РИЁ: УНИНГ ҲУКМИ ВА ТУРЛАРИ-2
Риёнинг бир неча тури бор.
Биринчи тури: Бадан ила риё қилиш. Бунда озғинлик ва сарғайишни зоҳир қилинади. Бу билан қаттиқ ижтиҳод қилаётгани, дин учун маҳзунлик ва охират хавфи кучли эканини одамларга кўз-кўз қилишга ҳаракат қилинади. Чунки аҳли дунёнинг риёси семизлик, рангнинг тозалиги, қоматнинг мўътадиллиги, юзнинг гўзаллиги, баданнинг поклиги ва аъзоларнинг қуввати ила бўлади.
Иккинчи тури: Ташқи кўриниш ва кийим ила бўлади. Бунда сочни тўзиган ҳолда тутиш, юзда сажда асарини қолдириш, қўпол кийим кийиш, енгни калта қилиш, кийимни покламаслик, уни йиртиқ ҳолида қўйиш кабилар суннатга эргашиш даъвоси ила қилинади.
Аҳли дунёнинг бу борадаги риёси нафис кийимлар, қимматбаҳо маркаблар, кийим ва маскандаги турли кенгликлар ва чиройли кўринишлар ила бўлади.
Учинчи тури: Гап-сўз ила бўладиган риё. Бу турдаги риё дин аҳлида ваъз ва иршод, ҳикматни нутқ қилиш, илмнинг кўплигини билдириш учун хабарлар ва асарларни ёд олиш билан бўлади.
Шунингдек, одамлар жамланган ерда лабини қимирлатиб, зикр қилиб туриш, уларнинг олдида безарурат амри маъруф ва наҳйи мункар қилиш билан бўлади.
Аҳли дунёнинг бу турдаги риёси эса шеърлар ва масалларни ёд олиш, ибораларни алоҳида оҳанг билан гапириш ва кўпчилик билмайдиган сўзларни ишлатиш билан бўлади.
Тўртинчи тури: Амал билан бўладиган риё.
Бу риё намозхоннинг рукуъ ва саждани узун қилиши каби ишлар билан бўлади.
Аҳли дунё эса манманлик ва гердайиш каби бойлик ва обрўни кўз-кўз қилувчи нарсалар ила риёкорлик қиладилар.
Бешинчи тури: Дўстлар ва зиёратчилар билан мақтаниш.
Бунда риёкор машҳур олимни уйига «Фалончиникига машҳур олим келибди», дейилиши учун таклиф қилади. Ёки «Мен Фалончининг мажлисида иштирок этаман», дея доимо мақтаниб юриш билан бўлади.
Риёнинг даражалари:
1-даража: Бу даража энг ёмони ҳисобланади. Унда риёкор савобни мутлақо ирода қилмайди. Мисол учун, одамлар кўришлари учун намоз ўқийди. Аммо ўзи ёлғиз бўлса, ўқимайди. Баъзида риё уни таҳоратсиз намоз ўқишга ҳам олиб боради.
2-даража: Савоб умиди «Одамлар амалимни кўрсин», деган умиддан кўра озроқ. Бу даражадаги риёнинг гуноҳи олдингисиникидан озроқ бўлади.
3-даража: Савоб ва риё мақсади тенг бўлади. Агар улардан биригина бўлса, амални қилмай қўяверади. Аммо икки мақсад жам бўлганда амални қилишга рағбат қўзғалади. Бу ҳам гуноҳ ҳисобланади.
4-даража: Одамларнинг билиши амалини яхшилаб қилишига сабаб бўлади. Агар одамлар билмаса ҳам, амални қилаверади. Бу даражадаги риёда савобнинг асли ботил бўлмайди. Аммо савоб нуқсонга учрайди. Бундай ишнинг соҳиби риёси миқдорича иқобга ва савоб умиди миқдорича савобга сазовор бўлади.
РИЁНИНГ ҲУКМИ
«Риё ҳаромми, макруҳми ёки мубоҳми?» деган саволга бир оғиз сўз билан жавоб бериб бўлмайди. Бунинг тафсилоти бор.
1. Риё ибодатларда бўлса, ҳаромдир. Намози, садақаси, ҳажи ила риёкорлик қиладиган банда осийдир. Чунки у ўз риёси ила Аллоҳдан ўзгани қасд қилади. Ҳолбуки, ибодатга сазовор ягона зот Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзидир.
2. Риё ибодатдан бошқа нарсада, масалан, мол талаби каби нарсада бўлса, ҳаром бўлмайди. Чунки бу иш одамлар қалбидан жой олмоқни исташдан иборатдир. Мол касб қилишда баъзи бир ман қилинган сабаблар аралашгани каби обрў талабида ҳам шу нарса бўлади. Инсон ўзи муҳтож бўлган молни талаб қилиши мақтовга сазовор бўлганидек обрў талабида ҳам шундай бўлади.
Юсуф алайҳиссалом ҳам подшоҳ ҳузуридаги амални ўзлари талаб қилганлар. Обрў кўп бўлса ҳам, уни ҳаром дея олмаймиз. Бунда обрў ўз эгасини ножоиз нарсага бошламаслиги шарт қилинади.
Аммо талабига ҳирс қўйилмаган ва завол бўлганда ғам-ғуссага ботилмайдиган обрў қанча баланд бўлса ҳам зарар қилмайди.
Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва у зотдан кейинги уламоларнинг обрўларидан кенгроқ обрўнинг ўзи йўқ. Аммо бор ҳимматни обрў кетидан қувишга сарфлаш динда нуқсондир.
3. Яхши кийиниш ҳам одамлар ҳузурида гўзал кўриниш учун бўлади. Шунингдек, чиройли кўриниш учун қилинадиган бошқа ҳаракатларнинг барчаси ҳам ман қилинган дея олмаймиз. Бунда мақсадлар турлича бўлади.
Кимдир ўзига паст назар билан қаралишини истамайди. Кимдир ўзига берилган неъматни изҳор қилиш ниятида бўлади.
عَنْ عَبْدِ اللهِ رضي الله عنه ، عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم قَالَ: لَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ كَانَ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ ذَرَّةٍ مِنْ كِبْرٍ». قَالَ رَجُلٌ: إِنَّ الرَّجُلَ يُحِبُّ أَنْ يَكُونَ ثَوْبُهُ حَسَنًا وَنَعْلُهُ حَسَنًا. قَالَ: «إِنَّ اللهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْجَمَالَ، الْكِبْرُ بَطَرُ الْحَقِّ وَغَمْطُ النَّاسِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қалбида зарра оғирлигида кибри бор киши жаннатга кирмайди», дедилар».
«Эй Аллоҳнинг Расули, киши кийими гўзал бўлишини, пойабзали гўзал бўлишини ёқтиради-ку?» деди бир одам.
«Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севади. Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни ҳақир санашдир», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
МАХФИЙ РИЁ ҲАҚИДА
Риё ошкора ва махфий бўлиши мумкин.
Ошкора риё амалга чорловчи омил бўлиб, одамлар кўриши учунгина қилинади.
Ундан кейинги ўринда турадиган риё ўзи амалга сабаб бўлмаса ҳам, Аллоҳ учун қилинадиган амални енгиллатади.
Мисол учун, бир одам ҳар кеча таҳажжуд ўқир ва бу унга оғир келар эди. Уйига меҳмон келган куни бу иш унга жуда ҳам енгил бўлиб қолади.
Ундан ҳам махфийроқ риё амалга ҳам, унинг енгиллашишига ҳам таъсир қилмайди. Лекин барибир қалбдан жой олган бўлади. Бу турдаги риё амалга сабаб бўлмагани учун уни баъзи аломатларидангина билиб олиш мумкин. Унинг энг машҳур аломати одамлар унинг тоатидан хабардор бўлса, хурсанд бўлишидир.
Кўпгина бандалар ихлос билан амал қилади. Риёни қасд қилмайди, балки ёмон кўради. Амал ўшанга биноан бўлади.
Шу билан бирга, одамлар амалидан хабардор бўлсалар, масрур бўлади ва ҳузур топади. Бу нарса қалбида ибодат машаққатини енгиллаштиради. Мана шу сурур ундаги махфий риёнинг далилидир.
АМАЛНИ ЗОЕ ҚИЛАДИГАН ВА ҚИЛМАЙДИГАН РИЁ
Риё ибодатдан фориғ бўлгандан кейин ёки олдин содир бўлиши эҳтимоли бор.
Агар ибодатдан фориғ бўлганидан кейин, ўзи ҳаракат қилмаса ҳам, бандада сурур пайдо бўлса, амали ҳабата бўлмайди.
Чунки мазкур амал ихлос асосида адо этилди, сурур эса ундан кейин келди. Хусусан, банда унинг келиши учун ҳаракат ҳам қилмади, гапирмади ҳам.
Аммо амал тугагач, у ҳақида гапирган бўлса, бу хавфли. Бундай ҳолда амални қилаётган пайтида қалбида кўпинча риё бор бўлади.
Агар риё бўлмаса ҳам, гапиргани учун савоби озаяди. Зотан, махфий ва ошкора амал орасида етмиш даража бор.
Агар риё ибодатдан фориғ бўлмай туриб содир бўлса, ҳукми бошқача. Мисол учун, биров ихлос билан намоз бошлади. Кейин қалбида сурур пайдо бўлди. Бошқа нарса аралашмади. Бунда сурурнинг амалга таъсири йўқ бўлади.
Аммо ўша сурур намозни одамлар кўришлари учун чўзиб юборишга олиб борса, амали ҳабата бўлади.
Агар риё билан ибодат бир вақтда содир этилса, ибодат қабул бўлмайди. Мисол учун, риё учун намоз ўқишни бошлаш каби.
(ДАВОМЛИ)
“Руҳий тарбия” китоби.
Шайх Маҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.