Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Инсоннинг аврат жойлари (яъни, шариатга кўра ёпилиши лозим бўлган уят жойлари) ва уни қаерда очиш мумкин-у қаерда очиш мумкин эмаслигини билиб олсак. Зеро, жумла уламолар иттифоқига кўра авратни бегоналардан ёпиб юриш шариат тарафидан фарзи айн амаллар сирасига киритилган.
Ҳанафийларнинг энг мўътабар фиқҳий матн китобида аврат жойлари ҳақида шуларни ўқиймиз:
وعورة الرجل من تحت سرّته الى تحت ركبته والأمة هذا مع ظهرها وبطنها والحرّة كلّ بدنها الا الوجه والكفّ والقدم
«Эркакнинг аврати киндиги остидан тиззаси остигачадир. Чўриники мана шу (киндик остидан тиззаси остигача) орқа ва қорни билан биргадир. Ҳур (озод ва эркин) аёлнинг аврати бутун баданидир. Магар, юзи, кафти (бўғимигача) ва қадами (тўпиғигача) аврат эмас». (Убайдуллоҳ ибн Тож уш-шариъа: «Мухтасар ул-виқоя», Қозон-1911 й., 12-бет.).
Демак, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мазҳабига кўра, эркакнинг аврат, яъни бегоналардан ёшириши лозим бўлган баданидаги жойлари киндиги остидан тиззаси остигача экан. Яъни, киндик аврат эмас, тизза ва унинг тепаси авратдир. Аёлларнинг юзи, кафти ва қадамидан ташқари бутун баданлари авратдир.
Фиқҳий матн китобларимизда келган юқоридаги жумлаларга Имом Дорақутний раҳимаҳуллоҳ Ато ибн Ясор раҳимаҳуллоҳдан, у эса Абу Айюб разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шариф далил бўлган. Унда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
ما فوق الركبتين من العورة وما اسفل من السرة من العورة
«Икки тиззадан юқориси авратдандир. Киндик остидан пасти ҳам авратдандир».
Яна Дорақутний раҳимаҳуллоҳ Амр ибн Шуайб раҳимаҳуллоҳдан, у эса отасидан, у эса бобосидан ривоят қилишича, Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам деганлар:
فانّ ما تحت السرّة الى ركبته من العورة
«Албатта киндик остидан тиззагача авратдир».
Мазҳабимизнинг машҳур китоби бўлмиш «ал-Ҳидоя»нинг муаллифи ривоят қилган ушбу:
الرُكبة من العورة
«Тизза аврат жумласидандир», деган ҳадиси шарифни Алий каррамаллоҳу важҳаҳудан Абу Ҳотам раҳимаҳуллоҳ ва Дорақутний раҳимаҳуллоҳ ривоят қилганлар.
Аёл кишининг эса жумла аъзоси яъни, юзи кафти ва қадамидан ташқари бутун бадани аврат эканлигига ватандошимиз, буюк муҳаддис Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ саҳоба Ибн Масъуд разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган:
المرأة عورة
«Хотин киши авратдир!» деган ҳадиси шариф ҳужжат сифатида кўрсатилади. Ушбу ҳадисга баъзан «мастуратун» яъни, «ёпиладиган» калимаси ҳам қўшиб айтилади.
Ана энди аврат жойларини кимга кўрсатиш мумкинлиги тўғрисида гап юритмоқчи бўлсак, албатта, яна «Мухтасар ал-Виқоя»га мурожаат қиламиз:
وينظر الرجل من الرجل والمرأة من المرأة والرجل سوى ما بين السرّة الى الركبة ومن محرمه وأمة غيره الى ما وراء الظهر والبطن والفخذ ومن الأجنبية والسيدة الى الوجه والكفين وشرط الأمْن عن الشهوة الا عند الضرورة كالقضاء والشهادة وارادة النكاح والشراء والمداواة وينظر الى موضع المرض بقدر الضرورة والى كلّ اعظاء من يحلّ بينهما الوطئ وما حلّ نظره حلّ مسّه
«Эркак эркакнинг, хотин хотиннинг ва эркакнинг киндигидан тиззасигача бўлган жойидан бошқа жойларига қарайди. Маҳрамининг ва бошқаларнинг чўрисининг орқаси, қорни ва сонидан бошқа жойларига қарайди. Ажнабий (ўз маҳрами ҳисобланмаган аёл-қизларнинг) ва (қул) саййидасининг юзи ва икки кафтига қараши мумкин. Назар солганда эса шаҳватдан холи бўлиши шарт қилинди. Магар, зарурат пайтида – ҳукм ўқиш, гувоҳликка тортиш, никоҳини хоҳлаш, савдо пайти, даволаш вақтида қараш мумкин. Зарурат миқдорида касалликнинг ўрнига қарайди. Ораларида жимоъ ҳалол бўлган кимсанинг ҳамма жойига қараш мумкин. Қараш ҳалол бўлган жойни ушлаш ҳам мумкин». (Убайдуллоҳ ибн Тож уш-шариъа: «Мухтасар ал-Виқоя», Қозон-1911 й., Китоб ал-кароҳиййат, 134-бет.).
Демак, эркаклар эркакларга хотинлар хотинларга киндикнинг остидан тизза остигача қарай олмайдилар. Юқорида тизза аврат эканлиги ўтди. Киндикнинг аврат эмаслигига яна бир саҳиҳ ҳикоят фиқҳ китобларимизда далил сифатида келтирилади. Буни Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ўз муснадида, Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ ўз саҳиҳида, Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ эса ўз сунанида Ибн Авф разийаллоҳу анҳуда, у эса Умар ибн Исҳоқ разийаллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Ул зотнинг ҳикоя қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг неваралари Ҳасан ибн Алий разийаллоҳу анҳу билан Мадина кўчаларидан бирида кетаётганларида уларга Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу йўлиқадилар. Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу унга, яъни Ҳасан разийаллоҳу анҳуга қараб: “Сизга фидо бўлай, менга қорнингизни очинг, уни бир ўпайин. Чунки уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўпганларини кўрган эдим” дейдилар. Ҳазрати Ҳасан разийаллоҳу анҳу қоринларини очганларида Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу унинг киндикларидан ўпадилар. Агар киндик аврат бўлганида Ҳазрати Ҳасан разийаллоҳу анҳу уни очиб кўрсатмаган бўлардилар.
Юқоридаги фиқҳий матнда аёл кишининг эркакка қараши ҳам мумкинлиги айтилган. Бунга сабаб қилиб уламоларимиз эркаклар одатда кўз кўринадиган жойларда иш қиладилар, улар иш жараёнида кўйлакларини ечиб қўйишлари ҳам мумкин бўлади. Аёлларнинг уларга қарашликни манъ қилиб қўйиш одамларга қийинчилик туғдиради. Исломда ҳараж йўқдир. Аммо улар шаҳват билан қарашлари, қараганда шаҳват туғилиши имконияти бўлиб қолиши мумкин жойларда аёлларнинг кўзларини юмиши буюрилади (Алий ал-Қорий. Шарҳи Ниқоя. 2-жилди, Қозон,1902. 198-бет.).
Ўз маҳрамининг (маҳрам бу бир-бирларининг ўртасида насаб, эмишганлик ёки қариндошлик сабабли абадий никоҳи ҳаром бўлганлардир) сони, қорни ва орқасидан бошқа жойларига қараш мумкинлиги тўғрисидаги масала эса Аллоҳ таолонинг зийнатларини фақат қариндошларига кўрсатсинлар, деган маънодаги ояти каримасидан ишоратан олингандир. Зеро, уламоларимиз юз ва кафтларни зийнат жойлари деб тафсир қилганлари маълум. Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, Ҳазрати Али разийаллоҳу анҳу ва Ибн Аббос разийаллоҳу анҳулар “Зийнат бу сурма ва узукдир” деб уларнинг ишлатиладиган жойига ишора қилган эдилар.
Бегона аёлларнинг юзи ва кафти ҳамда қадамига қараш мумкинлиги эса зарурат юзасидандир. Зеро, бу ҳолатдан сақланиш ўта машаққатдир. Аммо қарашда шаҳват бўлмаслиги шарт қилинади. Акс ҳолда ҳаром бўлади. Аммо ҳукм ўқиш, гувоҳликка чақиришда, уйланиш ниятида шаҳват хавфи туғилганда ҳам қараш мумкин бўлади. Зеро, бундай ҳолатларда суннатни тирилтириш бор. Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйланишни ният қилган кимсага унга, яъни, ансорий аёлга қарашни буюрганлар. Табиб касални кўриши ҳам заруратдир. Зеро, шифо исташ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларидир. Аммо табиб фақат зарурат миқдорида, зарурат жойигагина қарай олади.
Юқоридаги ибораларга Аллоҳ таолонинг ҳижоб ҳақидаги (аниқроғи, аврат жойларини ёпиш ҳақидаги кўрсатмалар баён этилган) оятлари ҳамда Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аврат жойларни кўрсатмаслик тўғрисидаги амрлари далил бўлган. Пайғамбаримиз «Икки кўзнинг зиноси назардир» (Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоятида) деганлари машҳурдир. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Кимки бегона хотиннинг чиройли жойларига шаҳват билан қараса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг кўзларига қўрғошин қуяди”, деган маънодаги ҳадиси шарифни ҳам ривоят қилганлар.
Ўзининг хотинининг ҳамма жойига, бутун баданига қараш шаръан жоиздир. Бунга бир қанча ҳадиси шарифлар очиқ далолат қилади. Жумладан, Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоятида Усмон ибн Мазъун разийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: “Эй Расулуллоҳ, мен аҳлим (хотиним)нинг авратимни кўришидан уяламан” деганида, Пайғамбаримиз: “Аллоҳ уларни сизлар учун, сизларни эса улар учун яратгандир”, деган эканлар. Шу маънода саҳоба Ибн Умар разийаллоҳу анҳу: “Лаззатнинг зиёда бўлиши учун қараш авлодир” демишлар.
“Қараш ҳалол бўлган жойни ушлаш ҳам мумкин” деган фиқҳий масала зарурат юзасидан айтилган. Зеро, маҳрамлар орасида шаҳватнинг озлиги, балки одатда умуман бундай ҳолат юз бермаслиги ҳамда бир-бирларининг қўл ёки баданларидан мумкин бўлган бошқа жойларига қўл теккизиш эҳтиёжи доим бўлиб туради. Аммо ушлаганда шаҳват хавфи бўлса ушлаш ёки улар билан холи қолиш асло мумкин эмасдир (Алий ал-Қорий. Шарҳи Ниқоя. 2-жилди, Қозон,1902. 201-бет.).
Инсоннинг аврат жойлари борасида батафсил тўхталганлигимизга сабаб, баъзи бир кимсалар жамоа ҳаммомларида тиззалари очиқ ҳолда ёки сувга чўмилиш маконларида бемалол калта иштонларда юраверадилар. Биз баёнини берган иборалардан мақсад бундай ҳолат мусулмонга асло ярашмаслиги, балки гуноҳкор бўлиб қолиши мумкинлигини эслатиб қўйишдир.
Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ва Имом Насоий раҳимаҳуллоҳ саҳоба Яъло (ибн Умаййа ёки ибн Мурра) разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам очиқ жойда ёлонғоч чўмилиб турган кимсани кўриб қолибдилар. Ул зоти шариф келиб, минбарларига чиқиб, Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан сўнг бундай деган эканлар:
انّ الله حيى ستير يحبّ الحياء والتستر فاذا اغتسل احدكم فليستتر
«Албатта Аллоҳ таоло ниҳоятда ҳаёли ва ёпгувчидир. У ҳаё ва ёпинишни, бекинишни яхши кўради. Демак, сизлардан бирортангиз ғусл қилса, бас, ёпиниб олсин!».
Бошқа бир ривоятда шу ерда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деган эканлар:
انّ الله ستير فاذا اراد احدكم انْ يغتسل فليتواز بشئ
«Дарҳақиқат, Аллоҳ ғоят ёпунувчан (ҳаёли)дир. Қачон сизлардан биронтангиз ғусл қилишни ирода қилса, бас, бир нарса билан ёпиниб олсин!».
Ҳадисшунос олим Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис таҳтида, бу ерда одамлар кўрмаслиги учун ғусл қиладиган жой қуриб олишга даъват бор, дейдилар ва ҳожатсиз пайтида авратни очиш ҳаромлигига имомларимиз келишганлар, деб ёзадилар.
Шундай қилиб, ҳаммомларда ёки чўмилиш жойларида одамлар орасида, хусусан, аёл-қизларнинг кўча-кўйда шариат белгилаб қўйган аврат жойларини очиб юравериши мутлақо мумкин эмас экан. Бундай шариатга бепарво кимсанинг гувоҳлиги (қазо ишларида) шу шариат нуқтаи назаридан эътиборга олинмайди. Мазҳабимизнинг мўътабар китобларидан бўлмиш Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳнинг «Ҳидояи шариф» асарида бу масъала ҳам эслаб ўтилган:
ولا (اى لا تقبل شهادته) من يدخل الحمّام من غير ازار لانّ كشف العورة حرام
«Кимки ҳаммомга иштонсиз кирса, гувоҳлиги қабул қилинмайди. Чунки (бошқалар олдида) авратни очиш ҳаромдир». («Ҳидоя», 3-жилд, Китоб аш-шаҳодат, Деҳли: «Форуқий», 1328 ҳ. 146-бет.).
«Фатҳ ул-қадийр»да «Захира»дан нақл қилинганки, агар ушбу қилмишидан қайтгани билинмаса, шаҳодати, яъни гувоҳлиги қабул қилинмайди. Кейин «Фатҳ» соҳиби яна сўзларини давом қилдирган:
وامّا ما ذكر الكرخى انّ من مشى فى الطريق بسراويل ليس عليه غيره لا تقبل شهادته فليس للحرمة بل لانه يخلّ بالمروّة
«Аммо Имом Кархий раҳимаҳуллоҳ зикр қилган «Биров йўлда иштонидан бошқа кийимсиз юрса, гувоҳлиги ўтмайди, қабул қилинмайди», деган масъаласи, (унинг) ҳаромлиги учун эмас, балки бундай юриш мурувватдан эмаслигидандир». («Фатҳ ул-қадийр», 6-жузъ, Китоб аш-шаҳодат, Миср: «Майманиййа» (йили кўрсатилмаган), 484-бет.).
Яъни, мазҳабимизнинг энг машҳур уламоларидан бири Имом Кархий раҳимаҳуллоҳ эркакларнинг иштони бўлса ҳам, яъни авратларини ёпиб, лекин ёланғоч, қоринларини очиб, масалан, майкада ёки шуртикда юрадиган эркакларнинг гувоҳлиги тан олинмайди, деган эканлар. “Фатҳ”нинг соҳиби Ибн ал-Ҳумом раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари бу ҳолатдаги гувоҳликнинг ўтмаслигини ўша ишнинг ҳаромлиги учун эмас, балки макруҳлиги, мурувватсизлиги, ҳақиқий мусулмонга ярашмайдиган ишни бепарво бажараётганлиги учундир, деб изоҳлаганлар.
Аммо, аёлларнинг бутун бадани (юзи, кафти ва қадамидан ташқари) аврат ҳисобланганидан уларни очиб юриши мутлақо ҳаром ишдир. Агар одамлар орасида бепарво бундай қилиб юраверишлари, уларнинг шариат нуқтаи назаридан гувоҳликлари тан олинмаслигига сабаб бўлади.
Гувоҳлиги эътиборга олинмаслиги мусулмон кимса учун ниҳоятда оғир мусибатдир. Аллоҳнинг ўзи асрасин!
Танҳо қолганда (ёки хотини билан бирга) ҳаммомда ёлонғоч чўмилиш дурустдир. Ҳеч ким кўрмайдиган жойда ёлонғоч чўмилиш ҳалол эканлигини Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ҳам, Али ал-Қорий раҳимаҳуллоҳ ҳам қайд қилганлар. «Шарҳ ал-Муниййа»да бу борада бундай фатво берилган:
كشف العورة لا يجوز عند احد فى الصحيح وفى الخلوة قيل لا بأس به وقيل يجوز ان يتجرّد للغسل ويتجرّد زوجية للجماع
«Саҳиҳ қавлга кўра, бировнинг олдида авратини очиш жоиз бўлмайди. Хилватда (ҳеч ким йўқ жойда) эса зарари йўқ, дейилган. Ғусл учун ялонғоч бўлиш жоиз бўлади, деган уламолар бор. (Шунингдек,) эр-хотин жинсий алоқа учун ҳам ялонғоч бўлишлари мумкин». (Иброҳим Ҳалабий. “Ҳалабийи кабийр”. Истанбул, Дорус саодат, 1320. 51-бет.).
Ушбу ривоятни Мавлоно Абдулҳай Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ҳам ўз фатоволарида келтириб ўтганлар (Абдулҳай Лакнавий: «Мажмуат ул-фатово», Лакнау: «Мунший Навол кишвар», 1911 й. 14-бет.).
Аммо ялонғоч чўмилаётганда қиблага юзланмаслик мустаҳаб саналади (Муҳаммад ал-Ҳаскафий. Дурр ул-мухтор. 1-жилди. -Байрут, Дорул кутубил илмиййа, 2003-йил, 291-бет.).
Шунингдек, уламоларимиз таъкидлашларича, эр-хотин қўшилганларида устларига бирор нима ёпиниб олишлари ҳам мустаҳабдир.
Юқорида айтганимиздек, одамлар кўрадиган жойдагина ялонғоч ювиниш ҳаром ҳисобланади (Али ал-қори: «Мирқот ал-мафотиҳ», Байрут: «Дор ул-фикр», 1994 й. 2-жузъ, 249-бет.).
Зеро, Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ва Насоийраҳимаҳуллоҳ саҳоба Жобир разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
من كان يؤمن بالله واليوم الآخر فلا يدخل الحمّام بغير ازار
«Кимки Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, ҳаммомга иштонсиз кирмасин!».
Лекин, холи қолган пайтда ҳам Аллоҳдан ҳаё қилиб, ёпиниб олиш афзалдир. Тўртта сунанда Баҳз бин Ҳаким разийаллоҳу анҳудан, у эса отасидан, у эса бобосидан ривоят қилган ҳадиси шариф келтирилган. Унда ровийнинг бобоси Муовия разийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан «Бизларнинг биттамиз холи қолганда ялонғоч бўлсак бўладими?», деган маънода савол сўрайди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло одамлардан ҳаё талаб қилишга ҳақлироқдир», деб жавоб берганлар. Ушбу ҳадиси шарифни Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ҳасан ҳадис деб, Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ эса саҳиҳ деб ривоят қилганлар.
Шундай қилиб, шариатимизнинг бир кўрсатмаси бўлмиш, ҳар биримизнинг вазифамиз бўлган сатри аврат масъаласини чуқур билиб олиб, унга амал қилишимиз лозим ва лобуддир.
Валлоҳу аълам бис-савоб.
Ҳамидуллоҳ Беруний