РИЁ: УНИНГ ҲУКМИ, ТУРЛАРИ ВА ДАВОСИ-3
РИЁНИНГ ДАВОСИ
Аввалги сатрларда риёнинг ҳалокатли зарарлари ҳақида кўп нарсалар зикр қилинди. Энди ундан қутулиш йўллари ҳақида ҳам тўхталиб ўтайлик.
Риёнинг муолажаси икки турли бўлади.
Биринчиси – унинг асл томирларини қўпориб ташлаш.
Иккинчиси – содир бўлиб турган риёни даф қилиш.
Сўзни биринчисидан бошлайлик. Риёнинг асли обрў ва мартаба муҳаббатидир. Бу нарсанинг тафсилоти уч нарсага бориб тақалади.
1. Мақтов лаззати муҳаббати.
2. Танқид аламидан қочиш.
3. Одамлар қўлидаги нарсага тамагирлик қилиш.
Бунга имом Бухорий ва имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида келган бир ҳадис далилдир.
عَنْ أَبِي مُوسَى رضي الله عنه قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم فَقَالَ: الرَّجُلُ يُقَاتِلُ حَمِيَّةً، وَيُقَاتِلُ شَجَاعَةً، وَيُقَاتِلُ رِيَاءً، فَأَيُّ ذَلِكَ فِي سَبِيلِ اللهِ؟ قَالَ: «مَنْ قَاتَلَ لِتَكُونَ كَلِمَةُ اللهِ هِيَ الْعُلْيَا فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам келиб, Набий алайҳиссаломдан:
«Бир одам тарафкашлик учун урушади, ёки шижоати учун урушади, ёки риё учун урушади. Бунинг қайси бири Аллоҳ йўлида бўлади?» деди. У зоти бобаракот: «Ким Аллоҳнинг сўзи олий бўлиши учун урушга кирса, Аллоҳнинг йўлида урушган бўлади», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
«Тарафкашлик учун» дегани – танқиддан қўрқиб дегани.
«Шижоати учун» дегани зикр қилиниши ва мақталиши деганидир.
«Риё учун» дегани унинг кимлигини кўриб қўйишлари учун дегани. Мана шу обрў ва мартаба муҳаббати учун амал қилишдир.
Гоҳида инсон мақтовни истамаслиги мумкин. Аммо қораланишдан қўрқади. Бунга шижоатлилар ичига тушиб қолган қўрқоқ мисол бўлади. У қораланмаслик учун қочмай, собит туриши мумкин.
Шунингдек, илмсизликда айбланишидан қўрққан одам билмай туриб фатво бериб юбориши мумкин. Риёкорлик шу каби ҳолатларда ҳам содир бўлади.
Риёнинг асл томирларини қўпориб ташлашнинг йўли қандай бўлади?! Маълумки, инсон ўзи учун ҳозир ёки келажакда фойдали бўлган нарсаларга рағбат қилади. Агар у бир нарсанинг ҳозирда ҳузурбахш бўлса ҳам, кейин зарарли эканини билса, ундан рағбатини кесиши турган гап. Мисол учун, асалга заҳар қўшилганини билган одам ўйлаб ўтирмай, асалнинг лаззатидан воз кечади.
Риё ҳам худди шунга ўхшашдир. Агар инсон риёнинг бу дунё ва охиратдаги зарарларини англаб етса, уни тарк қилиши турган гап.
Инсон ўзига ўхшаган одамларнинг мақтови дея риё қилаётганида Роббининг мақтовидан маҳрум бўлишини ва азобига қолишини ўйласин.
Инсон ўзига ўхшаган одамларнинг қоралашидан қўрқиб риё қилаётганида Роббининг қораловидан ва азобидан қўрқсин.
Инсон ўзига ўхшаган одамларнинг қўлидаги нарсага тамагир бўлиб риёкорлик қилаётганида Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина ризқ берувчи Зот эканини ўйласин. Ундан ўзга ризқ берувчи йўқ.
Бандадан тамагир бўлган одам муродига етганда ҳам, хору зор бўлиши турган гап. Бас, шундай экан, қандай қилиб Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсани қўйиб, бандадаги нарсага тамагир бўлади?!
Бу борадаги фойдали даволардан бири нафсни ибодатни махфий қилишга ўргатишдир. Зотан, риёнинг давоси учун амалларни махфий қилишдан афзал чора йўқ.
Бу ишни амалга ошириш аввалига жуда ҳам қийин бўлади. Аммо бир муддат қийналиб бўлса ҳам, сабр қилиб борса, кейин иш осонлашиб кетади, Аллоҳ таоло унга мадад беради. Бандадан ҳаракат, Аллоҳдан баракот.
Иккинчиси – содир бўлиб турган риёни даф қилиш.
Ибодат пайтида пайдо бўладиган риёни даф қилишни ҳам ўрганиш лозим. Шайтон ибодат пайтида бандани тек қўймайди. У лаънати риё хотираларини эсга солиб туради. Шунинг учун банда нафсига қарши жиҳод қилиб туриши керак. Қаноат ва ўзини одамлар назаридан тушириш ила қалбидаги риё ўсадиган жойларни қўпориб ташламоғи лозим. Одамларнинг мақтовига ҳам, қораловига ҳам эътибор бермасин. «Одамлар билди нима-ю, билмади нима, Аллоҳ таолонинг Ўзи билса бўлди», десин.
Мақтов офатига рағбати қўзиб қолса, нафсига риё офатини ва Аллоҳ таолонинг ғазабига учрашини эслатсин.
ТОАТНИ ОШКОРА ҚИЛИШГА РУХСАТ
Тоатни махфий қилишда ихлос ва риёдан сақланиш фойдаси бор. Тоатни ошкора қилишда эса бировларнинг эргашиши ва одамларга яхшиликни тарғиб қилиш фойдаси бор.
Ҳажга ўхшаш ибодатларни эса махфий қилишнинг умуман иложи йўқ. Бас, шундай экан, амални ошкора қилган одам қалбини кузатиб бориши лозим. Токи унда махфий риёнинг муҳаббати пайдо бўлиб қолмасин. Доимо одамлар эргашишини ният қилиб турсин.
Бас, кимнинг иродаси кучли бўлиб, ихлоси нафсига эгалик қилолса, унинг наздида одамларнинг мақтови ва қоралови ҳеч нарса бўлмай қолса, амалини ошкора қилавериши мумкин. Чунки яхшиликка тарғиб қилиш яхшиликдир.
Салафи солиҳларнинг бир жамоалари одамлар ўрнак олиши учун ўзларининг аҳволи шарифларидан баъзиларини ошкора қилар эдилар. Улардан бирлари жон таслим қилиш пайти келганда: «Менга йиғламанглар! Мен мусулмон бўлганимдан буён бирор оғиз хато гап гапирганим йўқ», деган.
Абу Бакр ибн Айёш раҳимаҳуллоҳу ўғлига: «Бу ҳужрада Аллоҳ таолога маъсият қилишдан ҳазир бўл! Мен унда ўн икки минг марта хатм қилганман», деган.
ГУНОҲНИ БЕРКИТИШГА РУХСАТ
Баъзи кишилар гуноҳни беркитишни риё деб ўйлайдилар. Аслида эса ундай эмас. Риё қилмайдиган содиқ банда ўзидан маъсият содир бўлганда уни беркитса, жоиз. Чунки Аллоҳ таоло гуноҳларнинг ошкора қилинишини ёқтирмайди ва беркитилишини яхши кўради.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنِّي عَالَجْتُ امْرَأَةً فِي أَقْصَى الْمَدِينَةِ، وَإِنِّي أَصَبْتُ مِنْهَا مَا دُونَ أَنْ أَمَسَّهَا، فَأَنَا هَذَا فَاقْضِ فِيَّ مَا شِئْتَ. فَقَالَ لَهُ عُمَرُ: لَقَدْ سَتَرَكَ اللهُ لَوْ سَتَرْتَ نَفْسَكَ. قَالَ: فَلَمْ يَرُدَّ النَّبِيُّ صلي الله عليه وسلم شَيْئًا، فَقَامَ الرَّجُلُ فَانْطَلَقَ، فَأَتْبَعَهُ النَّبِيُّ صلي الله عليه وسلم رَجُلًا دَعَاهُ وَتَلَا عَلَيْهِ هَذِهِ الْآيَةَ: ﮋ وَأَقِمِ الصَّلاَةَ طَرَفَيِ النَّهَارِ وَزُلَفًا مِّنَ اللَّيْلِ إِنَّ الْحَسَنَاتِ يُذْهِبْنَ السَّيِّئَاتِ ذَلِكَ ذِكْرَى لِلذَّاكِرِينَ ﮊ. فَقَالَ رَجُلٌ مِنَ الْقَوْمِ: يَا نَبِيَّ اللهِ، هذَا لَهُ خَاصَّةً؟ قَالَ: «بَلْ لِلنَّاسِ كَافَّةً». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен шаҳарнинг четида бир аёл билан бирга бўлдим, у билан жинсий алоқа қилмадим-у, бошқасини қилдим. Мана, мен турибман, нима қилсангиз, майли», деди. Умар розияллоҳу анҳу унга:
«Аллоҳ сени беркитибди, сен ҳам ўзингни беркитганингда эди…» деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у одамга ҳеч нарса демадилар. У ўрнидан туриб, жўнаб кетди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ортидан бир кишини юбордилар. У бориб, ҳалиги одамни чақирди-да, унга:
«Наҳорнинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса эсловчиларга эслатмадир», оятини ўқиб берди.
У ердаги одамлардан бири:
«Эй Аллоҳнинг Набийси, бу унинг ўзига хосми?» деди. У зот:
«Йўқ! Барча одамларга», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه قَالَ: كُنْتُ عِنْدَ النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم فَجَاءَهُ رَجُلٌ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنِّي أَصَبْتُ حَدًّا فَأَقِمْهُ عَلَيَّ. قَالَ: وَلَمْ يَسْأَلْهُ عَنْهُ، قَالَ: وَحَضَرَتِ الصَّلَاةُ فَصَلَّى مَعَ النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم ، فَلَمَّا قَضَى النَّبِيُّ صلي الله عليه وسلم الصَّلَاةَ قَامَ إِلَيْهِ الرَّجُلُ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنِّي أَصَبْتُ حَدًّا فَأَقِمْ فِيَّ كِتَابَ اللهِ. قَالَ: «أَلَيْسَ قَدْ صَلَّيْتَ مَعَنَا؟» قَالَ: نَعَمْ. قَالَ: «فَإِنَّ اللهَ قَدْ غَفَرَ لَكَ ذَنْبَكَ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим, бир киши келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳаддга (зино жазосига) лойиқ иш қилдим. Уни менга жорий қилинг», деди.
Ул зот ундан у нима эканини сўрамадилар. Намоз вақти бўлди. Ҳалиги одам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқиди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлганларидан сўнг, ҳалиги одам ўрнидан туриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳаддга лойиқ иш қилдим, менга Аллоҳнинг ҳукмини жорий этинг», деди. Ул зот:
«Биз билан намоз ўқидингми?» дедилар. У:
«Ҳа», деди.
«Батаҳқиқ, Аллоҳ сенинг гуноҳингни мағфират қилди», дедилар у зот».
Бухорий ривоят қилган.
Ҳа, банда гуноҳ қилган бўлса ҳам, қалбида Аллоҳ таоло муҳаббат қилган нарсаларга муҳаббат бўлиши мумкин.
Риёдан қўрқиб тоатни тарк қилишда ҳам ҳолатга қаралади. Агар амалнинг сабаби дунё бўлса, уни тарк қилиш лозим. Чунки бундай амал тоат эмас, маъсиятдир. Агар амалнинг боиси дин ва холис Аллоҳ таолонинг розилиги бўлса, уни тарк қилиш лозим эмас. Чунки бундай ибодат риёга кирмайди.
Шунингдек, риё дейилишидан қўрқиб, амални тарк қилиш дуруст эмас. Чунки бу шайтоннинг ҳийлаларидандир.
ОДАМЛАР КЎРСА, ҚИЛИНАДИГАН ВА ҚИЛИНМАЙДИГАН ИШЛАР
Баъзида киши таҳажжуд намози ўқийдиган одамлар билан бирга тунаб қолиши мумкин. Улар кечанинг кўп қисмини намоз ўқиш билан ўтказишар экан. У эса маълум соатдагина қоим бўлишни одат қилган эди. Энди кўпчиликка қўшилиб, уларнинг қилганини қилди. Улар рўза тутса, бирга рўза ҳам тутди. Агар улар бўлмаганида, тутмас эди.
Баъзи одамлар мазкур кишини риёкор деб ўйлаши мумкин. Аммо бу мутлақо нотўғри. Бунинг тафсилоти бор.
