МақолаларЯнгиликлар

ЕР ЮЗИ АҲОЛИСИ 7 ЯРИМ МИЛЛИАРДГА ЕТДИ

Яқинда АҚШнинг Рўйхатга олиш бюроси баёнот билан чиқди. Ташкилотнинг маълумотига кўра, ўтган бир йилда сайёрамиз аҳолиси 78,5 миллион кишига ошиб, 2018 йил 1 январда қарийб 7 миллиард 445 миллион кишини ташкил этган.
БМТ таҳлилчиларининг сўзларига кўра, яна 40 йилдан сўнг дунё аҳолиси 9 миллиард 300 миллион кишига етади. Асримиз охирига бориб эса аҳоли сони 10 миллиарддан ортиши мумкин. Мабодо, туғилиш кўпайгудек бўлса, 15 миллиард кишига етиши эҳтимоли ҳам бор. Бу ҳақда БМТ Aҳолишунослик жамғармаси маълум қилган.
Маълумотларга қараганда, аҳоли сони ўсишига инсоният қўлга киритаётган муваффақиятлар асосий омил бўлмоқда. Аммо инсоният кўпайиши билан озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ҳам ортиб бормоқда. Одамларни боқиш учун 2050 йилга бориб ҳозиргига қараганда 80 фоиз кўп озиқ-овқат ишлаб чиқаришга тўғри келади.
Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, бугунги кунда озиқ-овқат билан боғлиқ муаммолар ўта долзарб. Бунга аҳоли сонининг ўсиши, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш имкониятларидан етарли даражада фойдаланмаслик, ер ва сув ресурслари чекланганлиги сабаб бўлмоқда.
Озиқ-овқат етишмовчилигининг яна бир сабаби иқтисодий инқироз, қурғоқчилик ва ҳосилнинг кам йиғиштириб олинишида кўзга ташланмоқда. Шунингдек, айрим давлатлар озиқ-овқат маҳсулотларига баҳо белгилашда қўяётган хатоликлар ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқарган.
Таҳлилчилар озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ривожланаётган мамлакатларга нисбатан ривожланган мамлакатларда кўпроқ эканини таъкидлашади. Шуни афсус билан қайд этиш керакки, қашшоқ мамлакатларда аҳоли тўйиб овқат емаётган бир вақтда ривожланган мамлакатлар аҳолиси кўп овқат истеъмол қилишдан семириб кетмоқда. Бугунги кунда Ер юзида 600 миллион аҳоли меъёридан кўп овқат истеъмол қилади.
Продовольственная-безопасность-и-изменение-климата_3.png
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, сайёрамиз аҳолисининг 30 фоизи тўйиб овқат емайди. Жаҳонда болалар ўлимининг 55 фоизи тўйиб овқатланмаслик оқибатида юз бермоқда. Ер юзида тўйиб овқат емаётганлар сони йил сайин ошиб бормоқда.
Бу асосан Жанубий Америка, Африка ва Осиё мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Африка қитъаси, айниқса, Сомали, Уганда, Чад, Мозамбик, Эфиопия каби мамлакатлар аҳолисининг 40 фоиздан кўпроғи тўйиб овқат емайди. Калорияси кам овқат ейдиган фуқаролар ҳам асосан Африка, Кариб ҳавзаси мамлакатларида истиқомат қилади. Бу нафақат жисмоний ўсишни, балки ақлан ривожланишни ҳам тўхтатар экан. Оқибатда бу каби ҳолатлар инсоннинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Масалан, ривожланаётган мамлакатларда ҳар йили “А” витамини етишмаслиги оқибатида юз мингга яқин боланинг кўриш қобилияти сустлашиши аниқланган.
Олимлар “экотизимга зиён етказилмаган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотлари кўпайтирилиши зарур”, деган фикрларни айтишади. Бир қатор тадқиқотчилар инсоният ўсимликлардан иборат парҳез таомларга ўтиши лозим деган қарашларни ҳам ўртага ташламоқда. Шунингдек, нисбатан арзонга тушадиган парранда гўштини етиштиришга катта аҳамият берилиши лозим деган таклифлар ҳам айтилади. Бир қатор экспертлар эса океанларнинг биологик ресурсларидан фойдаланиш вақти етиб келганини илгари сурмоқда. Бироқ айрим олимларнинг фикрича, океан ресурсларидан шошма-шошарлик билан фойдаланиш экотизимга зиён етказиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, дунё океанларидан ҳозирги пайтда йилига 100 миллион тонна балиқ овланади.
Бир гуруҳ таҳлилчилар ривожланган мамлакатларга мурожаат қилиб, жаҳонда одамлар тўйиб овқатланмаётган бир вақтда биоёқилғилардан фойдаланишни тўхтатиш лозим деган таклифни билдирмоқда.
Шу билан бирга қашшоқ мамлакатлардаги ёшларни ишга жойлаштириш, экологик муаммоларни ҳал қилиш, шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасидаги мувозанатни излаш ҳамда одамларни бир юртдан иккинчи мамлакатга кўчиши билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш ҳам асосий муаммолардан ҳисобланади. Биринчи навбатда, меҳнат бозорларида ёшларнинг ишсизлик даражаси ошиб бораётгани, меҳнат билан банд ёшларнинг иш жойларидаги аҳвол ёмонлиги ҳам асосий муаммо сифатида кўрилмоқда.
Жаҳондаги жами ишсизларнинг тенг ярмини ёшлар ташкил этади. Бу гиёҳвандликнинг кўпайиши ва йигит-қизлар томонидан содир этиладиган жиноятларнинг ортишига сабаб бўлмоқда.
БМТ мақсадларидан бири жаҳонда очлик ва қашшоқликка барҳам беришдан иборат. Озиқ-овқат хавфсизлиги ҳар бир мамлакат сиёсатининг ажралмас қисмидир. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш имкониятларига бевосита боғлиқ.
Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида кўраётган чора-тадбирлари халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Италия пойтахти Рим шаҳрида бўлиб ўтган Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш ва очарчиликни бартараф этиш йўлида эришган ютуқлар учун тақдирлаш маросимида мамлакатимиз махсус соврин билан тақдирлангани аграр тармоқда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тўғрилигини яна бир карра тасдиқлади.
Мамлакатимизда ҳамма нарса инсон, унинг фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилган. Аҳолининг соғлом ҳаёт кечиришидаги асосий шартлардан бири ҳам уни сифатли озиқ-овқатлар билан таъминлашдир.
Шу боис юртимизда озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини яхшилаш, хавфсизлигини таъминлаш муҳим вазифалар сирасига киритилган. Халқимизни озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, аҳоли талабини ўзимизда етиштирилаётган экологик тоза ва сифатли мева-сабзавотлар, полиз, узум, картошка маҳсулотлари ҳисобига тўла қондиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Халқаро таҳлилчилар, жумладан, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Жозе Грациану да Силва Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги вазифаларни режа асосида амалга ошираётганини таъкидлаган бўлса, Осиё тараққиёт банки вице-президенти Вен Сай Чжанг, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Януш Херман, Ислом тараққиёт банкининг Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш департаменти директори Демба Ба ва бошқалар Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган иқтисодий ислоҳотлар, озиқ-овқат хавфсизлигини, чунончи, қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ этиш ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш ҳисобидан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самараларини юксак баҳолади.
UZA.UZ
Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг