МақолаларСавол-жавобларФиқҳ

ХАСТАЛАРНИНГ РЎЗАСИ

Савол: Рўза тутишга мажоли етмайдиган даражада қари ёки касал одамлар рўза тутолмаса нима қилади?

Жавоб: Жуда ҳам кексайиб, Рамазон рўзасини ва қазо рўзаларни тутишдан ожиз бўлганлар билан соғайишидан умид узилган хасталар рўза тутмайди. Агар фақир бўлишмаса, рўза ўрнига фидя беришади. Бир ҳадиси шарифда: “Рўза тута олмайдиган даражада кекса бўлган ва тузалишидан умид узилган хаста фидя беради”,- деб марҳамат қилинган. (Насоий)

Бу кимсалар фақир бўлмаса, ҳар куннинг рўзаси учун фидя беради. Фақир бўлса, фидя бермайди, дуо қилади. Фидя сифатида ҳар кун учун бир фитра ун берилади. Бир фитра миқдори 1750гр. Бир ойлик рўза учун 53 кг ун берса кифоя қилади. Ёки шунинг қийматича олтинни бир ойлик тутолмаган рўзасининг фидяси сифатида бир ёки бир неча фақирга Рамазон ойининг бошида ёки сўнггида бериши мумкин. Фақир олган шу фидяни ўзига ишлатиши ёки ўзгага ҳам бериши мумкин. Узрли одам фидя бергандан кейин рўза тута оладиган даражада соғайса рўзаларининг қазосини тутиб беради. (Наҳр-ул-фоиқ)

Хасталик, қарилик каби бир узр сабабли Рамазон рўзасини тутолмаган бой кишининг мана шу узрли ҳолати ўлгунига қадар давом этадиган бўлса, фақирларга таом беришни васият этади. Валиси унинг тута олмаган ҳар бир кун рўзаси учун фақирларга фидя беради. (Бадойи)

Савол: Рўза тутолмаган хаста фидяни қайси вақтда беради?

Жавоб: Рамазон ойининг ичида беради.

Савол: Соғлиги яхши бўлмаган одамнинг рўза тутиши гуноҳ бўладими?

Жавоб: Рўзанинг бир қанча касалликларга фойдали эканлиги тиббиёт мутахассислари тарафидан аниқланган. Ҳадиси шарифда: “Ҳамма нарсанинг закоти бор. Баданнинг закоти рўзадир” -деб марҳамат қилинган.

Закоти берилган мол кирлардан тозалангани, таҳликалардан ҳимоялагани каби рўза тутган одам ҳам вужудини касалликлардан ҳимоялаган бўлади. Бир ҳадиси шарифда: “Соғлиққа етишиш учун рўза тутинг!”- деб буюрилган. (Табароний)

Ошқозонида ёки бошқа ерида бирон касаллиги бор одамлар хастаман деб рўза тутмайдилар. Рўза тутишнинг ўзига зарари бор ёки йўқлигини билмаган хаста солиҳ ва мутахассис бўлган бир доктордан сўрайди. Бу доктор “Рўза тутиш сенга зарар” деса рўзасини қазога қолдиради. Солиҳ бўлмаган докторнинг сўзи билан ҳаракат қилинмайди. Дори қўлланадиган беморлар ҳам докторнинг тавсиясига қараб дориларнинг миқдорини саҳар ва ифторга мослаб рўзаларини тутиши мумкин. Рўза тутишга моне бўладиган касаллик жуда кам. Шу сабабдан солиҳ бир доктордан сўрамасдан туриб, рўзани қазога қолдирмаслик керак!

Савол: Қанд касаллиги билан хаста бўлган одам рўза тута оладими? Ҳомиладор ва эмизикли фарзанди бор аёл рўза тутмаслиги мумкинми?

Жавоб: Қанд касаллиги турлича бўлади. Солиҳ бир доктор рўза тутолмайди деса, рўза тутмайди, ўрнига фидя беради. Ҳомиладор ва эмизикли фарзанди бор аёл заиф бўлса, рўза тутмайди. Аҳволи яхшилангач, қазосини тутади.

Бир кимса рўза тутиш унинг соғлигига қандай таъсир қилишини билмайди, чунки баъзан рўза тута оламан деб, тутади ва хасталиги ортади. Ёки аксинча рўза тутолмайман дейди-ю лекин рўза тутиш унга фойдали. Шунинг учун хаста бўлган одам рўза тутмоқчи бўлса ҳам, тутмайдиган бўлса ҳам, солиҳ бир доктордан сўраб, унинг тавсияси бўйича амал қилиши керак. Ҳадиси шарифда: “Беморлар, боласига зарари тегишидан қўрққан ҳомиладор аёллар, рўза тутишга кучи етмайдиган кекса кишилар, рўза тутса ўлиб қолишидан қўрққан жуда ориқлар рўза тутмайди”,- деб марҳамат қилинди. (Дайламий)

“Ҳомиладор ва эмизикли болалари бор аёллар ўзи ёки фарзандининг соғлигига бирон зарар тегадиган бўлса, рўза тутмайди.” (Бухорий, Абу Довуд)

“Аллоҳу таоло ҳомиладор ва эмизикли боласи бор аёлга рўза тутмаслик учун рухсат берган.” (Абу Довуд, Термизий, Насоий)

Савол: Бир ҳомиладор аёл “Рамазонда рўза тутмаслик ҳаром экан” деб рўза тутиб, ўзини ва туғиладиган фарзандини хавф-хатарга қўймоқда. Шу иши тўғрими?

Жавоб: Мусулмон, солиҳ ва мутахассис бир доктор рўза тутма деса, унинг сўзи билан амал қилиш мумкин. Кофир ёки фосиқ докторнинг сўзи билан рўза бузилмайди.

Савол: Холамнинг буйрагида тош борлиги учун доктор унга давомли сув ичишини айтган. Агар фидя бериши керак бўлса қанча ва нима бериши керак? Бу фидяни менга берса ҳам бўладими?

Жавоб: Рўза тута олмайдиган даражада хаста бўлса 30 кунлик рўза учун 53 кг ун беради. Ёки ун қийматини олтин билан беради. Агар сиз фақир бўлсангиз сизга ҳам бериши мумкин.

Савол: Юрагимда касаллик бор. Одатда рўза тута оламан. Фақат ҳозир юрак кризисидан хавотирдаман. Рўза тутмай, фидя берсам бўладими?

Жавоб: Рўза тута оладиган кимсанинг фидя бериши жоиз эмас. Юрак оғриганда кўксига таркибида нитродерми бор бир дори (ТТН) қўйилади. Бу дори теридан сингиб ўтади. Соғлом теридан ичига ўтгани учун рўза бузилмайди. Агар кризис бўлиб қолса, оғиз орқали ичиладиган дорилар қабул этиб, рўза бузилади. Яъни тута олганингизча тутишингиз керак.

Савол: Рамазонда соғлигим туфайли тута олмаган 10 кунлик рўзанинг қазосини кетма-кет тутишим керакми?

Жавоб: Кетма-кет тутишингиз шарт эмас. Имкон топганда тутишингиз мумкин.

Савол: Бир хаста дори ичиш учун рўзасини бузса, каффорат керак бўладими?

Жавоб: Керак эмас. Чунки динимиз билдирган бир узр билан, яъни зарурат билан рўза бузилганда фақат қазо қилади. Лекин арзимайдиган нарсалар баҳона қилиниб рўза бузилса, каффорат керак бўлади.

Савол: Депрессия ҳолида ўзи билмасдан рўзасини бузиб қўйса, каффорат керак бўладими?

Жавоб: Имсок вақтидан кейин азон ўқилаётганда ўзингиз билмаган ҳолда рўзани бузиб қўйган бўлсангиз фақат қазо қилинади. Агар рўзани бузаётганингизни фаҳмлаб турган бўлсангиз каффорат ҳам керак бўлади. Депрессия ҳолатида ўзини билмай бузиб қўйиб кейин фарқига борса, унда фақат қазо керак бўлади.

Савол: Укол билан тишини олдиргандан кейин “Рўзам бузилди” деб ичиб-ейишда давом этган одамга каффорат керакми?

Жавоб: Каффорат эмас, қазо қилиш керак бўлади. Бирон хасталик сабаби билан игна санчилганда рўза бузилади ва ёлғиз қазоси тутиб берилади. Рўза бузилгандан кейин еб-ичиш каффоратни тақозо қилмайди.

Савол: Ўлим тўшагида ётган рўзадорга сув бериш керакми?

Жавоб: Рўзадор ҳолида жон таслим қилиши афзалроқ.

Савол: Очликка ва чанқоққа чидай олмагани учун қазо рўзасини бузса, гуноҳ бўлмайдими?

Жавоб: Агар чинакамига чидай олмагани учун бузса, гуноҳ бўлмайди.

Савол: Бир фақир олган фидясини бошқасига бера оладими?

Жавоб: Ҳа, бера олади.

Савол: Бир кимса соғлиги сабабли Рамазон рўзасини тутолмаса, тузалгач тутмоқчи бўлса ҳам, шу тутмаган рўзаларнинг фидясини бериш керакми?

Жавоб: Йўқ, қазосини ўтаб беришга кучи етадиганлар фидя беришмайди. Бордию фидя бериб қўйган бўлишса ҳам соғайиб кетгач қазосини ўташлари керак бўлади.

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг