Кишининг сийдиги томиб, уни ушлаб туришнинг имкони бўлмаса, мазий чиқиб турса, яра ва бурундан тўхтамай қон оқиб турса, оғриқ билан қулоқ, кўкрак, киндик, кўздан қон ёки йиринг чиқиб турса, қорни оғриб, ичи кетаётган бўлса, доимий ел чиқиб туриши билан касалланган бўлса, аёлларда истиҳоза қони келиб турса ва шунга ўхшаш таҳоратни бузадиган нарсаларга инсон йўлиққан бўлса, шу узри бир вақт фарз намози мобайнида тўхтамаса, у киши узрли ҳисобланади. Аммо кишининг узри бир вақт фарз намози мобайнида тўхтаса, узрли ҳисобланмайди.
Узрли киши ҳар бир намознинг вақти учун алоҳида таҳорат қилади ва шу таҳорати билан ўша вақт ичида фарз ва хоҳлаганча нафл намозларини ўқиши мумкин. Ҳар бир намози учун алоҳида таҳорат қилиши шарт эмас. Узрли киши янги таҳорат олиб, асрни ўқиса, кейин шом вақти кирса, асрнинг вақти чиққанлиги сабабли таҳорати бузилади ва шом вақти учун қайта таҳорат олади.
“Намоз ибодати арконлари” китобидан