўлган уламоларни келтирган. Мана шу «Мезон» асарида Абу Ҳанифанинг ҳам таржимаи ҳоллари бор, яъни Абу Ҳанифа «Мезон» асарида заифлар қаторида зикр қилинган. Имом Заҳабийнинг «Мезон» асарида-я! Хўш, бу китобда Абу Ҳанифанинг таржимаи ҳоли зикр қилиниши тўғрими? «Мезонул-эътидол» жарҳ ва таъдил илмида энг афзал, энг мўътабар асар ҳисобланади. Имом Заҳабий бу китобнинг муқаддимасида «Бу китобда уммат имомларининг бирортасини зикр қилмаганман», деган. Бу гапни Заҳабийнинг ўзи айтяпти. Унда нима учун бу китобда Абу Ҳанифа зикр қилинган? Ахир у зот бу умматнинг имомларидан ҳисобланади-ку? Имом Заҳабийдан кейин келганлар, хусусан, имом Суютий, имом Ироқий ва бошқалар ҳам «Имом Заҳабий бу асарда уммат имомларидан бирортасини зикр қилмаган», дейишган. Заҳабийнинг ўзи ҳам муқаддимада бу зотларни келтирмаганини айтяпти, ундан кейин келган имомлар ҳам «Заҳабий бу зотларни келтирмаган», дейишяпти. Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳнинг «Мезонул-эътидол» асари ҳақида машҳур илмий баҳслари бор бўлиб, бу тадқиқот кейинчалик у кишининг ўғиллари томонидан нашр қилинган. Шунингдек, шайхнинг «Рофъ ва такмил» асари ҳақида ҳам илмий баҳслари бор. У киши айтадилар: «Қайси шаҳарларга борсам, ўша шаҳарлардаги қўлёзма китоблар сақланадиган кутубхоналарга бораман. У ерда шайхлар қўлида ўқиб келинган «Мезонул-эътидол» асарининг ишончли нусхаларига қарайман. Бу нусхаларда мазкур кишиларнинг (яъни ҳадисда заиф дейилганларнинг) барчаси борлигини, лекин уларнинг бирортасида Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ҳақида бир оғиз ҳам гап айтилмаганини кўрганман».

Демак, бу китобнинг мавжуд нусхаларида, шайхлар қўлида ўқитилган ишончли нусхаларининг бирортасида Абу Ҳанифа ҳақида гап йўқ. Бу китобнинг Абдулфаттоҳ Абу Ғудда таҳқиқ қилган нусхаси нашр қилинган, лекин унда Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг таржимаи ҳоллари зикр қилинмаган.

Доктор Башшор Авводнинг «Таҳзибул-камол» асарига ёзган таълиқлари (иловалари) бор. У киши Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг таржимаи ҳолларида шундай деганлар: «Қўлимда имом Заҳабий ўз қўли билан ёзган «Мезонул-эътидол» асарининг нусхасидан кўчирма бор. Унда имом Абу Ҳанифанинг таржимаи ҳоли йўқ».

Лекин «Мезон» асарининг бугунги кунда нашр қилинаётган нусхаларида Абу Ҳанифанинг таржимаи ҳоли бор. Юз фоиз ишонч билан айта оламизки, Абу Ҳанифанинг таржимаи ҳоли ушбу китобнинг асл нусхасида мавжуд бўлмаган, чунки имом Заҳабийнинг ўзи муқаддимада «Бу китобда умматнинг имомларини келтирмаганман», деган бўлса, кейин келган уламолар ҳам буни таъкидлаган бўлса, муаллифнинг ўз қўли билан ёзилган нусханинг кўчирмасида бу таржимаи ҳол йўқ бўлса, кейин қандай қилиб қўшилиб қолиши мумкин? Уни ким қўшиб қўйган? Буниси ёлғиз Аллоҳга аён.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг