Янгиликлар

АЗАЛИЙ АЛОҚАЛАР ЯНГИ БОСҚИЧДА

Чекка қишлоқлардаги одамлар ҳам: “Энди имом-домлаларимиз Мисрда малака оширар эканлар”, деб севиниб юрибди.  Ҳа, имом домла Мисрга борса, сизга нима? десангиз, ранжийди. Нега? Чунки биз илмпарвар халқмиз. Имомларимиз ўша ёқларга бориб илмини зиёда қилиб қайтса, билганларини бизга ҳам ўргатар, биз ўрганмасак, болаларимиз ўрганар дея яхши ниятлар қиламиз ва уларнинг хорижга бориб, ўша ёқлардаги илм чашмаларидан баҳра олиб келишларидан беҳад қувонамиз.

Ана шу жиҳатларни ҳисобга олиб,  Миср мамлакати ва  у ердаги таълим тизими ҳамда икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳақида унчалик кўп билмайдиган юртдошларимизга қисқача маълумот беришни ният қилдик.

Миср Араб Республикасининг аҳолиси 2017 йилда 94,8 миллион кишига етди, деб хабар беради статистика ва мобилизация давлат қўмитаси раҳбари Абу Бакр ал-Ҳиндининг сўзларига асосланиб, «РИА Новости».

Бундан ташқари, 9,4 миллион нафар мисрлик хорижда: Араб мамлакатлари, Германия, Австралия, Канада ва бошқа давлатларда истиқомат қиладилар. “Мисрликлар европоид ирқига мансуб. Диндорлари – сунний мусулмонлар. Араб қабилалари Мисрга милоддан аввалги 1-минг йилликда кириб келишган. Мисрни VII асрда Араб халифалиги эгаллагач, арабларнинг маҳаллий копт (қибтий), барбар ва бошқа аҳоли билан аралашуви натижасида миср араблари шаклланган. Мамлакат аҳолиси деққончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик (заргарлик яхши ривожланган) билан шуғулланади.

Мисрни VII асрда мусулмонлар истило қилганидан кейин ислом диний мактаблари кўплаб очила бошлади. Х асрда Ал-Азҳар мусулмон университетига асос солинди. Дастлабки дунёвий ўқув юртлари XIX асрнинг  иккинчи ярмида пайдо бўлди.

Олий таълим тизимига университет, институт ва тўрт йиллик коллежлар киради. Тўлиқсиз олий маълумот берадиган икки йиллик техника инстутлари ҳам бор. Мамлакатдаги 14 та университетнинг энг йириклари: Қоҳира, Айн уш-Шамс, Искандария университетлари, Қоҳирадаги Америка университети, Ал-Азҳар университети. Энг йирик институтлари: Ал-Мансура ва Қоҳирадаги политехника институтлари, Асвондаги индустриал институт ва бошқалар.

Йирик кутубхоналари: Қоҳирадаги Миллий кутубхона (1870), Миср институтининг    кутубхонаси (1859), Қоқирадаги Миллий мажлис кутубхонаси (1924), Қоҳира университети кутубхонаси (1908), Искандария университети кутубхонаси (1942), Қоҳирадаги Ҳулвон университети кутубхонаси, Искандариядаги Муниципал кутубхона (1892).

Илмий муассасалари: Қоҳирадаги Миср институти (1798) қошидаги илмий тадқиқот маркази ва Технология академияси (1971, таркибидаги илмий тадқиқот маркази, Атом энергияси маркази, Металлургия марказий тадқиқот институти, Океанография ва балиқшунослик илмий тадқиқот институти, Астрономия институти, Нефть тадқиқот институти, Ахборот ва ҳужжатлаштириш миллий маркази мавжуд). Қоҳирада Педагогик тадқиқотлари миллий маркази, Ал-Жизада Араб тили академияси, Қишлоқ хўжалиги тадқиқот маркази ва бошқалар бор.

Ўзбекистан – Миср муносабатлари. 1992 йил январида Миср расмий делегациясининг Ўзбекистонга ва 1992 ййилнинг декабрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Мисрга ташрифи вақтида иккала мамлакатнинг турли соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш муддаолари тасдикланиб, уларга аниклик киритилди. 2000 йилгача мамлакатлар ўртасида 10та икки томонлама ҳужжат имзоланди. ЎзР билан Миср ўртасидаги муносабат ва ҳамкорлик асослари, инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш, иқтисодий, илмий ва техникавий ҳамкорлик, авиация қатнови ва ҳаво транспорти соҳасидаги ҳамкорлик, Тошкент шарқшунослик институти билан Мисрнинг Ал-Азҳар университети ўртасида фан ва маданият соҳасидаги ҳамкорлик, Ўзбекистон ва Миср ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик ва маслаҳатлашувлар тўғрисидаги битимлар шу ҳужжатларнинг энг муҳимларидир.

Кейинги йилларда эса икки давлат ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Хусусан, Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Саид Ҳусайн Халил ас-Сисининг 2018 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига кўра амалга оширган расмий давлат ташрифи натижасида Ўзбекистон ва Миср ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, туризм, фан, таълим, маданият, спорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган ҳукуматлараро ва идоралараро салмоқли ҳужжатлар имзоланди” (ЎзМЭдан жузъий таҳрирлар билан олинди).

2018 йилнинг октябрь ойида Миср Бош имоми – Шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб бошчилигидаги ал-Азҳар мажмуаси вакилларидан иборат нуфузли делегациянинг Ўзбекистон Президенти қабулида бўлиши, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриши ҳамкорлик алоқаларининг янада ривожланишига сабаб бўлди.

Миср томонининг таклифига кўра, Ўзбекистон ва Мисрдаги диний соҳага оид марказлар ўртасида 2019-23 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”да кўзда тутилган келишувларни муҳокама қилиш ҳамда ўзаро мувофиқлаштириб олиш мақсадида борган Ўзбекистон делегацияси ишчи ташрифи куни кеча ниҳоясига етди.

Ўзбекистон делегацияси Қоҳирада мамлакатнинг Мисрдаги элчихонаси ҳамкорлигида Ал-Азҳар мажмуаси раҳбарининг бошланғич ва ўрта таълим бўйича бошқармаси бошлиғи Шайх Али ал-Халилий, Ал-Азҳар шайхи маслаҳатчиси профессор Абдураҳмон Мусо ҳамда Ал-Азҳар ректори, профессор Муҳаммад Маҳрасовий билан учрашди.

Учрашувда Ал-Азҳар мажмуаси ҳамда Ўзбекистондаги диний соҳага оид марказлар ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандум лойиҳаси муҳокама қилиниб, Ал-Азҳар ва Ўзбекистондаги диний таълим муассасалари ўртасида талабалар алмашинуви йўлга қўйишга эътибор қаратилди. Келишувга мувофиқ, Ал-Азҳар университети ҳар йили ўзбекистонлик 25 нафар талаба учун грант ажратади. Шундан 20 нафар бакалавр босқичи учун, 5 нафари эса магистратура босқичи учун ажратилиши белгиланди.

Сафар чоғида муфтий ҳазратнинг “Хилтон” меҳмонхонасида ўзбекистонлик талаблар билан учрашиб, улар билан самимий суҳбат қилганлари, уларнинг илмлари, уларни қизиқтирган масалаларга алоҳида эътибор қаратганлари мусофир юртда толиби илмлик машаққатини тортиб юрган ёшларимизни жуда ҳам мамнун қилди. Айни чоқда Мисрда 150дан зиёд ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ал-Азҳар университетида Миср уламолари, шайхлари ва талабалари олдида араб тилида нутқ сўзлаб, Ўзбекистон замини қадим маданият ўчоқларидан бири экани, Мусулмон Ренессанси ҳисобланган Ўрта асрлар ва ундан кейинги даврларда ушбу заминдан етишиб чиққан мутафаккирларнинг Ислом илми ривожига қўшган ҳиссаларини дунё жамоатчилиги тан олганига атрофлича тўхталиб ўтдилар.

Бинобарин, юртимизда меҳмон бўлган Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳазратлари бундай деган эдилар: “…Биз Ал-Азҳар университетида Имом Мотурудий, Имом Насафий, Имом Самарқандий асарларидан таълим берамиз. Шунингдек, Беруний, Ибн Сино каби алломаларнинг китобларини ҳам тадқиқ этамиз. Мен ўзим ҳам Ибн Сино фалсафаси бўйича мутахассисман”.

Муфтий ҳазрат ўз нутқи якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан бутун олам аҳлини ҳамжиҳатликка, илму маърифат устуворлиги борасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини изҳор этдилар.

Ўзбекистон делегацияси таркибида Миср давлатида хизмат сафарида бўлган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Ал-Азҳар университети номидан Шайх Солиҳ Аббос ўртасида “Йўл харитаси” имзоланди. Шунга биноан, ҳар йили Ўзбекистондаги масжидларда меҳнат қилаётган имомларнинг йигирматаси Мисрдаги икки ойлик малака ошириш курсларида малака оширади.  Уларга Ал-Азҳар университети шайхлари, таниқли уламолар ва етук олимлар дарс ўтади.

Курс сўнгида имомларга қироат, тажвид, тафсир, ҳадис, ақида ва фиқҳ бўйича ижоза (махсус сертификат) берилади.

Мисрлик олимлар якдиллик билан БМТ Бош Ассамблеясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилингани тарихий воқеа бўлгани ва бу резолюция ташаббускори Ўзбекистон Президенти бўлганини эътироф этмоқдалар. Зеро, бундай ташаббусни маърифатпарварлик ва диний бағрикенглик ҳар доим амалда бўлиб келган юртнинг раҳбари илгари суришида ўзига хос ҳикмат бор. Илло, ана шу иккиси бўлса, тинчлик, хотиржамлик бўлади, илму фан, маданият ва санъат гуллаб-яшнайди. уйлар хурсандчиликка, кўнгиллар шодликка тўлади.  Энг муҳими, ҳамма ҳаммани яхши кўради. Шунинг ўзи улуғ саодат эмасми!

 

muslm.uz
Дамин ЖУМАҚУЛ

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг