Жамоат намозига кеч қолган кишилар ўзаро келишиб, иккинчи жамоат бўлиб ўқишлари мумкинми?
Имом ва муаззини тайин қилинган ҳамда қавми бўлган масжидларда жамоат намози адо қилингач, бошқа одамлар иккинчи жамоат бўлиб, аввалги имомнинг меҳробида, азон ва такбир айтиб намозни адо қилишлари макруҳдир.
Имом Сарахсийнинг “Мабсут” номли китобларида қуйидагича келтирилган:
وَإِذَا دَخَلَ الْقَوْمُ مَسْجِدًا قَدْ صَلَّي فِيهِ أَهْلُهُ كُرِهَتْ لَهُمْ أَنْ يُصَلّوا جَمَاعَةً بِأَذَانٍ وَإِقَامَةٍ وَلَكِنَّهُمْ يُصَلُّونَ وُحْدَانًا بِغَيْرِ أَذَانٍ وَلَا إِقَامَةٍ
“Бир қавм (имом билан) намоз ўқилган масжидга кирса, улар учун у ерда азон ва иқомат айтиб, жамоат бўлиб намоз ўқиш макруҳ бўлади. Шунинг учун улар азон ва иқоматсиз ёлғиз-ёлғиз намоз ўқишади”.
Бу мавзуда Аллома ибн Обидийн бундай ёзадилар:
وَعَنْ أَبِي يُوسُفَ إذَا لَمْ تَكُنْ عَلَى الْهَيْئَةِ الْأُولَى لَا تُكْرَهُ وَإِلَّا تُكْرَهُ وَهُوَ الصَّحِيحُ ، وَبِالْعُدُولِ عَنْ الْمِحْرَابِ تَخْتَلِفُ الْهَيْئَةُ كَذَا فِي الْبَزَّازِيَّةِ .وَفِي التَّتَارْخَانِيَّة عَنْ الْوَلْوَالِجيَّةِ : وَبِهِ نَأْخُذُ
“Имом Абу Юсуфдан нақл қилинади: “Агар кейинги жамоат олдинги жамоатнинг кўринишида бўлмаса, макруҳ саналмайди. Акс ҳолда эса, макруҳ саналади. Саҳиҳ гап шудир. Кейинги жамоатнинг имоми меҳробдан ташқарида туриши билан ҳайъат (кўриниш) ўзгарган бўлади. (“Баззозийя”). “Татархонийя” китобида “Валволижийя”дан нақл қилинишича, “Биз ушбу фатвони оламиз, дейилган” (“Раддул-муҳтор” китоби).
Мазкур ва бошқа китоблар ибораларига кўра, бир четда, кўпчиликни йиғиш учун бир-бирини чақирмасдан, азон ва такбир айтмасдан иккинчи жамоат бўлиши кароҳиятсиз жоиздир.
Муайян бир имом ва муаззини йўқ ҳамда қавми бўлмаган, йўловчилар учун қурилган масжид, шунингдек, аэропорт, вокзал, меҳмонхоналарда ташкил этилган намозхоналарда азон ва такбир билан иккинчи, учинчи жамоат бўлиб намоз ўқиш жоиз. “Роддул Муҳтор” китобида шундай бундай келган:
وَيُكْرَهُ تَكْرَارُ الْجَمَاعَةِ بِأَذَانٍ وَإِقَامَةٍ فِي مَسْجِدِ مَحَلِّهِ لَا فِي مَسْجِدِ طَرِيقٍ أَوْ مَسْجِدٍ لَا إِمَامَ لَهُ وَلا مُؤَذِّنَ
“Маҳалла масжидида азон ва иқомат билан иккинчи жамоат бўлиб намоз ўқиш макруҳ. Йўл бўйидаги масжидлар ҳамда муайян имоми ва муъаззини бўлмаган масжидларда макруҳ эмас”.
Ҳар бир мўмин имкон қадар намозларни масжидда асосий жамоат билан ўқишга ҳаракат қилиши лозим. Биринчиси бўлмаса, кейинги жамоатга улгураман, деган нотўғри тушунчадан узоқ бўлиш керак. Бу тушунча суннатга мутлақо хилофдир. Зеро, жамоат қанчалик катта бўлса, унинг савоби ҳам шунча улуғ бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.