ФИҚҲ: ҒУСЛ ВА УНИНГ ҲУКМЛАРИ
“Ғусл” – “ювиш”, “бирор нарсанинг устидан сув оқизиш” деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда эса, муайян ҳолатларда баданнинг барчасини махсус усулда ювишга айтилади.
Уйқуда эҳтилом бўлиб қолганда, жинсий яқинлик қилганда, аёллар ҳайз ва нифос ҳолатидан пок бўлганда ғусл қилиш фарздир.
Жума ва ҳайит намозлари аввалидан ғусл қилиш суннат ҳисобланади.
ҒУСЛНИНГ ФАРЗЛАРИ
- Оғизга сув олиб, томоғда ғарғара қилиб чайиш.
- Бурунга ачиштиргунча сув тортиб, яхшилаб чайиш.
- Баданнинг ҳамма жойини ювиш.
Ғусл қуйидаги тартибда қилинади:
- “Бисмиллааҳ” дейилади ва ғуслга қуйидагича ният қилинади:
نَوَيْتُ أَنْ أَغْتَسِلَ غُسْلاً مِنَ الْجَنَابَةِ، رَفْعًا لِلْحَدَثِ وَ اسْتِبَاهَةً لِلصَلاَةِ، تَقَرُّبًا مِنَ اللهِ تَعَالَى.
“Навайту ан ағтасила ғуслан минал-жанаабати, рофъан лил-ҳадаси ва истибааҳатан лис-солаати, тақоррубан миналлооҳи таъаалаа”.
Маъноси: “Нопоклини кетказиш, намоз ўқишни жоиз этиш ҳамда Аллоҳга яқинлик истаб ғусл қилишни ният қилдим”.
- Қўллар ювилгандан сўнг бадан нопокликлардан покланади.
- Тартиб билан таҳорат қилинади. Аввал бошга кейин ўнг ва чап елкага сув қуйилиб, баданнинг ҳаммаси яхшилаб ювилади. Баданнинг игна учи миқдоричалик жойга сув етмай қолса ҳам ғусл дуруст бўлмайди. Ғусл қилишдан олдин бадандаги сувни тўсувчи нарсаларни кетказиш лозим бўлади. Агар қимирлатмаса остига сув етмайдиган узук, билагузукка ўхшаш нарсалар бўлса, ечиш ёки айлантириб остига сув етказиш лозим бўлади.
ҒУСЛНИНГ СУННАТЛАРИ
- Ният қилиш.
- “Бисмиллааҳи…”ни айтиш.
- Икки қўлни билагигача ювиш.
- Қўлни ювгач бадандаги нопок нарсаларни кетказиш.
- Таҳорат қилиш.
- Аъзоларни яхшилаб ишқалаб уч мартадан ювиш.
- Аввал баданнинг ўнг томони, сўнг чап томонини ювиш.
Таҳоратда макруҳ амаллар ғуслда ҳам макруҳ ҳисобланади.
ҒУСЛ ҚИЛИШ МУСТАҲАБ БЎЛГАН ҲОЛАТЛАР
Ҳушидан кетиб сўнг ўзига келган киши, гуноҳидан тавба қилган киши, сафардан қайтган киши, Исломни қабул қилган киши, Каъбаи муаззама ва Мадинаи мунавварани зиёрат қилмоқчи бўлган киши, истиҳоза ҳолатидан пок бўлган аёл ғусл қилиши мустаҳаб бўлади.
ҒУСЛ ВОЖИБ БЎЛГАН КИШИ БАЖАРИШИ ҲАРОМ БЎЛГАН АМАЛЛАР
Таҳоратсиз кишига мумкин бўлмаган амаллар ғусл вожиб бўлган кишига ҳам бажариш ман қилинади. Шу билан бирга ғусл вожиб бўлган кишига Қуръони каримни ёддан ўқиш ёки қараб ўқиш ҳамда масжидга кириши ҳам ҳаром ҳисобланади.
“Намоз ибодати арконлари” китоби асосида