Аёл киши ўзига тегишли шаръий ҳукмларни ўрганиши вожибдир. Эрига эса хотинига шаръий эҳтиёжларига мувофиқ таълим бериш вожиб бўлади. Агар эрнинг илми бўлмаса, хотинига бошқа бир муаллимдан илм ўрганишига изн бериши керак. Хотин эрнинг изнисиз чиқиши мумкин эмас. Отаси ва ё бошқа асаба қариндошининг қарамоғида бўлган аёлга эса, ўшалар илми ҳолни ўргатишлари ё ўрганишларига қулай шароит яратиб беришлари шарт бўлади. Қуйида аёлларга хос айрим муҳим масалалар баёни:
- Ҳайзли аёл эри билан жинсий яқинлик қилиш ҳаромдир;
- Ҳайз ҳолидаги аёл киндигидан юқори ва тиззасидан пастки қисм аъзоларида эрига жинсий имкон бермоғи жоиз;
- Ҳайз ва нифос кўрган аёл то поклангунча Қуръони каримдан тўлиқ оятларни қироат ва тиловат қила олмайди. Шунингдек, жунуб одам ҳам Қуръон оятларини тўлиқ қироат қила олмайди. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ бир ривоятда зарурат вақтида ҳайз кўрган аёл муаллима бўлса, қироат қилиши мумкин, деган.
- Аёллар тушида жинсий қониқиш қилса ва кийимида намлик кўрса, ғусл вожиб бўлади. Имом ибн ал-Мунзир раҳимаҳуллоҳ «Авсат»да зикр қилишича, эҳтилом бўлган аёлларнинг ғусл қилиши лозимлигида аҳли илмларнинг айтарли ихтилофи мавжуд эмас. Имом Молик, Шофеъий, Абу Савр ва ҳанафийларнинг ҳаммаси иттифоқ ила, ғусл вожиб бўлади, деганлар. Бироқ, Иброҳим Нахаъийдан қуйидагича ривоят бор: «У кишидан сўралди: тушида эркаклар кўрган нарсани кўрган аёл ғусл қиладими ёки йўқ? Иброҳим Нахаъий жавоб берди: аёлларга ҳайздан, эркакларга эҳтиломдан ғусл қилиш вожиб бўлади.
- Аёл киши ҳайзидан пок бўлганидан сўнг ғусл қилиши вожиб бўлади.
- Нифосли аёл ҳам нифосидан пок бўлганидан сўнг ғусл қилиши вожибдир.
- Аёл киши жунуб ҳолида ҳайз кўриб қолса, сўнгра ҳайзидан пок бўлгач, бир марта ғусл қилса, шу билан пок бўлади. Лекин айрим Зоҳирийларнинг наздида, бу ҳолатда икки марта ғусл қилиш вожиб бўлади, дейилган. Уларнинг сўзига эътибор йўқ.
- Нифос қони етмиш беш кундан зиёд бўлмайди. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда нифос қони қирқ кундан зиёд бўлмайди. Демак, ҳанафийлар ҳам жумҳур каби 75 ва ундан ортиқ кунларни нифос ҳисобламайдилар.
- Истиҳоза—касаллик қонини кўриб турган аёл ҳайз қони ва истиҳоза қонини бир-биридан фарқлай олса, ҳайз қони тугаши билан ғусл қилиши вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилдилар. Яъни, икки қонни ажрата олса, ҳайз тугаши билан ғусл қилади ва ибодатларини адо қилишга киришади. Истиҳоза қонининг ҳам тугашини кутмайди.
Шаробидин МУСАБОЕВ
Андижон шаҳар Абу Ҳурайра жоме масжид имоми