Миср Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб тавсиясига асосан мамлакат президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси фармони билан ал-Азҳар мажмуаси ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари академияси Бош котиби Назир Муҳаммад Айёд Миср муфтийси этиб тайинланди.
Маълумот ўрнида, Назир Муҳаммад Айёд 1972 йилда Қоҳира шаҳрида туғилган. У ал-Азҳар университетида Усул ад-дин, Ақида ва фалсафа йўналишларида 1995 йилда бакалавр, 2000 йилда магистр даражаларини қўлга киритган. 2003 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, 2016 йилда профессор унвонини олган.
Меҳнат фаолияти давомида Ислом ва арабшунослик коллежи ўқитувчиси, декан ўринбосари ва ал-Азҳар Ислом тадқиқотлари академияси Бош котиби вазифаларида меҳнат қилган. У ал-Азҳар битирувчилари халқаро ташкилоти, ал-Азҳар илмий тадқиқот ходимлари касаба уюшмаси қўмитаси каби уюшмалар аъзоси ва кўплаб мукофотлар соҳиби ҳисобланади. Шунингдек, ўнлаб илмий мақолалар ва китоблар муаллифидир.