Янгиликлар

Муфтий ҳазрат: “Технология инсонни эмас, инсон технологияни бошқариши керак!”

Қоҳирада ўтказилган халқаро анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари илмий маъруза қилиб, анжуманнинг мавзуси ва муҳокама этилаётган масалалар юзасидан нутқ сўзладилар.

Муфтий ҳазратлари ўз чиқишида бугунги кунда сунъий интеллект жуда тез ривожланиб, унинг имкониятларидан иқтисодиёт, таълим, маданият, хизмат кўрсатиш ва медиа соҳаларида самарали фойдаланилаётгани, ўз навбатида унинг афзалликлари билан бирга зарарли томонлари ҳам борлигини, шу боис сунъий идрокни бошқариш, тартибга солиш ва назорат қилиш ҳозирги кунда жуда ҳам муҳимлигига урғу қаратдилар.

Маърузада сунъий интеллект инсон ҳаётига ўзининг ижобий ва салбий таъсирини кўрсатаётгани, жумладан, диний суҳбатлар ва мавъизаларни таъсирли роликлар орқали намойиш этиш ва керакли маълумотларни топишда жуда қўл келаётганини баён қилдилар. Бироқ баъзи инсонлар шаръий савол-жавоб, фатво олишда ҳам сунъий идрокдан фойдаланаётгани, ҳолбуки, бундай масалаларда ундан олинган жавобларга динимизга кўра, таяниб бўлмаслигини ҳужжат-далиллар билан келтириб ўтдилар. Зеро, шариатга кўра, фатво чиқариш фақиҳнинг бевосита иштирокини талаб этиши, қолаверса, масала сўровчининг ҳолатига, замонига, маконига, урф-одатларига ҳамда ижтимоий ва иқтисодий шароитларга қараб жавоб берилиши, бундай жиҳатларни сунъий интеллект мустақил равишда тўлиқ бажара олмаслиги кабилар билан изоҳланди.

Шунингдек, нутқда сунъий интеллектдан фойданиш мумкин бўлган соҳаларга алоҳида тўхталинди, хусусан, савол-жавобларни таҳлил қилиш, зарур маълумотларни топиш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, “ақлли шаҳар”, “хавфсиз шаҳар” ва “рақамли шаҳар” каби бир қатор йўналишларда  унумли фойдаланиш замонавий тараққиёт талаби экани мисоллар билан қайд этилди.

Анжуман иштирокчилари Муфтий ҳазратларининг сунъий идрок борасидаги хулосалари ҳар жиҳатдан асосли эканини эътироф этиб, тақдим этилган маълумотларга юқори баҳоладилар. Миср томони илтимосига кўра, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари анжуман тафсилотлари ҳақида интервью бердилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг