Янгиликлар

Миср президенти конференция иштирокчилари билан учрашди

Миср давлати раҳбари Абдулфаттоҳ ас-Сиси Ислом ишлари бўйича Олий Кенгаш томонидан ўтказилаётган халқаро анжуманнинг энг нуфузли уламоларини қабул қилди. Мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам иштирок этди.
Президент ўз сўзида бугунги таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, барқарорликни мустаҳкамлашда диний ташкилотлар ролини ошириш ҳамда Ислом дини моҳиятини ёйишда ижтимоий тармоқлар ва замонавий технологиялардан фойдаланишга урғу қаратди. Мана шундай конференциялар исломий қадриятлар билан рақамли келажак ўртасида кўприк вазифасини бажаришини изоҳлаш баробарида Ислом замон билан ҳамнафас дин эканини алоҳида қайд этди.
Мулоқотда бузғунчи ғояларга қарши тура оладиган, бунёдкорлик ва тараққиётга ҳисса қўшадиган баркамол авлодни шакллантириш, динни низо ва баҳс майдонига айлантиришдан сақланиш, халқларни адашган тоифалар таъсирига тушиб қолишидан муҳофаза қилиш долзарблиги таъкидланди.
Шу боис ҳам Миср етакчиси уламоларнинг вайронкор таълимотларга қарши туришдаги масъулиятини ошириш, Ислом маърифатидан ҳамжиҳатлик ва фаровонлик йўлида фойдаланиш муҳимлигига тўхталди. Бу борада, аввало, диний соҳа ходимлари фаолиятини ривожлантириш ва уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш зарурлигини билдирди. Шу билан бирга, масжидлар фақат ибодат жойи эмас, балки маърифат маскани сифатида фаолият юритиши кераклигини айтиб ўтди.
Учрашувда муборак динимизнинг эзгулик ва тинчликка чорлаш каби инсонпарварлик мақсадларини кенг тарғиб этиш, жамиятда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш ҳамда сунъий интеллект даврида турли соҳалар ривожланиши ва замонавий масалаларга биргаликда ечим топиш мавзуларида ҳам сўз юритилди.
islom.uz
Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг