Мақолалар

Фоҳишабозлик ва унинг оқибати ҳақида

Бугунги кун тиббиёти ҳам фоҳишалик оқибатида юзага келадиган касалликларни бартараф этишга ожиз.

Бугунги кунда дунё бўйича зино туфайли тарқалган кўплаб касалликларни даволашга миллионлаб маблағ сарф қилинмоқда. Зеро, зино насл-насабнинг бузилиши, оилаларнинг таназзулга юз тутиши, инсоний муносабатларнинг ёмонлашуви, аҳлоқнинг бузилиши, шарм-ҳаёнинг йўқолиб, бараканинг кўтарилишига сабабчи бўлади.

Аллоҳ Таоло айтади: “Зинога яқинлашмангиз, (зеро) у бузуклик ва (окибати) ёмон йўлдир” (“Ал-Исро”, 32)

Эътибор берилса, Аллоҳ бу ерда “зино қилманглар” деяётгани йўк, балки “зинога яқинлашмангиз” демоқда. Бу оятдан зинога олиб борувчи барча йўллардан хазир бўлиш лозимлиги маълум бўлади. Зинога олиб борувчи йўллар эса кўп бўлиб, уларнинг ҳар бирини ҳам “зино” деб юритилади. Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида кўз, қулоқ, тил, бурун, қўл, оёқ ва қалбнинг ҳам зиноси бўлишини айтиб, жумладан шундай деганлар: “Кўзларнинг зиноси (номаҳрамларга) қараш, тил зиноси (уларга) гап отиш, нафс уни орзу қилади ва хоҳлайди, фарж (аврат ери) эса мана шуни тасдиқлайди ёки ёлғонга чиқаради” (Абу Довуд ривоятлари). Бошқа бир ривоятда: “Икки қўл ҳам зино қилади, унинг зиноси (номаҳрамни) ушлашдир, икки оёқ ҳам зино қилади, унинг зиноси (ҳаром жойга) юриб боришдир, оғиз ҳам зино қилади, унинг зиноси (номаҳрамни) ўпмоқдир”, дейилган (Абу Довуд ривоятлари).

Бу билан Аллоҳ таоло дунёда ҳар бир нарсани ўз жуфти билан яратгани ва ҳар бир нарса ҳисоб-китобли эканини таъкидламоқда. Зеро, ҳар бир инсонни қилган аъмолига қараб икки дунёда ё мукофотланади ёки жазоланади.

Муҳаммад алайҳиссалом зинодан қайтариб айтадиларки: “Эй инсонлар! Зинодан қўрқинглар, унда 6 та зарар бордир. Шундан 3 таси бу дунёда, 3 таси эса охиратда бўлади. Бу дунёдагилари: руҳий гўзалликни кетказади, камбағалликни келтиради, умрни қисқартиради. Охиратдагиларга келсак, улар – Аллоҳнинг ғазаби, Ҳисобдан ёмон ўтиш ва жаҳаннам азобидир”.

Бу зино йўллари ичида катта зинога энг яқини номаҳрамларга ҳамда ҳаёсиз филмь ва суратларга қарашдир. Бошқа сўз билан айтганда, ҳаром нарсаларга қараш – бошқа зино йўллари учун замин. Зеро, қараш орқали тил, қўл, оёқ ва бадан аъзолари ҳаракатга келади. Шундай экан, кўзни тийишлик билан киши бошқа аъзоларини ҳам ҳаромдан тия олади ва бу билан ўзининг дини, иймонини ташқи зарардан сақлаб қолади. Пайғамбар алайҳиссалом кўзни ҳаромдан сақлашликни “ҳадиси қудсий” да кўзини ҳаромдан олиб қочган мўминга Аллоҳ иймон ҳаловатини, роҳатини беришни ваъда қилган.

Зинонинг пайдо бўлиши, уни қилиш ва омилларининг осонлашиши – Аллоҳнинг ғазаби, интиқоми ва нақд азобининг энг буюк сабабчисидир. Имом Муслим ва Имом Бухорийларнинг «Саҳиҳ»ларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуёш тутилганида шундай деганлари ривоят қилинган:«Ҳой Муҳаммаднинг умматлари, Аллоҳга қасамки, бандаси ёки чўриси зино қилганида Аллоҳдан кўра ғайратлироқ – рашклирок Зот йўқдир! Ҳой Муҳаммаднинг умматлари, сизлар Мен билган нарсаларни билсаларингиз эди озроқ кулар, кўпроқ йиғлар эдингиз!» (Муттафақун алайҳ: Имом Бухорий, Имом Муслим. Ҳишом ибн Урва (раҳимаҳуллоҳ)нинг отасидан, унинг эса Оиша разияллоҳу анҳодан қилган ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом “Қайси қавмда зино тарқалса, Аллоҳ таоло уларни ота-боболари билмаган касалликка мубтало қилади” деганлар.

Ҳақиқатда зино – саодат ва осойишталик масдари бўлмиш руҳий поклик ва гўзалликни йўқотади. Бу ҳаром иш билан шуғулланадиган киши учун молу дунёсини сарфлаб, охир оқибатда фақирликка юз тутади. Зинокорнинг саломатлиги ёмонлашиб, ҳаётбахш қуввати йўқола боради. Бу эса барвақт ўлимга олиб келувчи касалликларни келтириб чиқаради.

Мустақиллик бизнинг яшаш тарзимизни ўз тартиб-қоидаларимиз, урф одатларимиз асосида ташкил этишга катта имконият яратди. Биз Ғарбга тақлид қилиб яшаш келтириб чиқарган иллатларга қатъий барҳам беришимиз керак. Жумладан, фоҳишаликка қарши жиддий курашимиз зарур. Чунки инсон илк қадамлариданоқ жамиятга ҳалоллик олиб келиши керак. Шунда жамиятда ҳақиқат барқарор бўлади, фуқаролар орасида инсоф, диёнат, иймон қарор топади.

Жанобимиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг муборак ҳадисларида: “Токи умматим орасида зино тарқалмаса, тинч, офиятда бўлишади, лекин агар зино пайдо бўлса Аллоҳ уларни азоб билан қамраб қўяди”. Ҳақиқатдан ҳам оиламиз бошига тушаётган муаммо, ишларимиз юришмаётгани, рўзғоримиздан барака кўтарилишининг боши ана шу зино жаримаси авж олиб кетаётганидан эмасмикан?! Бевосита жинсий алоқа бўлмасада юқорида таъкидланган кўз зиносининг ўзи ҳам бунга сабаб бўлмаётганмикан?! Шундай экан бундай нопок амаллардан Аллоҳнинг ўзи асрасин!

 

Жасурбек   Раупов

Тошкент шаҳар бош имом-хатиб  ўринбосари,
«Ислом ота» жомеъ масжиди имом-хатиби

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг