ТАЯММУМ ВА УНИНГ ҲУКМЛАРИ
Намоз ўқиш, Қуръони каримни ушлаш, масжидга кириш ва шу каби ибодатлар таҳоратсиз ёки ғуслсиз дуруст бўлмайди. Таҳорат ёки ғусл эса ўзи пок ва покловчи сув билан қилинади. Пок сув бўлмаса ёки сув бўлиб, уни ишлатиш мумкин бўлмаган вақтда таҳорат ёки ғусл ўрнига таяммум қилинади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Агар сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинглар”. (Нисо сураси, 43-оят).
“Таяммум” сўзи луғатда “қасд қилиш” деган маънони билдиради.
Шаръий истилоҳда эса, таҳорат нияти билан ер жинсидан бўлган тупроқ, кесак, қумга ўхшаш пок нарсага қасд қилиб, икки қўлининг кафти билан бир марта уриб, юзига ва иккинчи марта уриб, икки қўлининг тирсакларигача суртишдир.
ТАЯММУМ ҚИЛИШ УЧУН ЛОЗИМ БЎЛГАН САБАБЛАР
- Фуқаҳолар наздида бир миллдан* ошиқ масофада сувнинг йўқлиги.
- Касалликдан, унинг зиёда бўлишидан ёки давонинг секинлашиши хавфи бўлиши.
- Қаттиқ совуқда сувни иситиш учун шароит бўлмаслиги ва совуқ сувнинг соғлиққа зарар қилиш хавфи бўлиши.
- Сув билан таҳорат қилганда, ўзи ёки ҳамроҳи ва ҳатто қарамоғидаги ҳайвонининг чанқаб, ҳалокатга учраши хавфи бўлиши.
- Таҳорат қилиб келгунча ҳайит ёки жаноза намозларини ўтказиб юбориш эҳтимоли бўлиши.
Чунки бу намозлар қазо бўлса, ўрнига ўқиладиган намоз йўқ. Аммо жума намозига ета олмаслигини билса ҳам, таҳорат қилади, чунки, унинг ўрнига пешин намозини ўқиши мумкин.
- Қудуқда сув бўлиб, уни чиқариб олишнинг имкони бўлмаслиги.
- Сув бор ерда душман ёки йиртқич ҳайвоннинг хавфи бўлиши.
*Изоҳ. Бир милл – 1848 метрга тенг.
ТАЯММУМНИНГ ФАРЗЛАРИ
- Ният. Фақат таҳорат билангина адо этиладиган ибодатни бажаришга ният қилиш. Аслида тупроқ кир кетказувчи (нарса) эмас, балки ўзи кир қилувчи (нарса)дир. Шу сабабли таяммумда ният шарт. Сув ўзи покловчи нарса бўлганлиги учун таҳоратда ният қилиш фарз эмас. Яъни, ниятсиз таҳорат қилиб қўйган кишининг таҳорати қабул бўлади. Лекин суннатни тарк қилган бўлади. Аммо таяммум ниятсиз қилинса, фарзни тарк қилган бўлади ва қайта ният қилиб таяммум қилади. Зеро, таяммумнинг асл маъноси – қасд бўлиб, сув топа олмаган киши таяммумни қасд қилиш билан покланади.
- Пок ер жинсидан бўлган нарсага таяммум қилиш.
- Икки қўлнинг кафти билан бир зарб уриб, юзига масҳ тортиш.
- Икки қўлини кафти билан иккинчи зарб уриб, қўлининг тирсагигача масҳ тортиш.
Изоҳ. Таяммум қилувчининг аъзоларида масҳни тўсадиган узук ва билагузукка ўхшаш нарсаларнинг бўлмаслиги ҳам шарт.
ТАЯММУМНИНГ СУННАТЛАРИ
- “Бисмиллааҳи…” дейиш.
- Тартибга риоя қилиш.
- Узлуксиз қилиш.
- Ўнг қўлдан бошлаш.
- Зарбни кафтнинг ичи билан қилиш.
- Қўлни тупроққа ургач, уни қоқиб ташлаш.
- Соқол ва бармоқлар орасини хилол қилиш.
- Кенг узук остига масҳ қилиш.
Таяммумнинг тартиби. Таяммум қилишни ният қилгандан сўнг кафтларни ер жинсидан* бўлган пок нарсага бир зарб уради, сўнг юзининг таҳоратда ювиладиган ерига ҳеч бир жой қолдирмай масҳ тортади. Кейин яна қўлини иккинчи марта зарб уриб, чангларини қоқади ва аввал ўнг, сўнгра чап қўлининг тирсагигача қўшиб кафти билан масҳ тортади. Мана шу таяммум билан киши таҳоратли ҳукмида бўлади.
*Изоҳ. “Ер жинси” деганда ер юзасида қарор топган нарсалар тушунилади. Бу тупроқ ёки бошқа ер жинси бўлишининг фарқи йўқ. Таяммумга яроқли ер жинси эримайдиган, ёндирса ёнмайдиган, ўз хусусиятини ўзгартирмайдиган ва кулга айланмайдиган бўлиши керак.
ТАЯММУМНИ БУЗУВЧИ НАРСАЛАР
- Таҳоратни бузувчи ҳар бир нарса таяммумни ҳам бузади.
- Киши сув йўқлиги сабабли таяммум қилган бўлса, сувни кўриши билан таяммуми бузилади.
- Сувни ишлатишга ожиз бўлган киши унга қодир бўлиши билан таяммуми бузилади. Агар бир киши жунуб бўлиб таяммум қилган бўлса, сўнг унда кичик таҳоратни бузадиган нарсалар содир бўлса, яна у жунуб ҳолатига қайтиб қолмайди, балки у кичик таҳоратсизлик ҳукмида бўлиб, унга ёддан Қуръон ўқиш, масжидга кириш каби амаллар жоиз бўлади.
Изоҳ. Таяммум билан намоз ўқилгач, вақт чиқмай туриб сув топилса, намоз қайта ўқилмайди.
«Намоз ибодати арконлари» китобидан