СОН АВРАТ, УНИ БЕРКИТИШ ФАРЗ!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ َ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يُصَلِّ أَحَدُكُمْ فِي الثَّوْبِ الْوَاحِدِ لَيْسَ عَلَى عَاتِقَيْهِ مِنْهُ شَيْءٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз елкасида бир ози бўлмаган битта кийимда намоз ўқимасин», дедилар».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ривоятдан кийимнинг бир қисми елкада туриши тушунилади. Албатта, бу ерда ўша вақтдаги кийимлар ҳақида сўз бораётгани аниқ. У вақтда саҳобалар кийимлари озлигидан қийналганлар. Ҳозирда эса имкон бўлса, яхши кийим билан намоз ўқишга ҳаракат қилишимиз лозим.
عَنْ جَابِرٍ t قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُصَلِّي فِي ثَوْبٍ وَاحِدٍ مُتَوَشِّحًا بِهِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир кийимга ўраниб, икки тарафини елкаларига ташлаб олиб, намоз ўқиётганларини кўрдим».
Икки Шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Демак, ана шундай ҳолатда ҳам намоз ўқиш жоиз.
عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أُهْدِيَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَرُّوجُ حَرِيرٍ فَلَبِسَهُ فَصَلَّى فِيهِ، ثُمَّ انْصَرَفَ فَنَزَعَهُ نَزْعًا شَدِيدًا كَالْكَارِهِ لَهُ وَقَالَ: لَا يَنْبَغِي هَذَا لِلْمُتَّقِينَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ипак фарруж ҳадя қилинди. Бас, уни кийиб, намоз ўқидилар. Сўнгра бурилиб, худди уни ёмон кўргандек, шиддат билан ечдилар ва:
«Бу тақводорларга тўғри келмайди», дедилар».
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадис ровийси Уқба ибн Омир билан яқиндан танишиб олайлик.
Уқба ибн Омир ибн Наби Ансорий ас-Саламий аввалги Ақаба байъати, Бадр, Уҳуд ва бундан бошқа бир неча ғазотларда иштирок этганлар.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу Ямома кунида шаҳид бўлганлар.
«Фарруж» — олди очиқ яктакка ўхшаш кийим. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга турли ўлка ва диёрлардан кийимлар ҳадя қилинган. Унча кўп бўлмаса ҳам, шунга ўхшаш баъзи ҳадялар бўлган. У зотнинг Миср, Яман ва Ҳабашистондан ҳадя қилинган кийимларни кийганликлари маълум.
Бу ривоятдаги «фарруж» ҳам ажамларнинг кийимларидан бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кийиб, намоз ўқиганлар-у, аммо кейин ундаги камчиликларни мулоҳаза қилиб, бундай кийимни кийиш тақводорларга тўғри келмаслигини айтганлар.
Фарруж ипак матодан тикилгани ва унда намоз вақтида эътиборни жалб қиладиган нарсалар бор бўлгани учун дарҳол ечганлар.
Демак, намозда ана шундай кийимларни эмас, шариат кўрсатмаларига мос кийимларни кийган маъқул.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْفَخِذُ عَوْرَةٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сон авратдир», дедилар».
Бухорий, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилганлар.
Шарҳ: Эркак кишининг сони аврат саналади, уни тўсиб юриш, намозда беркитиш албатта, фарз.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.