РЎЗАНИНГ ТУРЛАРИ
Рўзанинг турлари тўрттадир:
I. Лозим рўза.
Лозим рўза иккига: фарз ва вожибга бўлинади.
Фарз рўза ҳам иккига: тайинли ва тайинли эмасга бўлинади.
Тайинли фарз рўза – Рамазон рўзасини адо этишдир.
Тайинли бўлмаган фарз рўза – Рамазоннинг қазоси ва каффорат рўзасидир.
Вожиб рўза ҳам иккига: тайинли ва тайинли эмасга бўлинади.
Тайинли вожиб рўза – муайян назр рўзадир.
Тайинли бўлмаган вожиб рўза – мутлоқ назр рўза ва нафл рўзани бузган бўлса, қазони тутишдир.
II. Ҳаром рўза.
Бу турдаги рўзани ҳанафийлар: “макруҳи таҳримий” ҳам дейдилар. Бундай рўзалар бир неча хилдир:
1. Аёл кишининг эрининг изнисиз ёки розилигини билмай туриб нафл рўза тутиши.
2. Шак куни рўза тутиш.
3. Рўза ҳайити куни ҳамда Қурбон ҳайити ва ундан кейинги уч куннинг рўзасини тутиш.
4. Ҳайзли ва нифосли аёлнинг рўза тутиши.
5. Рўза тутса ҳалок бўлишини билиб туриб рўза тутган одамнинг рўзаси.
III. Ихтиёрий рўза.
Ҳанафий мазҳабида ихтиёрий рўза учта: суннат, мандуб ва нафлга бўлинади.
Суннат рўза – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бардавом тутиб юрган ихтиёрий рўза.
Ошуро ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунининг рўзаси суннат ҳисобланади.
Мандуб ёки мустаҳаб – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бардавом тутмаган ихтиёрий рўза.
1. Бир кун тутиб, бир кун очиб юриш.
2. Ҳар ойда уч кун рўза тутиш.
3. Ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиб юриш.
4. Шавволдан олти кун рўза тутиш.
5. Арафа куни рўза тутиш.
6. Арафадан олдин саккиз кун рўза тутиш.
7. Шаъбон ойида рўза тутиш
Нафл рўза – зикр қилиб ўтилганлардан бошқа тутишга тарғиб қилинган рўзалар.
IV. Макруҳ рўза.
Бу хилдаги рўзани ҳанафий мазҳабида макруҳи танзиҳий ҳам дейилади. Улар қуйидагилардир:
1. Ошуро кунининг ёлғиз ўзининг рўзасини тутиш.
2. Жума кунининг ёлғиз ўзининг рўзасини тутиш.
3. Шанба кунининг ёлғиз ўзининг рўзасини тутиш.
4. Наврўз куни рўза тутиш.
5. Меҳрижон куни рўза тутиш.
6. Ҳар куни рўза тутиш.
7. Гапирмасдан рўза тутиш.
8. Улаб рўза тутиш.
9. Мусофирнинг қийналиб рўза тутиши.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг
“Кифоя” китобидан.