ДУНЁ МОЛИНИНГ МИСОЛИ
Абу Саид ал-Худрий (р.а.)дан шундай ривоят қилинди:
Бир куни Пайғамбаримиз (с.а.в.) минбарга чиқиб ўтирдилар. Биз ҳам у зотнинг атрофларида ўтирдик. У зот (с.а.в.) айтдилар ки: “Мендан кейин сизлар учун қўрққан нарсаларимдан бири бу, дунё чиройидир”.
Шунда бир одам: “Эй, Расулуллоҳ (с.а.в.)! Ҳеч яхшилик ва ёмонлик бирга келадими?” –деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.), (бир оз кутиб,) сукут сақлади. Шунда саҳобалар орасидан: “Сен ким бўлибсанки, Расулуллоҳдан савол сўрайсан? (Қара,) сенга жавоб ҳам бермади”, –деган гап эшитилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) пешонасидаги терни артиб, савол сўраган кишига илтифот билан: “Савол берган киши қани?” –деб сўрадилар ва сўзларига давом этдилар: “Ҳақиқатдан ҳам, яхшилик ва ёмонлик жам бўлмайди. (Фақат эътибор қилиб қаранг-а!) Баҳор олиб келган ўсимликлардан бир қисми борки, улар (заҳарли бўлиб) еганни ўлдиради ёки ўлимга яқинлаштиради. Лекин, ям-яшил ўт-ўлан, майсалар ундай эмас. Аксинча, ундан ўтлаган ҳайвонлар ўлим таҳликасидан қутилади. Ҳайвон бу ўт-ўланлардан еб, икки ёнини ишириб, баҳор тафтидан баҳра олади. Осонлик билан ҳазм қилиб, семиради. (Яна) кўп-кўп ейди. Бу дунё моли ҳам мана шу майсалар каби жозибадордир, мазалидир. Бу неъматлардан мискинларга, етим-есирларга, ватанидан узоқ бўлган йўловчиларга тасаддуқ қилган бадавлат мусулмон қандай яхши инсондир.” Расулуллоҳнинг бу таблиғотларидан икки масъала англашилмоқда:
Биринчиси: “Баҳор фасли олиб келган ўт-ўлан ва майсаларнинг заҳарлилар бордирки, еган ҳайвонни дарҳол ёки аста-секин ўлдиради” –сўзлари орқали, ҳақсиз қозонилган мол-мулк эгаси, фақир-фуқарога, етим-есирларга, ватанидан, оиласидан йироқ, ҳоли паришон дин биродарларига ёрдам беришни ўйламаган, хирсли, очкўз кимсаларнинг мол-мулклари ва аҳволлари тасвирланади.Бундай мол-мулкнинг оҳиратда эгасини ҳалок қилиши билдарилади.
Иккинчиси: “… фойдали яшил майсалардан ўтлаган ҳайвон, ўлим тахликасидан омон…” сўзлари орқали эса, ҳалолдан топиб, ҳалолга сарфлаган, закот ва садақасини адо этган, саҳоватпеша сарват соҳибларининг мол-дунёлари майин майсаларга, доривор гиёҳларга ўхшатилиб, дунё ва охират саодатига сабаб бўлиши ҳақида баён қилинади.