МУФТИЙ ҲАЗРАТЛАРИНИНГ ҲОЛАТЛАРИ БАРҚАРОР
Шу кунларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломатликлари ёмон эканлиги тўғрисида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон мусулмонларпи идораси матбуот хизмати мазкур хабарларни асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Айтилишича, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломатликларини яхшилаш учун навбатдаги даволаниш муолажалари амалга оширилмоқда. Малакали тиббиёт мутахассислари ва шифокорлар томонидан муфтийнинг соғлиқлари мунтазам кузатиб борилмоқда ҳамда даволаниш босқичлари ўтказилмоқда.
«Аллоҳ таолога шукрки, айни пайтда муфтий ҳазратларининг сиҳатлари барқарордир. Одамлар орасида ҳар хил асоссиз ва воқеликка тўғри келмайдиган ёлғон хабарларни тарқатиш муборак Ислом динимизда гуноҳ саналиши, қонунчиликда эса жавобгарликка сабаб бўлишини яна бир бор эслатамиз» дейилади хабарда.
«Ислом ота» жомеъ масжиди жамоаси Аллоҳ таолодан муфтий ҳазратларига комил шифо сўрайди.