Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Булғор ислом академияси Илоҳиёт кафедраси ўқитувчиси Сайф ибн Али ибн Муҳаммад Али ал-Асрий 1975 йилда Яманнинг Ҳаж вилоятида таваллуд топган.
1979 йилда оиласи билан Жидда шаҳрига кўчиб келган ва ўн йил ўша ерда истиқомат қилган. Дастлабки диний таълим ва Қуръони каримдан сабоқларини айнан шу жойда олган.
1989 йили ватани Яманга қайтиб, илм таҳсилини давом эттирган. Шайх Абдулмажид Зиндоний раҳбарлик қиладиган “Имон” университетига ўқишга кирган. Шайх Сайф ибн Али ал-Асрий Шайх Содиқ ал-Ироқий, Шайх Мустафо Банжавий, Шайх Солиҳ Асмирий каби улуғ устозларда таълим олди.
2000 йилда университетнинг бакалавр босқичини тамомлаб, Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида магистратурани давом эттирган.
2001-2007 йиллар давомида Қатар фатво қўмитасида фаолият олиб борган.
2007 йилдан ҳозирга қадар Бирлашган Араб Амирликларининг фатво қўмитасида фаолият олиб бормоқда. Ушбу муддат орасида БААдаги Муҳаммад V университетида докторлик даражасини олган.
БАА пойтахти Абу Дабидаги Шайх Зойид университетида ҳам тўрт йил мударрислик қилган.
Доктор Сайф ибн Али ибн Муҳаммад Али ал-Асрий ҳазратлари кўплаб асарлар муаллифи саналади. Хусусан, “Яхши онг ва фуқароликнинг шаклланишида фатвонинг ўрни”, “Қурсалик олимлар ва уларнинг илм ва даъватдаги ўрни”, “Имом Мотуридийнинг сифат оятлари ҳақидаги манҳажи” “Имом Ашъарий ақида илмида уч босқичдан ўтганми?” “Замонавий фатволар билан боғлиқ муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари”, “Фиқҳ ва тасаввуф ўртасидаги робита ва унинг оила ва жамиятга таъсири” “Исломдаги мазҳабларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши” шулар жумласидан.
Айниқса олимнинг аҳли сунна вал жамоа ақидасини турли ботил ақидалардан ҳимоя қилиб ёзган “Ал-Қовлут-таам би-исбатит-тафвизи мазҳабаа лис-салафил-киром”, “Ал-Ашааъиро вал-Матрудия ҳум саводул-аъзам” асарлари долзарблиги билан алоҳида ажралиб туради.
Бугунги кунда Шайх Сайф ибн Али ал-Асрий Булғор ислом академиясида турли исломий фанлардан дарс бериб келмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати