«Ҳилол» журналининг жорий йилги май сони
«Ҳилол» журналининг жорий йилги 5-сонида сиз бир-биридан қизиқарли мақолаларни ўқишингиз мумкин.
Қуйида ана шу мақолалардан қисқача парча келтирамиз.
Билувчи сўзламайди, сўзловчи билмайди
Яқинда устозлардан бири зорланиб қолди: «Ҳозирги ёшлар жуда эътиборсиз, лоқайд бўлиб кетяпти, куйиб-пишиб гапираман-у, ҳаммасининг хаёли бошқа ёқда, мени мутлақо эшитгиси келмайди». Ўйланиб қолдим: «Нега нотиқ ўз сўзини тингловчига етказа олмаётир? Нима учун устоз ўз фикрини талабасига уқтира олмаяпти? Не сабабдан хонадон бошлиғи гапини оила аъзоларига ўтказа олмаётир? Ҳозирги пайтда одамларнинг «гап уқмас» бўлиб кетаётгани сабаблари қаерда?»…
Содиқларнинг садоқатлари
«(Буни Аллоҳ) содиқлардан садоқатлари ҳақида сўраш учун қилди. Ва кофирларга аламли азобни тайёрлаб қўйди» (Аҳзоб сураси, 8-оят).
Ушбу ояти каримадаги «содиқлар» кимлар экани ҳақида тафсирчи уламоларимиз икки хил фикр айтишган. Бир гуруҳлари «Содиқлар пайғамбарлардир», дейишган, иккинчи бир гуруҳлари эса «Содиқлар пайғамбарларга содиқ бўлган мўминлардир», деб айтишган. Аслида бу икки маъно бир-бирини тўлдириб келади…
Ризққа қаноат қилинг
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрашди. Шунда у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрашди. Яна бердилар. Охири ҳузурларида ҳеч нарса қолмади. Шунда у зот: «Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмайман. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ неъмат берилмаган», дедилар» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти)…
Фазилатли зикрлар
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким: «Розийту биллаҳи роббан ва бил ислами дийнан ва бимуҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама росула», деса, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар. (Маъноси: Аллоҳни Роббим деб, Исломни диним деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим) (Абу Довуд ривояти)…
Маҳси, жавроб ва жабирага масҳ тортиш
1) Масҳ тортиш ва маҳсининг маъноси нима?
Масҳ тортиш – сув билан ҳўлланган қўлни бир нарсага суртиш.
Маҳси – икки оёқни тўпиқлари билан ёпиб турадиган оёқ кийими.
Маҳсига масҳ тортишнинг фарз бўлган миқдори маҳсининг болдирдан паст қисмига қўлнинг уч бармоғи миқдорича чизиқ тортишдир.
2) Масҳ нима?….
Саҳобалар ҳаётидан
Ҳазрати Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ансорлардан эди. Иккинчи Ақаба байъатида қатнашган, Бадрдан ташқари барча ғазотларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ёнма-ён жанг қилган қаҳрамон саҳоба эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу билан биродар тутинтирган эдилар. Каъб розияллоҳу анҳу Уҳуд жангида мислсиз қаҳрамонлик кўрсатган, ўн бир жойидан яраланганди…
Аср мужтаҳиди
Шайх Юсуф Абдуллоҳ Қарзовийнинг номини эшитмаган ёки билмаган аҳли илм бўлмаса керак. Бу киши замонамизнинг улуғ Ислом олими, «аср мужтаҳиди» номини олган ва исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир алломадир…
Бир кўза сув…
Чўл ўртасида бир фақир бадавий араб хотини билан чодирда яшар эди. Бир кеча хотини: «Бутун йўқсиллик, жафони биз чекмоқдамиз. Ҳамманинг умри фаровонлик билан ўтмоқда. Фақатгина бизлар фақирмиз. Нонимиз йўқ, қатиғимиз оз. Пиёламиз йўқ, сувимиз кўз ёши… Кундузи кўйлагимиз қуёш, кечаси тўшагимиз ой. Очликдан ойни нон дея хуружга тушамиз. Бу кетишда ҳолимиз нима бўлади?» дея ҳасрат қилди…
Ҳайвонларга меҳрибонлик
Бу мавзу биз яшаб турган замонга нисбатан ғаройиб бўлмаса-да, лекин Ислом ҳазораси ажойиботлари ҳақидаги мавзулар ичидаги энг гўзалидир. Инсоният ҳатто ҳозир ҳам меҳрибонлик, раҳм-шафқатдан бирор ҳиссани ҳайвонга нисбатан раво кўрмайди. Замондош айрим халқлар ҳалигача байрамларида, хурсандчилик ва риёзий ўйинларида ҳайвон ўлдириш билан кўнгилхушлик қилишади. Мана шу ерда Ислом ҳазораси ўзининг асослари ва воқелигида ўзидан олдин ёки кейин бирор ҳазора киймаган раҳмдиллик ва латиф инсоний шуур билан йўғрилган либоси билан юзага чиқди. Бу унинг ҳайвонотга меҳрибонлиги ва раҳм-шафқатлилигидир. Шундай раҳмдилликки, у эътиборни ўзига жалб қилади, таажжуб ва ҳайратни оширади…
Тўрт эшик ‒ тўрт мақом
Тўрт эшик… Тўрт эшикда тўрт мақом…
Сиз ўзингизни қайси эшик ёки мақомда деб ҳисоблайсиз? Келинг, бироз тафаккур қилайлик, қўлингиздаги қимматбаҳо телефонни қўйинг, ҳаётингизда бир марта бўлса ҳам эътибор қаратинг-чи, уят-хижолатдан юзимиз қизармасмикин? Айтайлик, бошингизга бирор ташвиш тушганда ёки эҳтиёжингиз бўлганда тақиллатган эшигингизни очувчи бормикин?…
Шунингдек, мухлислар журналда «Тарих» рукнида Шуайб алайҳиссалом ҳақида, Муслималар саҳифасида эса «Турмуш ва муҳаббат» мавзусидаги мақола билан танишиши ҳамда руҳшунос Умида Анварованинг тарбия ҳақидаги суҳбатларидан баҳраманд бўлиши мумкин.