Мақолалар

МАНГУЛИК – АЛЛОҲГА ХОС

Муносабат

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари умр ҳақида бундай ёзган эдилар: «Умр инсонга берилган неъматлар ичра энг қадрлисидир. Кунлар кетидан ҳафталар, ойлар, йиллар ўтиб боряпти. Инсон умри чекланган. Шу боис уни ғанимат билиб, манфаатли ишларга сарфлаш зарур. Чунки ўтиб кетган вақтни ортга қайтаришнинг сира иложи йўқ.

Акани укадан, отани боладан, онани қиздан, бойни молдан жудо қилиб, ҳаёт лаззатларини кесадиган ўлимни эсда тутиш ва шунга яраша Аллоҳ розилиги учун ҳаракат қилиш кишининг умрига барака киритади…»

Муфтий ҳазратлари ўзларининг ана шу сўзларига амал қилиб яшадилар. Афсуски, ўлим у кишини биродарларидан, фарзандларидан, барча яқинларидан жудо қилди.

Инсон умри қанча яшалгани билан эмас, балки қандай яшалгани билан аҳамиятлидир. Чунончи, Абдураҳмон ибн Абу Бакра розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулуллоҳ, қайси инсон яхши?” деб сўради. У зот: “Умри узун ва хайрли амаллари кўп бўлган киши”, деб жавоб бердилар» (Имом Термизий ривояти).

Ярим асрга тенг Аллоҳ таолонинг ҳаниф дини хизматида бўлиш – катта шараф, улкан бахт ва саодатдир. Ана шундай бахт ва саодатни қўлга киритган улуғ олим, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, шайх Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратлари оғир хасталикдан сўнг Раббимиз ҳузурига риҳлат қилдилар.

Ҳазратнинг ҳаёт йўлларига назар солсак, у кишида мўмин-мусулмонлар учун намуна бўладиган сифатлар, хислатлар, фазилатлар жуда кўп эди. Айниқса, ҳалимликлари, ҳар бир масалани ётиғи билан тушунтириб, мулойим муомала қилишлари биз учун ибратдир.

Ҳалимлик Расулимиз алайҳиссалом мақтаган хислатлардандир. У зот: “Албатта, Аллоҳ таоло мулойимликни яхши кўрадиган Ҳалим зотдир. У мулойимлик (соҳибига)ка қўполлик ва ундан бошқа нарса (хислат)ларга берилмайдиган нарса (ажр-мукофот)ни беради”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Усмонхон Алимов ҳазратлари 15 йил муфтийлик қилган бўлсалар, ўша даврда юртимизда диний-маърифий соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Кўплаб масжидлар очилди, мадрасалар фаолияти йўлга қўйилди. Биргина сўнгги уч-тўрт йилда пойтахтимизда бунёд этилган, қайта қурилган ўнлаб масжидларда бугун мўмин-мусулмонларимиз эмин-эркин. Яйраб-яшнаб ибодат қилишмоқда.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо айтади: «Илм кўтарилмасидан бурун уни ўрганинглар. Илм олимларнинг вафоти туфайли кўтарилади. Жоним қўлида бўлган Зотга қасам, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлган кишилар (қиёмат кунида) олимларга берилган каромат-даражаларни кўриб: “Кошки бизни ҳам Аллоҳ олим қилиб тирилтирса”, деб орзу қиладилар. Зеро, ҳеч ким олим бўлиб туғилмайди. Илм ўрганиш таълим олиш билан эгалланади».

Муфтий ҳазрат умрини илм олишга ва маърифат тарқатишга бағишлаган олим эди, десак янглишмаймиз. У киши таълиф этган “Тафсири ирфон”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Расулуллоҳ мўъжизалари”, “Имом Бухорий баракоти”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ёшлар – келажагимиз”, “IX–XI асрларда Самарқанда калом илмининг ривожланиши”, “Суннат ва ҳадис” каби кўплаб китоблари муқаддас динимизнинг соф ақидасини, асл мазмун-моҳиятини юртимиз мўмин-мусулмонларига етказишда асрлар оша муҳим манбалар бўлиб хизмат қилади, иншоаллоҳ.

Ҳадиси шарифда: “Қайси бир мусулмоннинг сочи Исломда оқарса, унга ҳар бир оқ тола баробарида савоб ёзилади ва бир хатосини ўчирилади” (Имом Абу Довуд ривояти), дейилган.

Муфтий ҳазратлари коронавирус пандемияси туфайли вазият қалтис бўлиб турганига қарамасдан, атрофига уламоларни йиғиб, халқимизга, мўмин-мусулмонларга Исломнинг соф таълимотни етказиш, юртимизнинг чекка ҳудудларида яшаётган аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг дарду ташвишларини тинглаш, имкон қадар уларга ёрдамлашиш мақсадида сафарлар уюштирдилар.

Водий вилоятларига сафарлари давомида маҳаллама-маҳалла юриб, хонадонларга кириб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларга “Вақф” фондининг совғаларини улашдилар. Ана шу хайрли амаллар туфайли қанчадан-қанча оилалрга қувонч кирган бўлса, бугун оғир жудоликни эшитиб ана шу оилалар, бутун Ўзбекистон халқи катта уламосидан айрилгани туфайли қаттиқ қайғуга чўмди.

На чора, жоннинг эгаси Аллоҳ таоло. У Зот хоҳлаган пайтда омонатини қайтариб олишига шубҳа йўқ. Бизга таскин берадиган жиҳати шуки, Усмонхон Алимов ҳазратларидан халқимиз учун жуда ката садақаи жорий қолди.

Муфтий ҳазратлари жуда кўпчилик мўмин-мусулмонларнинг,  олимларнинг жанозаларини ўқиганларида бир сўзни кўп такрорлар эдилар: “Ал-бақоу лиллаҳи ваҳдаҳ”, яъни боқийлик, мангулик ёлғиз Аллоҳ таолога хосдир.

Аллоҳ таоло марҳум устозимизнинг бу дунёда қилган барча хайрли ишларига ажру савобларни кўпайтириб берсин. Охиратларини обод қилиб, у кишини набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар билан жаннатларда бирга қилсин. Ўзи ваъда қилган мукофотлар билан сийласин!

Иннã лиллаҳи ва иннã илайҳи рожиуън!

 

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг