Мақолалар

БЕМОРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ ОДОБИ

Буюк ҳикмат эгаси Аллоҳ ўлимни турли сабаблар билан юборади. Кимдир хилма-хил  фалокатлардан бирига йўлиқиб, кимдир соппа-соғ бўла туриб ҳам, яна кимдир эса бирор-бир хасталик билан вафот этади.

Инсон кўпинча дуч келадиган сабаб касалликдир. Хасталик киши ҳолини маҳзун, аъзоларини заиф қилиб қўяди. Бундай вазиятда меҳр-мурувватга ҳар қачонгидан ҳам муҳтож бўлади. Динимиз бундай бетоблар ҳолини хабар олиб туришга, уларнинг кўнглини кўтаришга ҳамда бироз бўлса-да, дардларини енгиллатишга, мабодо улар вафот эсалар, жанозаларида иштирок этишга буюради.

Саҳобаи киромлардан Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) бундай дейди:

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бизни жанозада иштирок этиш ва касални бориб кўришга буюрдилар”. (Имом Термизий ва Таҳовий ривояти, исноди саҳиҳ).

Беморни зиёрат қилишнинг ҳам ўзига яраша одоблари, йўл-йўриқлари бор. Хастани кўргани келган киши, аввало, у ҳақига дуо қилиши, кўнглини ширин сўзлар ила кўтариши, яъни: рангингиз чиройли бўлибди, Худо хоҳласа, яхши бўлиб кетасиз, бетоблик гуноҳларингизнинг кечирилишига сабаб бўлади, иншааллоҳ… каби ёқимли илтифотлар кўрсатиши керак. Шундай қилиш суннатдир. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бирор беморни кўргани кирсалар, бундай дер эдилар:

“Зарари йўқ, (касалингиз) иншааллоҳ, (гуноҳларингизни) ювувчидир”. (Имом Бухорий ривояти).

Хаста олдида узоқ ўтирмаслик керак. Шунингдек, касал киши ким ва қайси динга мансуб бўлишидан қатъи назар, ўртада бирон-бир алоқа бўлса, хусусан, у қўшни бўлса, бориб кўриш Ислом одобларидандир. Бундай гўзал ахлоқнинг заминида одобдан ташқари мусулмон бўлмаган кишининг Исломга кириб қолишидан умид ҳам ётади. Бунга далил Имом Бухорий Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир:

“Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бир яҳудий бола хизмат қилиб юрарди. У бетоб бўлиб қолди. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уни кўргани келиб, унинг бош томонида ўтирдилар. Шунда унга: “Мусулмон бўл”, дедилар. Бола шу ерда турган отасига қаради. Отаси унга Абул Қосим*нинг айтганини қил”, деди. Шунда бола Исломни қабул қилди. Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Уни дўзах азобидан қутқарган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”, деган ҳолларида у ердан чиқдилар.

 

* Абул Қосим – жанобимизнинг кунялари. Тўнғич фарзандларининг исми Қосим бўлгани учунбаъзан у зотни Абул Қосим – “Қосимнинг отаси” деб ҳам аташарди.

 

“Исломда ўлим ва жаноза масалалари” китоби. Салоҳиддин Муҳиддин.

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг