Мақолалар

ТАРИХДАН: МУҲТАРАМ ШУАРОМИЗГА!

Истиқлол қаҳрамонларидан бўлган Ҳожи Муиннинг “Танланган асарлар”идаги қуйидаги мақоласини ўқиб, инсон беихтиёр “бу мақола бугун учун ёзилганми?”, деб айтиши муҳаққақ. Дарҳақиқат, 1913 йил ва 2021 йил орасида бир асрдан ортиқ вақт ўтса ҳамки, бу масала – шоирларнинг маддоҳлиги, фаҳш ва беодоб шеърлари кўпайгандан кўпайганки, камайгани йўқ. Аллоҳ инсоннинг ақл юритиши учун дунёни гўзал қилиб, унда тоғу-тошлар, манзараларни яратиб қўйди. Ақли салим инсон бу кабилардан иборат олиб, уларнинг бир Яратувчига далолат қилиши, дунёнинг ўткинчи экани ҳақида ўзининг шоирона истеъдодини қўлласа жоиз. Ва лекин Ҳожи Муин айтганидек, истеъдодини нотўғри йўлга ишлатса, гуноҳ йўлга қадам қўйиши бешакдир. Қуйида ўша – бир асрдан ошиқ “умр кўрган” мақолани диққатингизга ҳавола қиламиз: 

(Тўғри сўзлар сўзларам мумкин қадар,
Хоҳ онам ранжисун, хоҳи падар).

Ухлаб қолган кишиларни бошлаб мулойим овоз ила уйғотмоқ одобдандур. Садо кифоят этмаганда мутлақо туртиб уйғотмоққа мажбурият кўрилур. Мен ҳам ушбу қоидани риоя қилуб, аҳволи олам ва иқтизои замондин оз хабарлик муҳташам шоирларимизни уйғотмак нияти хайри-насиҳат ила товуш чиқармоқчи бўлдум. Аммо биравга насиҳат берурга ёки туртиб ранжитмоқға асло ғаққим йўқдур. Маълумки, дунёда ҳар бир илм ва ҳунарни фойдали мақсадга етмоқ учун ўрганурлар. Диний ёки дунёвий фойдаси бўлмаган илм ва фанни таҳсил этмок йўлига ақли бор одам ҳеч вақт азиз умрини сарф қилмас. Эмди шеър масаласида келсак, бу фан шаръан мазмум бўлмаса керак. Чунки асри саодатда ҳам асҳоби киром ичида машҳур шоирлар бор эди. Ва аларни шеър иншодидан ислом ман қилмабдур. Ҳатто Аҳзоб муҳорабаси бошланмасдан бурун Мадинаи мунаввара атрофинда «хандақ» қазмоқ асносинда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларида Абдуллоҳ бин Равоҳанинг шеърини ўқиб биззот туфроғ тошигонлари ривоят ўлинмушдур.

Яна бир неча жиҳатдан шеърнинг таъсир ва фойдасини-да инкор қилиб бўлмас. Чунончи, муҳофизаи тил ва адабиёт ва миллий ҳиссиётни қўзғотмоқ ва бошка важҳлар учун шеърнинг келтурадурган фойдалари ниҳоятда кўбдир. Лекин бир неча асрдан бери бошқа санъатларимиз каби фани шеърга ҳам суистеъмол қилиниб, алалхусус бу замонда шеър, таърифи хатту ҳол тавсифи май ва жом ё тамаъгарона майддоҳиёт ва ғаразгарона ҳажвиётдан иборат бўлуб қолди. Мана шул сабабли ахлоқи омма бузулуб, жавонбозлик феъли ва шаробхўрлик одати халқ кўзига мубоҳ даражасида келди.

Халқ ашъори фисқия ва ё ҳажвиядан лаззат олатурган бўлуб ахлоқи диния таъсир қилмас. Эмди умид қилурмизки, бир мундан сўнг фазилату шуаромиз (бир-икки зот истисно) ошиқона шеър ва ҳажвомез назм иншод этмакдан воз кечуб, замонаға мувофиқ фанний, миллий ва ахлоқий шеърлар иншод этарга киришсунлар. Токи, бу сабабдан бутун мустақбал авлодимизнинг ахлоқлари тузула бошлаб, миллий ҳислари ва ахлоклари тузалсун. Шунинг ила дин ва миллат, илм ва маданият йўлида қадам босиб фойдали ишлар ишласунлар. Миллий шеърларнинг намунасини кўруб истифода этмак учун: Абдулҳақ Ҳомид, Тавфиқ Фикрат, Муҳаммад Ҳодий ва марҳум Абдулла Тўқаев каби шуарои асримизнинг ашъорини олдуруб мутолаа қилинса, ибрат олинмоқиға шубҳа йўқдур.

(Меҳрий, бу тўғри сўзинг қаттиғ эрур,
Оре нофеъ дору ҳам аччиқ эрур).

«Ойна» журнали, 1913 йил, 9-сон

Олимжон Аллоҳқули тайёрлади.

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг