Ислом цивилизацияси маркази директори юксак орден билан мукофотланди
Муҳтарам Президентимиз Фармонига асосан кўп йиллик самарали меҳнати, миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги ибратли фаолияти учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Миноваров Шоазим Шоисломович «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллик қадрдон Шоазим Миноваровни юксак мукофот билан қутлаб, у кишига Аллоҳ таолодан улкан зафарлар ва шарафли натижалар тилайди.
Маълумки, мамлакатимизнинг Ислом дини маданиятида тутган ўрнини ва буюк алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини намоён этиш, юртимизда муборак динимизнинг ҳақиқий мақомини тарғиб қилиш мақсадида, Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказига Шоазим Миноваров раҳбарлик қилиб келмоқда.
Ўтган вақт мобайнида Ислом цивилизацияси маркази 12 та халқаро нуфузли халқаро ташкилот ва йирик муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатди. Жумладан, Истанбулдаги Тўпқопи музейи, Ибн Холдун университети, Ислом тадқиқотлари маркази, Франция ислом маркази, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Париждаги Лувр музейи, Санкт-Петербургдаги Эрмитаж давлат музейи ва бошқа қатор ислом ва унинг тарихини ўрганиш марказлари билан ҳамкорлик қилинмоқда.
Ислом цивилизацияси марказида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳам ўз меваларини аллақачон бера бошлади. “Танланган ҳадислар”, “Буюк аждодларимиз”, “Иймон ва эътиқод”, “Вақфия”, “Панднома”, “Амир Темур. Тузуклар” асарлари нашрдан чиқарилди.
“Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти” маълумотномаси ва “Ислом цивилизацияси қомусий луғати”нинг биринчи жилди нашрга тайёрланди. “Ўзбекистон ислом цивилизацияси” илмий журнали чоп этила бошланди, жаҳоннинг 32 мамлакатида марказнинг тақдимотлари ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, Шоазим Миноваров Тошкент Француз альянсига у ташкил этилган 2015 йилдан буён раҳбарлик қилади. У – тажрибали дипломат ва моҳир таржимон сифатида ҳам эътироф этилиб, фрунцуз ҳукуматининг «Хизматлари учун» кавалер ордени билан тақдирланган. Шоазим Миноваров Француз тили ва адабиёти илмини мукаммал эгаллаган таржимон сифатида даставвал Франсуа Мориакнинг “Илонлар чангалида”, Монтескьенинг “Форс номалари” (ҳамкорликда) романларини, Ле Клезионинг “Монде ва бошқа ҳикоялар”ини ўзбек тилига бевосита ўгирган бўлса, кейинги йилларда таниқли адибимиз Эркин Аъзамнинг “Шовқин” романи ва бир қатор ҳикояларини ўзбек тилидан французчага таржима қилиб Европага танитди. Ушбу таржима 2015 йил “Adieu aux contes de fées” (“Сеҳрли эртаклар билан хайрлашув”) нашр қилинди ва Парижда ЮНЕСКО қароргоҳида унинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Турли йиллар мобайнида Шоазим Миноваров Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ташқи ишлар вазири ўринбосари, Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси лавозимларида ҳам хизмат қилган. У – “Мустақилликнинг 15 йиллиги” кўкрак нишони ва “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.