АБУ ҲОЗИМНИНГ НАСИҲАТИ
Яҳё ибн Абу Касирдан ривоят қилинади: «Халифа Сулаймон ибн Абдулмалик ҳаж қилиб, Мадинага келди ва одамларга: «Бу ерда саҳобаларни кўрганлар борми?» деди. Унга: «Ҳа, Абу Ҳозим бор», дейишди. Сулаймон буни эшитиб, унга одам юборди. Абу Ҳозим келгач, улар ўртасида шундай суҳбат бўлди:
– Эй Абу Ҳозим, бу жафо нимаси? – деб сўради Сулаймон.
– Эй мўминларнинг амири, мендан қандай жафо кўрдингиз?
– Одамлар келишди, сиз эса келмадингиз.
– Аллоҳга қасамки, бундан олдин сиз мени танимас эдингиз, мен ҳам сизни танимас эдим. Мендан қандай жафо кўрдингиз? – яна сўради Абу Ҳозим.
Сулаймон ибн Абдулмалик Зуҳрийга қараб, «Шайх рост айтдилар, мен эса адашдим», деди.
– Эй Абу Ҳозим, нима учун биз ўлимни ёмон кўрамиз? – сўрашда давом этди Сулаймон.
– Сизлар дунёни обод, охиратни эса хароб қилдингиз. Шунинг учун обод жойдан хароб жойга чиқишни ёмон кўрасизлар.
– Рост айтдингиз, эй Абу Ҳозим. Эртага биз учун Аллоҳнинг ҳузурида (қиёматда) нима бор? Буни қаердан билсак бўлади?
– Амалингизни Аллоҳ азза ва жалланинг Китобига солиб кўринг, шунда қиёматда сизга қандай насиба борлиги маълум бўлади.
– Қандай қилиб Аллоҳ азза ва жалланинг Китобига солиб кўраман?
– Аллоҳ таоло: «Албатта, яхшилар неъматдадир, фожирлар эса дўзахдадир», деган (Инфитор сураси, 13-14-оятлар).
– Аллоҳнинг раҳмати қаерда?
– Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир.
– Қиёмат куни Аллоҳ таолога рўбарў бўлиш қандай бўлади?
– Яхши инсон узоқ сафардан уйига келаётган киши қандай кутиб олинса, худди шундай кутиб олинади. Ёмон одам эса хожасига олиб келиб топшириладиган қочоқ қулга ўхшайди.
Бу савол-жавоблардан кейин Сулаймон йиғлаб юборди. У баланд овоз билан, атрофдагилар эшитадиган даражада ҳўнграб йиғларди.
– Ўзимизни қандай ислоҳ қиламиз, эй Абу Ҳозим? – ўзини сал босиб олгач, сўради Сулаймон.
– Кибрнинг йўқ бўлишини сўраб дуо қилинг, мурувватни (одамгарчиликни) маҳкам тутинг, ишларни тенг тақсим қилиб, ҳукм чиқаришда адолатли бўлинг.
– Эй Абу Ҳозим, тенглик қандай бўлади?
– Золимдан мазлумнинг ҳаққини олиб, эгасига қайтариш билан бўлади.
– Эй Абу Ҳозим, инсонларнинг энг афзали кимлар?
– Мурувват ва ақл эгалари.
– Адолатлиларнинг ҳам адолатлиси ким?
– Бирор нарса умид қилинадиган ёки қўрқиб туриладиган кишининг олдида рост сўзни айтган киши.
– Энг тез ижобат бўладиган дуо қайси?
– Яхшининг яхшига қилган дуоси.
– Садақанинг энг афзали нима?
– Камбағал ва фақир кишининг қўлига ортидан миннат ва азият етказмай берилган садақа.
– Эй Абу Ҳозим, энг зийрак одам ким?
– Аллоҳнинг тоатига етишиб, унга амал қилган, сўнгра бошқаларни ҳам шунга ундаган одам.
– Эй Абу Ҳозим, сиз бизга ҳамроҳ бўлсангиз, сиз биздан, биз эса сиздан фойдаланиб олардик, нима дейсиз?
– Асло.
– Нима учун?
– Мен озгина нарсани деб сизларга суяниб қолишдан ва шу туфайли Аллоҳ менга дунё ва охират азобини икки ҳисса қилиб беришидан, кейин Ўзи сари менга ҳеч ким мададкор бўлмаслигидан қўрқаман.
– Эй Абу Ҳозим, менга ҳожатингизни айтинг, бажо келтирайин.
– Айтайми? Мени дўзахдан чиқариб, жаннатга киргизинг.
– Бу менинг қўлимдан келмайди-ку?
– Бундан бошқа ҳожатим йўқ.
– Эй Абу Ҳозим, мен учун Аллоҳга дуо қилинг.
– Аллоҳим, Сулаймон Сенинг дўстларингдан бўлса, унга дунё ва охират яхшилигини осон қил. Агар душманларингдан бўлса, уни Ўзинг яхши кўрадиган ва рози бўладиган нарсага йўллаб қўй.
– Бўлди, етади.
– Агар сиз дуога муносиб одам бўлсангиз, гапни кўпайтириб юборибман. Агар дуога муносиб бўлмасангиз, ипи бўлмаган камондан ўқ отишингизнинг нима кераги бор?» деди.
– Эй Абу Ҳозим, биз (яъни умавийлар) ҳақида нима дейсиз?
– Эй мўминларнинг амири, сиз мени ҳалок қилмоқчимисиз?
– Йўқ, менга насиҳат қилинг демоқчиман.
– Сизнинг ота-боболарингиз бу ишни (амирликни, халифаликни) одамлардан тортиб олишди. Ишни одамлар билан маслаҳат қилмасдан, келишмасдан, қиличлар ёрдамида, зўрлик билан олишди. Бу ишда жуда катта қирғин уюштиришди ва вафот этиб кетишди. Улар нима деганларини, улар ҳақида нималар дейилганини билганингизда эди…
Шу пайт у ерда ўтирганлардан бири Абу Ҳозимга: «Жуда ёмон гап айтдингиз», деди.
Абу Ҳозим бу гапни айтган одамга ўгирилиб, «Сен ёлғон сўзладинг, Аллоҳ таоло олимлардан: «Уни одамларга албатта аниқ баён қиласиз, (ҳеч кимдан) сир тутмайсиз» (Оли Имрон сураси, 187-оят) деб аҳд олган» деб, ўзининг ҳақ гапни гапирганини маълум қилиб қўйди.
– Эй Абу Ҳозим, менга васият қилинг, – деди халифа Сулаймон.
– Сизга васият қиламан, лекин мухтасар қиламан: Аллоҳ сизни ман қилган жойида сизни кўриб қолишидан ва амр қилган жойида сизни кўрмаслигидан эҳтиёт бўлинг.
Абу Ҳозим гапларини тугатиб, туриб кетаётган эди, Сулаймон ибн Абдулмалик унга пул бериб, «Эй Абу Ҳозим, мана бу юз динорни сизга тортиқ қиламан, менда сиз учун бундай мукофотлар жуда кўп», деди.
Абу Ҳозим берилган пулларни олмади ва шундай деди: «Аллоҳга қасам, мен бу молу дунёни сенда бўлишига рози бўлмайман-у, қандай қилиб ўзимда бўлишига рози бўламан? Дуо қилиб, Аллоҳ таолодан сўраган саволларингиз бекор бўлиб қолишидан, берган жавобларим беҳуда кетишидан паноҳ беришини сўрайман» деб, чиқиб кетди».