МақолаларФиқҳ

РЎЗАНИ БУЗМАЙДИГАН НАРСАЛАР

Агар рўзадор беихтиёр қайт қилиб юборса, рўзаси эсидан чиқиб, оғзини очиб юборса ёки эҳтилом бўлса, шаҳват билан қарагани учун манийси тўкилса, томоғига чанг, тутун ёки пашша кирса, рўзаси бузилмайди, қазосини тутмайди.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ : «ثَلَاثٌ لَا يُفْطِرْنَ الصَّائِمَ: الْحِجَامَةُ، وَالْقَيْءُ، وَالْاِحْتِلَامُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса рўзани очмайди: қон олдириш, қайт қилиш ва эҳтилом бўлиш», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Бошқа жинсдаги шахсга шаҳват назари билан қараб туриб манийси тўкилган кишининг рўзаси очилмаслиги бу ишда жинсий яқинликнинг сурати ҳам, маъноси ҳам йўқлиги учундир. Томоғига чанг, тутун ёки пашша кирганда рўза очилмаслиги эса бу нарсалардан сақланишнинг иложи йўқлиги учундир.
Агар тиш орасига кириб қолган нўхатдан кичикроқ нарса ютиб юборилса, рўза бузилмайди. Аммо ўша нарсани оғзидан чиқариб туриб, кейин еса, рўза бузилади, чунки оғизнинг ичида, тишларнинг орасида озгина таом қолиши мумкин. Бундай оз нарса тупукнинг ҳукмида бўлади. Аммо нўхат донасидек ёки ундан катта бўлса, рўзадор одам уни емаслиги, ютмаслиги керак.
Кичик нарсани, масалан, бир дона кунжутни чайнаб еса ҳам рўза очилмайди, чунки у чайнаганда майдаланиб, тишларига ёпишиб қолади ва қоринга ҳеч нарса етиб бормайди. Аммо ўша кунжутни бутунича ютиб юборса, рўза очилади.
Қайт қилганда қусуқ кўп бўлса ва ичга қайтариб юборилса, рўзани бузади. Бу имом Абу Юсуфнинг гаплари. Аммо имом Муҳаммад бузмайди деганлар ва бу гап амал учун қабул қилинган. Қорни тўйиб кетганидан еган нарсаси оғзига келиб, ўзи қайтиб кетса, рўза бузилмайди.
Одам ўзини мажбур қилиб қайт қилса, рўзаси очилади, чунки бунда рўзадорнинг ўз амали бор.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Мўминнинг_қалқони” китобидан

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг