Исломга қарши бўлган тоифалар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Улардан кўпларининг куфр келтирганларни валий – дўст тутганини кўрасан. Қасамки, уларга нафслари тақдим қилган нарса – Аллоҳнинг уларга ғазаб қилгани ва азобда мангу қолишлари қандай ҳам ёмон!» (Моида сураси, 80-оят).
Яҳудийлар доимо мусулмонларга қарши кофирлар билан тил бириктириб, ўзаро ҳамкорлик қилиб келганлар. Улар Набий алайҳиссалом вақтларида мушрикларни афзал кўриб, мусулмонларга қарши тил бириктириб, турли фисқу фасодлар қилганлар.
«Агар Аллоҳга, Набийга ва унга нозил қилинган нарсага иймон келтирганларида эди, уларни валий – дўст тутмас эдилар. Лекин улардан кўплари фосиқлардир» (Моида сураси, 81-оят).
Яъни, ўша яҳудийларнинг Аллоҳ таолога, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Қуръонга иймонлари бўлганида эди, улар кофирларни дўст тутмас эдилар. Ушбу оятда улар Аллоҳга ҳам иймонлари йўқликда айбланмоқдалар. Яҳудий ва бошқа аҳли китобларнинг «Биз мўминмиз» деган даъволари шу билан пучга чиқади. Уларнинг кўплари фосиқ эканликлари ҳам тасдиқланмоқда. Фосиқлик эса дин кўрсатган чегарадан четга чиқишдир.
Қуръони Карим янги жамият – исломий жамият қуриш, бу жамиятни турли бузуқ ақийда ва урф-одатлардан, ботил фаолиятлардан поклаш мақсадида тарбиялаб келди. Ушбу суранинг аввалида шу маънодаги кўплаб оятларни кўрдик. Энди эса ушбу сурада зикри келган ноисломий, жоҳилий ва тоғутга ибодат қилувчи уч тоифанинг – яҳудийлар, мушриклар ва насороларнинг мўмин-мусулмонларга нисбатан қандай муносабатда бўлишларини баён қилади:
«Яҳудий ва ширк келтирганларнинг иймон келтирганларга нисбатан одамларнинг энг адовати кучлиси эканини топасан. Улардан иймон келтирганларга дўстлиги яқинроғи «Биз насоролармиз», деганлар эканини топасан. Бу уларнинг ичида диний олимлар ва роҳиблар бўлганидан ва уларнинг мутакаббирлик қилмасликлари сабабидандир» (Моида сураси, 82-оят).
Бу уч тоифа мусулмонларга нисбатан муносабатда иккига бўлинади. Биринчиси – мусулмонларга нисбатан ашаддий адоватли тоифа бўлиб, улар яҳудий ва мушриклардан иборатдир. Иккинчи тоифа – бошқа кофирларга қараганда мусулмонларга нисбатан дўстлиги яқинроқ тоифа бўлиб, улар насоролардан иборатдир.
Оятдаги хитоб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёки ҳар бир тингловчига бўлиши мумкин. Мусулмонларга нисбатан ашаддий адоватли гуруҳнинг бошида яҳудийлар турибди. Улардан кейин мушриклар келмоқда. Тарих ушбу қуръоний ҳақиқат мўъжиза эканига кўп бор шоҳид бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пайтларида Исломга қарши турган тоифа яҳудийлар бўлди. Мушрикларни Исломга қарши урушга гиж-гижлаганлар ҳам улар эди. Шунингдек, мушриклар ҳам Исломга қарши ўзларидаги барча имкониятларни ишга солдилар. Кейинчалик ҳам яҳудийлар душманликларини яна ҳам ашаддийроқ шаклда давом эттирдилар ва эттирмоқдалар. Узун тарих саҳифаларини варақлар экансиз, Ислом динига, мусулмонларга қарши бўлган ҳамма душманликларда яҳудийларнинг қўли борлигини кўрасиз. Яҳудийлар бундай душманлик ишларда мушрикларга ҳам устозлик қиладилар. Уламолар «Яҳудий ва мушрикларнинг мусулмонларга қарши ашаддий адоватда бир жабҳада бўлишларининг сабаби уларни бирлаштирувчи баъзи бир сифатлар борлигидир», – дейишади. Бундай сифатларга кибру ҳаво, ўзини юқори тутиш, ўз қавми ёки жинсига мутаассиб бўлиш, моддий ҳаётга қизиқиш, шафқатсизлик каби сифатлар киради.
Шу билан бирга, оятда мўминларга дўстлиги яқинроқ тоифа ҳам борлиги айтилмоқда:
«Улардан иймон келтирганларга дўстлиги яқинроғи «Биз насоролармиз», деганлар эканини топасан».
Яҳудий ва мушрикларнинг мўминларга ашаддий адоватли бўлишларига сабаб нима экани оятда айтилмаган эди. Шунинг учун ҳам уларга нисбатан умумий ҳукм чиқди. Аммо насороларнинг мўминларга нисбатан дўстликка яқинроқ бир ўрин олишларининг сабаби уларда бир неча шартнинг борлигидирки, оятда ушбу шартлар санаб ўтилади:
«Бу уларнинг ичида диний олимлар ва роҳиблар бўлганидан ва уларнинг мутакаббирлик қилмасликлари сабабидандир».
Насоролар ичида диний олимлари бор, улар кишиларга масиҳий дини таълимотларини тушунтирадилар. Бу таълимотларда кишиларга ёмонлик қилмаслик уқтирилади, ўнг бетидан тарсаки еса, чап бетини тутиб бериш тарғиб этилади. Шунингдек, насоролар ичида роҳиблар бор. Улар тарки дунё қилганлар бўлиб, масиҳий жамоалар ичида таъсирлари кучлидир. Шу билан бирга, улар мутакаббир ҳам эмаслар.
«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди