Мақолалар

ДОКТОР МУҲЙИДДИН АВВОМА

#Шахсият

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Доктор Муҳйиддин Аввома 1976 йили Ҳалаб шаҳрида таваллуд топган. Отаси шайх Муҳаммад Аввома билан Мадинаи мунавварага келганида уч ёшда бўлган. Сўнг Мадинани ватан тутиб, барча таълим босқичларини ўша ерда таҳсил олган.

12 ёшида Қуръонни тўлиқ ёд олиб, олий санад билан ижозага эга бўлган.

Муҳйиддин Аввома ҳадис, фиқҳ ва усулул фиқҳ бўйича 3 та фан доктори унвонига эга.

Илмда отасининг йўлидан юриб, аввало, қадимий услуб – Қуръони каримни ёдлаш, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак суннатларини ўрганиш ва амал қилиш услубида, сўнг замонавий академик услубда давом эттириб, даврининг етук устоз ва олимларидан ақида, фиқҳ, усулул фиқҳ, ҳадис ва араб тили каби фанлардан мукаммал таълим олди.

Олим қатор илмий муассасалар раиси, таъсисчиси ва аъзоси ҳисобланади. Жумладан, “Инсониятга хизмат исломий илмий конференция”си раиси, “Имом Муҳаммад Қосим Нанутавий халқаро исломий мукофоти” ташкилоти таъсисчиси ва бош котиби, Малайзияда энг юқори илмий унвон – Малайзия Ислом университети илм курси устози мақоми бўйича падари бузруквори Муҳаммад Аввоманинг ноиби.

Халқаро Ислом фиқҳи академияси нашрга тайёрланаётган фиқҳий қоидалар энциклопедиясидаги ҳадис ва хабарларнинг тахрижи ва таҳқиқини ҳам доктор Муҳйиддинга топширган.

Малайзия Ислом университети қошидаги халқаро фатво ва илмий тадқиқотлар кенгашининг собиқ аъзоси.

Туркиянинг Ибн Халдун университети ҳадис ва ҳадис илмлари устози.

“Аввомия” ҳадис маркази таъсисчиси ва раиси. Бу марказнинг дунёнинг 17 мамлакатида шўъбалари бўлиб, ҳадиси шарифларни ўрганиш бўйича мутахассислар тайёрлаш билан шуғулланади.

Исломий илм ва тадқиқотларга ихтисослашган Истанбул “Дорул ҳадис” вақфи раиси ва таъсисчиси.

Ақида, тафсир, ҳадис, мусталаҳ, фиқҳ, усул, наҳв, шеър, тарих ва тарожим каби фанларга доир қатор китоблар ва рисолалар муаллифи. Баъзи китоб ва рисолалари қатор таълим муассасаларида дарслик ўлароқ ўқув режасига киритилган.

Отаси шайх Муҳаммад Аввомадан 35 йилдан буён фиқҳ, ақида, усул, ҳадис каби илмларни олиб келади ва у кишининг кўрсатмасига биноан қатор манҳажий китоблар билан танишиб чиққан. Отасининг қўлида таҳқиқ ва қўлёзмаларни ўрганиш бўйича узоқ йиллар давомида малака ҳосил қилган. Ибн Абу Шайбанинг “Мусаннаф” китобини тайёрлашда отаси Муҳаммад Аввоманинг асосий ёрдамчиси бўлган ва шундан кейин амалга оширилган барча илмий лойиҳаларда иштирок этган. Бугунги кунда отаси билан доимо бирга бўлиб, у кишининг илмларини тарғиб этиш ва тарқатиш ишларини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг