Мақолалар

ШАЙХ АЛИ МУҲЙИДДИН ҚОРАДОҒИЙ

#Шахсият

Бутунжаҳон мусулмон уламолари уюшмаси раиси, Доха динлараро мулоқот маркази раиси, Қатар университети Шариат ва исломшунослик факультети профессори Шайх Али Қорадоғий 1949 йил Ироқ Курдистонининг Сулаймония вилоятига қарашли Қорадоғ минтақасида дунёга келган.

Дастлабки таълимни ўз юртидан олган. Қуръони каримни тўлиқ ёдлагач, Сулаймония шаҳрига амакиси Шайх Нажмуддин Қорадоғий, Шайх Мустафо Қорадоғий ва бошқа бир гуруҳ олимлардан илм ўрганиш учун борган. Сўнгра Бағдодда Шайх Абдулкарим Муҳаммад ал-Модаррис ва Шайх Абдулқодир Хатиб каби олимлар қўлида таҳсил олган. Қорадоғ минтақасидан Али Муҳйиддиндан ташқари Шайх Абдул Латиф ал-Кабир, Шайх Муҳаммад Нажиб Қорадоғий, Шайх Умар Қорадоғий, Шайх Мустафо Қорадоғий, Шайх Бобо Расул, Шайх Нуриддин, Шайх Нажмиддин, Шайх Зоҳид Холид Нақшбандий сингари жуда кўп уламолар етишиб чиққан.

Шайх Али Қорадоғий 1970 йилда Бағдоддаги Ислом институтининг бакалавр босқичини имтиёзли тамомлади. Шундан сўнг Имоми Аъзам куллиясида ўқишини давом эттиради ва у ерни ҳам муваффақиятли битириб чиқади. Кейин эса “Ал-Азҳар” университети Шариат ва қонун факультетида илм олишни давом эттиради ҳамда 1980 йилда Қиёсий фиқҳ бўйича магистатурани, 1985 йилда эса докторантура босқичини имтиёзли тамомлайди.

“Ислом шариати ҳамда фуқаролик қонунчилигида розилик асослари” докторлик ишида саккизта фиқҳий мазҳаб, шунингдек рим, инглиз, француз, миср ва ироқ қонунчиликлари тадқиқ этилган. “Ал-Азҳар” университети олимнинг мазкур ишини юқори баҳолаб, уни дунёнинг бир неча тилларида чоп этишни тавсия қилган.

1985 йилда доктор Али Қорадоғий Қатар университети Шариат факультети ўқитувчилари сафига қўшилди.

1990 йилда ушбу даргоҳда ёрдамчи ўқитувчи, 1995 йилда эса профессор унвонини олди.

Олимнинг молия, иқтисод, ислом фиқҳи каби йўналишларда 30 дан ортиқ китоблари, 100 дан ортиқ тадқиқотлари мавжуд. “Ислом банкларининг фиқҳи”, “Ислом суғуртаси (такофул)”, “Молиявий ҳуқуқлар ҳамда уларнинг амалий тадбиқлари”, “Жаҳон молиявий инқирози: сабаблари, оқибатлари – Ислом иқтисодиёти нуқтаи назаридан ечимлари”, “Биз ва бошқалар: Қуръон, суннат ва мувозанат қонунлари нуқтаи назаридан, тинчлик, уруш, озчилик ва кўпчилик ҳолатидаги мусулмоннинг бошқалар билан бўлган муносабати баёнига асосланган тадқиқотлар”, “Закотга доир замонавий фиқҳий масалалар”, “Замонавий тиббий масалалар фиқҳи”, “Ислом иқтисодиёти”, “Замонавий фиқҳий муносабатлар”, Имом Ғаззолийнинг “Васит” ва “Эй фарзанд” асарлари тадқиқи ва шарҳи шулар жумласидан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг