ИСЛОМ БАРЧАМИЗНИКИ ЭМАСМИ? – 5
Нималар қила оламиз?
Нима иш қила олишимизни шу йўлда ўзимизни синаб қўриш билан бошласак бўлади. Бу йўлда бизнинг шуур ва завқу шавқимизни орттирадиган кишилар билан бирга ишлаб, улкан натижаларга эришишимиз мумкин. Бунда турли фитна ва ғаразли ташвиқотлари таъсирига тушиб қолмаслик чораларини ҳам кўришимиз керак.
Динимиз равнақи учун бир бурчакда ўтириб эмас, ҳар бир олаётган нафасимизда ҳисса қўшишни мақсад қилиб олишимиз керак. Мол-мулкимиз билан, куч-қувватимиз билан, ҳеч бўлмаганда дуоларимиз билан ҳисса қўшайлик.
Фарзандларимизга яхши тарбия бериб, илм-маърифатли қилишимиз ҳам дин йўлида қўшган муносиб ҳиссамиздир. Тўй-маъракалар, тадбирлар, ҳордиқ олишимизу саёҳатларимизни ҳам динимиз билан чамбарчас олиб боришимиз мумкин.
Ҳақиқат, шуки…
Қилишимиз керак бўлган жуда кўп иш бор. Ҳар бир ишнинг ўз мутахассиси ҳам бор. Барча инсонлар битта ишни қилишга мажбур эмас. Орамиздан кимдир ҳазрати Умар каби бўлиб, адолатга хизмат қилади, шижоатга тўлади. Яна кимдир ҳазрати Алий каби бўлиб, илмга шўнғийди, маърифат тарқатади. Кимдир ҳазрати Ҳассон каби бўлиб, шеърлари билан динимизга хизмат қилади. Яна кимдир қўлига супурги олиб, бир масжидни тозалайди. Кимдир эса мана шу ишларни қилаётганларнинг ҳожатини чиқаради.
Ухлаш ва ғафлатда бўлишдан бошқа ҳамма нарса бизга муносиб келаверади. Бзлмаса Аллоҳ бизга бу муборак Ислом юкини юкламас эди.
(давомли)
Олимжон МАЗАМОВ тайёрлади.