ТАҚВОНИНГ ФАЗИЛАТИ
Тақво – ҳаромларнигина эмас, балки, шубҳали нарсаларни ҳам тарк қилиб, бутунлай Роббининг ибодати билан машғул бўлмоқдир. Тақводор киши ўткинчи дунёдан (қисқа вақтда) ажралишини билгани учун дунёга илтифот кўрсатмайди. Аллоҳ таолонинг розилиги бўлмаган ишларга вақт сарфламайди. Натижада, сиддиқлар даражасига юксалади.
Имом Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар:
Эй фарзанд! Сенга Аллоҳ таоло пайғамбарларига, авлиё ва солиҳ бандаларига ва барча қулларига тавсия қилган нарсани тавсия қиламан: Аллоҳ таоло (маъноси) «Батаҳқиқ, Биз сиздан олдин китоб берилганларга ҳам, сизга ҳам: «Аллоҳга тақво қилинглар», деб тавсия қилдик. (Нисо сураси 131-оят) дейди.
Аллоҳ таолонинг ҳузурида тақводан янада азизроқ, янада қийматлироқ нарса йўқ. Сен ҳам тақвонинг ҳақиқатига эришиш учун бор кучинг билан ғайрат қил.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муъоз бин Жабалга (розияллоҳу анҳу) айтдилар:
«Сизларга шуларни тавсия қиламан: Тақво соҳиби бўлинг. Тўғри сўзли, аҳдинггизга (берган сўзинггизга) вафодор бўлинг, омонатга риоят қилинг. Инсониятга зулм қилманг. Қўни-қўшничилик хақларига риоят қилинг. Етимларга раҳим дил бўлинг. Саломни ёйинг. Амалинггиз гўзал, дунё ҳаёллариннгиз қисқа бўлсин.
Иймонинггизни қўринг ва Қуръони Каримни ўқиб, у билан амал қилинг».
Абу Бакр Сиддиқнинг (розияллоҳу анҳу): Муҳаққақ, бирон бир ҳаромга дучор бўлиб қолиш қўрқувида, албатта, ҳалолдан бўлган етмиш эшикни тарк қиламан» деган сўзлари тақвонинг энг чиройлигини билдирмоқда.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Али! Ким ҳалол еса динида ихлосли бўлади, қалби нозиклашади, Аллоҳ қўрқувидан кўзларидан ёшлар оқади. Дуосининг қаршисида тўсиқ бўлмайди, яъни дуолари қабул бўлади. Ким шубҳали нарсаларни еса, динида шубҳага тушади, қалби қаттиқлашади, иймони заифлайди, дуоси қабул бўлмайди, ибодатлари оз бўлади».
«Аййуҳал валад» китоби шарҳи асосида.