«ИЙЯКА НАЪБУДУ»НИ АЙТА ОЛМАДИМ
Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўн-ўн икки ёшлардаги шогирди бўлар эди. Йигитча имомнинг илмий ҳалқаларида кўп қатнашар, унинг таъсирли суҳбатлари қалбидан жой олар, доимо олимнинг тавсияларига амал қилар эди. Бир куни имом Қуръон тиловатининг фазилати ҳақида гапирди. Йигитча суҳбатдан жуда таъсирланди. Шу кундан бошлаб, ҳар куни хуфтондан сўнг то бомдодгача ўтириб Қуръонни бошидан-охиригача хатм қила бошлади. Кундузлари эса рўзадор бўларди. Табиийки, бу риёзат давом этаверганидан унинг соғлигига салбий таъсир қила бошлади. Озиб-тўзиб кетди. Бу ҳолатдан хавотирга тушган йигитнинг ота-онаси, ўзини бунчалик қийнамаслигини сўрашар, йигит эса уларга парво қилмасди. У ҳар кеча Қуръонни хатм қилишда давом этар эди.
Шундан сўнг йигитнинг ота-онаси Имом Аҳмаднинг олдига бориб вазиятни тушунтиришди. Фарзандларининг соғлигидан хавотирда эканларини билдиришди.
Имом йигитчани чақириб сўради:
– Ўғлим, сен ҳар кеча Қуръонни хатм қилаётган эмишсан, шундайми?
– Ҳар доим эмас. Қиш кечаларида битираман. Ёзнинг кечалари қисқа бўлганидан хатм қила олмаяпман.
– Офарин! Ўғлим, бугун сен Қуръон ўқиётганингда ёнингда мени ўтирганимни тасаввур қил. Шундай ўқи.
– Хўп бўлади, – деди йигитча.
Эртасига йигитча келди. Имом сўради:
– Хўш? Бугун қанча ўқидинг?
– Устоз, ёнимда сизни тасаввур қилганимдан Қуръонни тез ўқий олмадим. Ўн беш пора ўқидим, холос, – йигитча хижолатли эди.
– Яхши, – деди имом. Бу кеча Қуръон ўқиётганингда, ёнингда Жаброил алайҳиссалом тургандек ўқи. Хўпми?
– Хўп бўлади!
Эртаси бомдоддан сўнг йигитча устозининг ҳузурига келди. Устози сўради:
– Бугун қаеригача ўқидинг?
– Устоз, бу кеча Жаброил алайҳиссаломнинг ёнида ўқигандек тиловат қилганим учун «Оли Имрон»гача ўқий олдим, холос. Бомдод бўлиб қолди.
– Баракаллоҳ! – имом жилмайди. – Энди бу кеча Қуръон ўқиётганингда, ёнингда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кузатиб тургандек ўқи.
– Хўп бўлади, устоз, – деди йигитча.
Эртасига йигитча имомнинг ҳузурига келди.
– Бугун қанча ўқидинг? – сўради имом.
– Устоз, бу кеча Расулуллоҳнинг ёнларида ўқигандек тиловат қилдим. «Фотиҳа»ни ўқидим. «Алиф, Лаам, Миим…» деб, у ёғини ўқий олмадим. Бомдод бўлиб қолди.
– Офарин! Офарин, ўғлим… Энди бу кеча шундай ўқигинки, оламларнинг Робби сени кузатиб турганини ҳис қил.
– Хўп бўлади, устоз!
Йигитча эртасига имомнинг ҳузурида пайдо бўлди. У жуда ҳаяжонда эди.
– Нима бўлди, ўғлим?
– Устоз, бу кеча ҳеч нарса ўқий олмадим. «Аъузу»ни айтдим. «Басмала»ни ўқидим. «Алҳамду лиллааҳи Роббил аъламийн» дедим. Ҳис қилдимки, оламларнинг Робби мени кузатиб турибди. «Ар-Роҳманир Роҳийм», дедим. Лекин «Ийяка наъбуду»ни айта олмадим. Унинг ҳузурида бу оятни ўқий олмадим. Тонггача бу сўзни айта олмадим. Ичимда шунча қусурларим бор экан, риёкорлик қилиб «Ийяка наъбуду», дея олмадим. «Фақат Сенгагина ибодат қиламиз», дея олмадим, – деди йигит.
Унинг кўзларида ёш тўла эди. Имомнинг мақсади ҳосил бўлган эди. Ўзи ҳам бундан таъсирланди…