Янгиликлар

ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ИМОМ-ХАТИБЛАРНИНГ НАВБАТДАГИ ЙИҒИЛИШИ ЎТКАЗИЛДИ

Бугун 7-октябр куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатибларининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакили Анвар қори Турсунов очиб, муҳтарам Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқида алоҳида эътибор берилган масалалардан бири – Ислом маърифати масаласи бўлганлигини  айтиб йиғилганлар эътиборини ана шу тарихий нутқдаги фикрлар бугун бевосита имом-хатиблар фаолиятига боғлиқ эканлиги, келгуси ишларда ўзига хос йўналиш, мақсад бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Юртбошимиз нуфузли минбардан туриб Ислом дини борасида пухта илмга эга бўлмасдан, бу дин ҳақида хулоса чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини айтар эканлар, инсонларни Ислом дини билан таништиришнинг оқилона йўлларини, таъсирчан усулларини топиш зарурлигига алоҳида урғу бердилар:

“Бугунги сессия иштирокчиларига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилмоқчиман. Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат”.

Зеро, Аллоҳ таолонинг муборак каломи – Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!..(Моида сураси, 2-оят). Қаерда таълим олиш ҳуқуқи таъминланмаган бўлса, саводсизлик ва жаҳолат ҳукм сурса, у ернинг халқи Аллоҳ таолонинг неъматларини қадрига етмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Икки буюк неъмат борки, кўп одамлар улардан ғафлатда қоладилар. Улар: сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир” (Имом Бухорий ривояти).

Муҳтарам Юртбошимизнинг ана шу жасорати ва оқилона таклифлари сессия иштирокчиларига ниҳоятда маъқул бўлди. Бу эрксевар халқимиз қалбидаги айни муддао бўлганлиги йиғилганлар томонидан эътироф этилди.

Қолаверса, азиз халқимизни ана шундай осуда кунларимизни қадрига етиб, доимо огоҳ ва сезгир бўлишликка чақириш юзасидан имом-хатибларга кўрсатмалар бериб ўтилди. Мажлисда сўз олганлар тинчлигимиз, хавфсизлигимизни асраб-авайлаш борасида масжидларда амалга оширилажак ишлар юзасидан муҳим тавсиялар бериб ўтдилар. Жумладан, турли нохуш ҳолатлар, шубҳали ҳатти-ҳаракатларни олдини олишда видеокузатув мосламаларидан фойдаланишни сифатли ва мукаммал йўлга қўйиш, масжидларда бегона шахсларнинг тунашларига йўл қўймаслик каби масалалар юзасидан бир қанча топшириқлар берилди. Бундан ташқари масжидларда кузги-қишги мавсумга тайёргарлик кўриш ва ёнғин хавфсизлиги чораларини янада кучайтириш тўғрисидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Буйруғи ижросини таъминлаш юзасидан амалга ошириладиган ишлар келишиб олинди.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Теглар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг