Аёллар саҳифасиМақолаларФиқҳ

СУРРОГАТ ОНАЛИК ЖОИЗМИ?

#Фиқҳ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

“Суррогат” сўзи лотинчадан олинган сўз бўлиб – “бошқасининг ўрнига қўйилган” деган маънони билдиради. Ҳозирда бизда кенг тарқалаётган “суррогат она” деган ибора ҳам ҳомиладор бўлиб, фарзанд туғишда онанинг ўрнига фойдаланилган аёл назарда тутилади. Бунда эрнинг спермаси ва хотинининг тухумҳужайрасидан бўлган эмбрионни ривожлантириш учун бошқа аёлнинг бачадонига ўтказилади. Кўпинча суррогат оналик пул эвазига, баъзан кўнгилли тарзда ҳам амалга оширилади.

(Шундай саволлар келади: “Синглимнинг 9 йилдан бери фарзанди йўқ, 3 марта ЭКО қилди, лекин бўлмади. Ҳозир соғлиги ҳам жойида эмас. Синглимнинг 2 тайёр эмбриони музлатилган, клиникада турибди. Мен опаси суррогат она бўлиб, синглимга боласини туғиб берсам бўладими? Пул ишлаб олиш ва бошка ғайр мақсад учун эмас, синглимга куйинганим учун шу йўлни танламоқчиман. Лекин Исломда мумкин бўлса агар”).

Ушбу амалиёт шариатимизнинг умумий қоидаларига кўра ҳаром саналади. Бунда уни пул эвазига бажариладими ёки кўнгилли тарздами фарқи йўқ. Чунки ушбу амалиётда эркак билан бачадони ижарага олинган аёлнинг ўртасида никоҳ бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни васф қилиб шундай деган:

﴿وَالَّذِينَ هُمْ لِفُرُوجِهِمْ حَافِظُونَ * إِلَّا عَلَى أَزْوَاجِهِمْ أَوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُهُمْ فَإِنَّهُمْ غَيْرُ مَلُومِينَ * فَمَنِ ابْتَغَى وَرَاءَ ذَلِكَ فَأُولَئِكَ هُمُ الْعَادُونَ﴾ (المؤمنون: 5 – 7)

яъни: “Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Кимки шундан ўзгани истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар” (Муъминун сураси, 5-7 оятлар).

Агар никоҳ бўлган тақдирда (масалан, ўша аёл эркакнинг иккинчи хотини бўлса) ҳам мазкур амалиёт ҳалол бўлмайди. Чунки бу насабларни чалкашишига олиб келади.

Шу ва бундан бошқа омилларни ҳисобга олиб, замонамизнинг барча уламолари, кўплаб фатво уюшмалари суррогат оналикни ҳаром эканига фатво берганлар. Жумладан, Ислом Олами уюшмаси қошидаги Ислом Фиқҳи Академияси 1402 ҳижрий (1982 милодий) йил ўтказилган йиғилишида ушбу амалиётни ҳаром деб қарор қабул қилган. Валлоҳу аълам.

Маълумот учун:

Лотин тилидаги “суррогат” сўзи ўзбекчада “бошқасининг ўрнига қўйилган” деган маънони билдиради.  Моҳиятига кўра, суррогат – бирор нарсанинг ўрнига ишлатиладиган, лекин унинг ўрнини боса олмайдиган, унинг хоссаларигагина эга бўлган нарсадир. Масалан, сахарин – қанднинг суррогати, у қанднинг хоссаларига эга бўлса-да, унинг ўрнини боса олмайди.

Дунёда суррогат оналик деган нарса пайдо бўлганига анча вақт бўлган эса-да, буни кўпчилик давлатлар қўллаб-қувватламайди. Чунки суррогат оналик инсониятнинг наслига хавф солади. Шу жиҳатини ҳисобга олиб  яқинда Туркияда суррогат оналик учун жиноят иши қўзғатиладиган бўлди.  Бу ташаббусни “Органларни ва тўқималарни ўстириш, сақлаш ва кўчириб ўтказиш” тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритиш тарафдори бўлган соғлиқни сақлаш вазирлиги илгари сурди.

Қонунни бузган шахслар 2 йилдан 5 йилгача қамалиши мумкин. Қонун лойиҳасида, асосан, ҳомилага олиб келадиган уруғлантирилган тухум ҳужайраларини суррогат онага жойлаштириш тақиқланиши кўзда тутилади.  Сунъий ҳомилага фақат, истисно тарзида қонуний никоҳда турган эр-хотинларга “учинчи шахснинг иштирокисиз” рухсат этилади (muslim.uz)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати www.fatvo.uz

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг