ШЕЪРИЯТ: УМАРНИНГ ДЕГАНЛАРИ
Ўғлим, жигарпорам, менинг дилбандим,
Дунё ташвишидан сира ҳам куйма.
Келмасидан бурун кутилмас ўлим
Ўғлим, намозингни бой бериб қўйма!
Сенга йўл кўрсатмиш илоҳий Қуръон,
Пайғамбар суннатин айлагин қўрғон.
Гўзал боғ-роғингни босса ҳам тўфон
Ўғлим, намозингни бой бериб қўйма!
Ҳар бир солиҳ ишнинг оғири бўлмиш,
Ботини, ўртаси, зоҳири бўлмиш.
Динингнинг аввали, охири бўлмиш
Ўғлим, намозингни бой бериб қўйма!
Дунё ўйин қилар сени ҳар бир дам,
Гоҳи қайғудасан, гоҳида ҳуррам
Дунё саҳнасидан мағлуб чиқсанг ҳам
Ўғлим, намозингни бой бериб қўйма!
Одамлар дунёдан кетиб, келмишлар
Баъзан Аллоҳ берган умрин емишлар.
Пайғамбар «Кўзимнинг нури» демишлар
Ўғлим, намозингни бой бериб қўйма!
Савол-жавоб асли шундан бошланур,
Инсон қилганини албатта кўрур.
Осмонда фарз бўлган ибодат эрур –
Ўғлим, намозингни бой бериб қўйма!
Дунёда турфа хил тариқат ва йўл,
Бенамозлар тутган йўлдан нари бўл!
Байъат бермоқ бўлсанг, исломга чўз қўл –
Ўғлим, намозингни бой бериб қўйма!
Иффатли ва гўзал ҳаёт истасанг,
Саодатга сари сабот истасанг,
Қиёмат кунида нажот истасанг,
Ўғлим, намозингни бой бериб қўйма!
Эртага кеч бўлур, кўнгил бузолгум,
На бир мададкор, на ҳомий тузолгум
Бугун фақат ёрдам қўлин чўзолгум,
Ўғлим, намозингни бой бериб қўйма!