Тафсилоти эса қуйидагича: ҳар бир мўмин Аллоҳ таолонинг ибодатига рағбат қилади. Аммо баъзи тўсиқлар бўлади. Гоҳида ғафлат босиши ҳам мумкин. Кўпинча бошқаларни кўриш ғафлатнинг кетишига ва тўсиқларнинг очилишига сабаб бўлади. Инсон ўз уйида оила аъзолари ила ҳузурланиши ва юмшоқ жойларда ётиши мумкин. У бегона жойда ётиб қолса, мазкур тўсиқлар йўқ бўлади ва яхшилик қилишга сабаб пайдо бўлади. Ўшалардан бири – обидларни кўришдир.
Ўз уйида таомлар кўплиги учун рўза тутиши қийин бўлиши мумкин. Бундай пайтларда шайтон уни тоатдан тўсиш учун ҳаракатга тушади. У бандага: «Агар одатдагидан бошқача йўл тутсанг, риёкор бўласан», дейди. Банда унинг васвасасига эътибор бермаслиги керак.
Банда риё офатларини яхшилаб ўрганиб олиб, ниятни тўғрилаши лозим. Зотан, риё чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир.
Барча тоатларини Аллоҳ таоло билиб туриши ҳақида қалбида қаноат ҳосил қилиши лозим. Бундай қаноат Аллоҳ таолодан қўрқадиган ва Ундан умидвор бандадагина бўлади. У ихлосдан ноумид бўлмаслиги керак.
Иброҳим ибн Адҳамдан ривоят қилинади:
«Мен маърифатни Самъон исмли роҳибдан ўрганганман. Мен унинг хилватхонасига кириб:
«Сен неча йилдан бери бу хилватхонадасан?» дедим.
«Етмиш йилдан бери», деди.
«Таоминг нимадан иборат?» дедим.
«Ҳар кеча бир дона нўхат», деди.
«Ушбу нўхат донаси сенга кифоя қилиши учун қалбингда нима қўзғалади?» дедим.
«Рўпарангдагиларни кўряпсанми?» деди у.
«Ҳа», дедим.
«Улар ҳар йили ҳузуримга бир кунга келадилар. Хилватхонамни зийнатлайдилар ва унинг атрофида айланиб, мени улуғлайдилар. Қачон нафсим ибодатни оғир санаб қолса, унга ўша соат иззатини эслатаман. Мен бир соат иззати учун бир йиллик машаққатни кўтараман. Бас, эй ҳанифий! Абадий иззат учун бир соат машаққатни кўтар», деди.
Қалбимда маърифат виқори пайдо бўлди.
«Яна зиёда истайсанми?» деди.
«Ҳа», дедим.
«Хилватхонадан туш», деди.
Тушган эдим, ичига йигирмата нўхат донаси солинган қаҳва идишини берди ва:
«Монастирга кир. Улар мен сенга берган нарсани кўрдилар», деди.
У ерга киришим билан насоролар мени ўраб олдилар ва:
«Эй ҳанифий! Роҳиб сенга нима берди?» дейишди.
«Ўз таомидан бир оз нарсани», дедим.
«Сен уни нима қиласан? Биз унга ҳақлимиз. Уни бизга сот», дейишди.
«Йигирма динор», дедим.
Улар менга йигирма динор бердилар. Роҳибнинг олдига қайтиб бордим.
«Хато қилдинг. Агар йигирма минг баҳо қўйганингда ҳам берар эдилар. Бу У Зотга ибодат қилмайдиганнинг иззати. Ибодат қиладиганнинг иззати қандай бўлишини ўзинг билиб олавер. Эй ҳанифий, Роббинг ибодатига юзлан!» деди».
ШУҲРАТ ВА РИЁСАТ МУҲАББАТИ
Одам боласи шуҳрат ва риёсат кетидан қувадиган бўлса, хатолари кўпайиши ва ношаръий ишларни қилиш эҳтимоли кучаяди. Шуҳратпарастлик ва мансабпарастлик ўз эгасини кўпгина яхшиликлардан тўсади. Бу иккиси ҳам қалб хасталикларидан ҳисобланиб, гоҳида уларга берилиб кетиш одамни кўпгина ёмонликларга ва хусуматларга бошлайди.
Ёруғ дунё охират экинзоридир. Бу дунёдаги барча нарсадан охират учун зоду роҳила олиш мумкин.
Зарур озиқ-овқат ва кийим-кечак сотиб олиш учун керакли мол лозим бўлгани каби, одамлар билан бирга яшаш учун керакли обрў ҳам лозим бўлади.
Инсон ўзига керакли озиқ-овқатни тарк қилиши мумкин эмас. Шунинг учун ўша таомга ва уни сотиб оладиган молга муҳаббат қўйиши ҳам табиий нарса. Шунингдек, инсонга бу дунёда яшаши учун бошқалар билан алоқа қилиш ҳожати тушади. Унинг ёрдам берадиган дўстга, илм берадиган устозга, хизматини қиладиган устага ва бошқаларга ҳожати тушиб туради. Ана ўшаларнинг олдида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлиш учун ҳаракат қилишнинг ҳеч айби йўқ. Чунки обрў-эътибор мақсадга эришиш воситаларидан биридир. Бас, шундай экан, ўзи учун керак бўлган нарсага хизмат қиладиган мол ва обрў-эътибор қораланиши мумкин эмас.
Қуръони Каримда Юсуф алайҳиссаломнинг тилидан:
قَالَ اجْعَلْنِي عَلَى خَزَآئِنِ الأَرْضِ إِنِّي حَفِيظٌ عَلِيمٌ
«Мени ернинг хазиналари устига қўй. Албатта, мен муҳофаза қилувчи ва ўта билувчиман», дейилган (Юсуф сураси, 55-оят).
Аммо бу икки нарсага, айни мол ёки обрў бўлгани учун банданинг зарурати ва ҳожатидан зиёда тарзда ружу қўйиши қораланади.
Аммо мол ва шуҳрат эгалари бу нарсаларни маъсият учун ишлатмасалар, уларни фосиқ ёки осий дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
ШУҲРАТПАРАСТЛИКНИНГ ДАВОСИ
Шуҳратпарастлик дардига мубтало бўлган шахс одамларга ёқишдан бошқа нарсани ўйламай қўяди. У нима қилиб бўлса ҳам, кўпчиликка ёқиш учун уларга хушомад қилиш йўлига ўтади. Гап-сўзини, хатти-ҳаракатини ва бор-будини уларнинг олдида ўзини улуғлашга қаратиш пайидан бўлади. Мана шунинг ўзи мунофиқликнинг уруғи ва фасоднинг бошланиши бўлади. Бу эса ўз навбатида, ибодатларга беписандлик билан қарашга ва уларни риё учун бажаришга олиб боради.
عَنْ كَعْبِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه ، عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم قَالَ: مَا ذِئْبَانِ جَائِعَانِ أُرْسِلَا فِي غَنَمٍ بِأَفْسَدَ لَهَا مِنْ حِرْصِ الْمَرْءِ عَلَى الْمَالِ وَالشَّرَفِ لِدِينِهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْإِمَامُ أَحْمَدُ
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кишининг мол-мулк ва шарафга бўлган ҳирси унинг дини учун қўйлар орасига қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам қўрқинчлидир», дедилар».
Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Мол-дунё ва шуҳратга бўлган ҳирс ўз эгасини барча ёмонликлардан қайтмайдиган қилиб қўяди. Оқибатда у ўша икки нарса ортидан тушиб, динини барбод қилади. Шунинг учун динимни бўрилар еб кетмасин, деган банда дунёга ва шуҳратпарастликка ҳирс қўймаслиги лозим.
Бас, шуҳратпарастлик дардини даволаш вожибдир. Бу даво илм ва амал билан бўлади.
Илм билан даволаш қуйидагича: Шуҳратпараст аввало нима учун шуҳратга муҳаббат қўйганини яхшилаб ўйласин. Албатта, одамларнинг ўзларига ва қалбларига эга бўлиш учун бу нарса қачонгача давом этиши мумкин? Мабодо ҳеч офат етмай, тўлалигича давом этганда ҳам, ўлимигача давом этади, холос. Шундай экан, у нарсага бунчалик ўч қўймаса?!
Кейин шуҳрат эгаларига бир назар солсин. Уларни турли-туман хавфу хатарлар ўраб турмайдими? Обрў ва мансаб эгаларига барча ҳасадгўйлар ҳасад қилмайдими? Уларга зарар етказиш учун пойлаб турмайдими? Бунинг устига, шуҳратпарастларнинг ўзлари шуҳрат супасидан тушиб қолишдан доимо қўрқиб турмайдиларми?
Қалблар қайнаб турган қозон кабидир. Шуҳратпараст қай бир қалбнинг риоясини қилиб улгуради? Ундан кўра шуҳратпарастликнинг ўзини тарк қилиб қўйгани яхши эмасми? Ана шунда у кўпгина балолардан халос бўлади. Аммо ҳеч нарсани йўқотмайди.
Шуҳратпарастликни амал билан даволаш:
Бу муолажа одамларнинг қалбидан шуҳратпарастликни туширадиган ишларни амалга ошириш билан бўлади.
Подшоҳлардан бири машҳур зоҳидни зиёрат қилиш учун йўлга отланибди. Подшоҳнинг ўз манзилига яқинлашиб келаётганини билган зоҳид кўп таомларни олдига қўйиб, оғзини тўлдириб, шоша-пиша ейишга тушибди. Буни кўрган подшоҳнинг ҳафсаласи пир бўлиб, ортига қайтибди.
ОДАМЛАРНИНГ МАҚТОВИ ВА ТАНҚИДИ
Кўпчилик одамларнинг мақтовини яхши кўриб, танқидини ёмон кўргани сабабли ҳалокатга учрайди. Уларнинг барча ҳаракатлари одамларнинг розилигини топишга, мақтовига эришиб, танқидидан қутулишга қаратилган бўлади. Албатта, бу оғир дард бўлиб, уни даволаш зарур.
Одамларнинг мақтовига ўч бўлиш хасталигидан қутулиш қуйидагича бўлади. Аввало, одамлар сизни қайси сифат ила мақташаётганига назар солинг.
Агар ўша сифат ҳақиқатан ҳам сизда бор бўлса, икки хил бўлади:
Биринчиси – илм ва тақво каби хурсанд бўлишга арзийдиган сифат. Бундай ҳолатда мақталган одам оқибатдан ҳазир бўлиши керак. Ўша қўрқинч уни мақтовдан маст бўлишдан сақлайди. Агар оқибати яхши бўлиши хурсандчилик сабаби бўлса, Аллоҳ таоло берган фазлдан хурсанд бўлиш керак. Одамларнинг мақтовидан эмас.
Иккинчиси – мансаб ва молга ўхшаш хурсанд бўлишга арзимайдиган сифат. Бу нарсалардан хурсанд бўлиш худди тезда қуриб, хашакка айланадиган кўкатдан хурсанд бўлишга ўхшайди. Бундан эса фақат эсипастларгина хурсанд бўлади.
Агар сиз мақталган сифат сизда бўлмаса ҳам, мақтовдан маст бўладиган бўлсангиз, бу эсипастликдан бошқа нарса эмас.
Танқидни ёқтирмаслик ҳам оғир дард ҳисобланади. Уни ҳам эринмасдан, зудлик билан даволаш лозим. Бу борадаги гапнинг қисқаси қуйидагича: Агар сизни танқид қилган кишининг гапи тўғри бўлиб, насиҳатни ирода қилган бўлса, ғазабланмасдан унинг гапини яхши қабул қилиш керак. Чунки у сизга айбларингизни ҳадя қилмоқда.
Агар танқидчи насиҳатни ирода қилмаган бўлса, у ўз динига нисбатан жиноят қилибди, сиз эса унинг гапидан фойда олибсиз. Чунки у сизга билмаган нарсангизни билдирибди ва унутган нарсангизни эсингизга солибди.
Агар танқидчи сизда йўқ нарсаларни айтиб бўҳтон қилган бўлса, сизга қуйидаги уч нарсадан бири бўлади:
1. Агар сиз мазкур айбдан холи бўлсангиз ҳам, унга ўхшаш бошқа айблардан холи эмассиз. Аллоҳ таоло ошкор қилмай турган айбларингиз кўп. Аллоҳ таоло танқидчига сизнинг ўша айбларингизни билдирмаганига шукр қилинг.
2. Танқидчининг туҳмати сизнинг гуноҳларингизга каффорот бўлади.
3. Бўҳтончи ўз динига нисбатан жиноят қилди. Ўзига қарши Аллоҳ таолонинг ғазабини қўзитди. Сиз Аллоҳ таолодан уни афв қилишини сўранг. Бир киши Иброҳим Адҳамни уриб бошини ёрганда, унинг ҳаққига дуо қилиб, шундай деган экан: «Бунинг сабабидан ажр олдим. Менинг сабабимдан азобга қолмасин».
“Руҳий тарбия” китоби.
Шайх Маҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.