Янгиликлар

«ТУРКИЯ ВА ЎЗБЕКИСТОН ДУНЁГА СОФ ИСЛОМНИ ТАНИТИШИ ЛОЗИМ»

Туркиядаги ватандош Олим Оқтой Чотқол билан суҳбат

Ислом.уз мухбири:
Ассалому алайкум. Муҳтарам Олим Оқтой жаноблари, президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташриф қилиб, Анқарада қилган нутқини эшитдингиз. Асли ўзбекистонлик, Туркияда вояга етган бир фуқаро сифатида, ватандош сифатида Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи ва нутқини қандай баҳолайсиз?

Олим Оқтой Чотқол:
Ваалайкум ассалом ва роҳматуллоҳ. Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёевнинг Туркияга қилган зиёрати биз – Туркияда туғилиб, вояга етган ўзбекларни жуда хурсанд қилди. Бу зиёрат 20 йиллик танаффусдан кейин илк марта амалга оширилди. Мен бу муҳим воқеани оммавий ахборот воситаларида ёритишларини эрталабдан буён кутиб тургандим. Бу учрашувни жонли эфирда кўриб, гўзал бир учрашув бўлиб ўтганининг гувоҳи бўлдим. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг биргаликда олиб борган учрашувлари жуда гўзал бир шаклда ўтказилди. Анжуман давомида билдирилган хушхабарларнинг маълум қилиб турилгани, масалан, Ўзбекистонга бориш-келиш визаларининг осонлаштирилганлиги, Туркиядан Самарқандга парвозларнинг ташкил этилиши каби хабарларни, 26 та шартнома имзоланганлигини ҳам эшитиб, жуда мамнун бўлдик. Биз Ўзбекистон ҳақида ота-боболаримиздан эшитганимизни биламиз, бундан ташқари Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ҳам ўзаро алоқалар ўрнатилди. Туркияда ўсганимиз учун Туркияни ҳам яхши биламиз. Яхшилаб ўйлаб қарасам, бу зиёрат худди икки катта дарёнинг, икки улкан маданият дарёсининг бирлашишига ўхшади. Туркия президенти Эрдўғон бей ҳам бу зиёрат ҳақида сўзлаб, икки катта маданият водийси бор, бири Туркия, бири Ўзбекистон, деди. Ҳақиқатда ҳам шундай. Биз тахминан 500 йилдан буён маълум сабабларга кўра бир-биримиздан узоқлашганмиз. Хусусан, Ўзбекистон мустақиллигидан 70-80 йил олдин бир-биримиздан умуман узилиб қолганмиз. Мустақилликдан кейин ҳам жаҳон сиёсати ва бошқа сабаблар туфайли ўртадаги алоқалар анчайин заифлашиб қолган эди. Энди эса янги бир саҳифа очилганга ўхшайди. Тарихга назар солсак, биз жаҳон миқёсида ҳам, Ўрта Осиё миқёсида ҳам маданият жиҳатидан ҳукмрон бўлганмиз. Иншааллоҳ, Ўзбекистон Ўрта Осиёдаги энг аҳамиятли давлатлар қаторида бўлади. Ўрта Осиёда бўлаётган ўзгаришлар фақат яхшиликларга сабаб бўлади, жамики туркий халқлар учун хайрли бўлади деб ўйлаймиз. Шунингдек, бутун дунёда худди бундан 500-600 йил олдингидек маданият чироғини ёқиб, инсоният ҳозирги кунда юзлашиб турган фалокатларни бартараф этувчилар бўлишига умид билдирамиз. Бу зиёрат илк қадам, холос. Худо хоҳласа, ҳали бу борада юришлар, югуришлар бўлади. Бундан кейин ҳам иқтисодий, ҳам маданий алоқалар тобора кучайиб бораверади. Биз Туркияда 20-25 йилдан буён орзиқиб кутган ишлар мана энди амалга ошириляпти. Бу ишларни амалга ошираётган ва сабабчи бўлаётганларнинг барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин дея дуо қиламиз.
Қўшимча сифатида шуни айтаманки, ҳозирги кунда Ислом ўлкаларида рўй бераётган кўплаб фожеалар барчамизга маълум. Буларнинг кўплаб сабаблари бор, уламоларимиз буни яхшироқ билишади. Менинг фикримча, ўлкаларимизнинг Ислом динида яшаган ўлкалар сифатида минг йилга яқин тажрибаси бор. Бу тажрибани тиклаш керак. Дунёга Исломни яхши танитиш, тўғри англатиш керак. Илгари бу ишларни олимларимиз амалга оширишган. Энди эса ислом умматида, ислом давлатларида бўлаётган фожеали воқеаларни бартараф этиш учун ўз маданиятимизга қайтишимиз, бу маданият билан жамики Ислом мамлакатларига фикрий, диний томондан ёрдам беришимиз керак. Бу икки маданият водийси, яъни Туркия ва Ўзбекистон мана шу вазифани амалга оширишни ўз зиммасига олиши керак. Иншааллоҳ, Аллоҳ таоло бу масъулиятни адо этишга икки ўлкани муваффақ қилади.

Ислом.уз мухбири Муҳаммад Одил.
Истанбул, Туркия.
Манба: info.islom.uz

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг