“ҲАЖ-2017” МАВСУМИ БОШЛАНДИ
“Ҳаж-2017” мавсуми “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши қарор ва тавсиялари асосида юқори савияда ташкил этилмоқда.
Бугун 7 август куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 459 нафардан иборат дастлабки гуруҳлари иккита рейсда (2 нафар делегация, 9 нафар ишчи гуруҳи, 6 нафар ошпаз, 2 нафар шифокор) Тошкент-Мадина йўналиши бўйича Саудия Арабистони Подшоҳлигига кузатилди.
Жорий йилнинг 7-23 август кунлари ўзбекистонлик 7350 нафар зиёратчини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Наманган-Мадина, ҳамда Урганч-Мадина йўналишларида ҳаж сафарига кузатиш ташкил этилади.
Жорий йилнинг 28 август куни ҳожилар учун меҳмонхона, тиббий марказ, ошхона ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш мақсадида 10 нафар ишчи гуруҳи аъзолари Саудия Арабистонига сафарбар этилган. Кузатиш ва кутиб олиш тадбирлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Зиёратчиларга сафар олдидан давлатимиз рамзлари акс эттирилган махсус кийим (камзул) ва сумкалар, “Ҳажнома” китобчаси ва видеотасмалар тақдим этилди.
Барча зиёратчилар марказлашган тиббий пунктларида миненгит ва гриппга қарши зардоб билан эмландилар. Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлиши кузатилаётганлигини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Зиёратчилар гуруҳларга бўлиниб, тасдиқланган рейс жадвали асосида уларнинг учиш вақтлари белгиланди ҳамда гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар иштирокида сафаролди учрашувлар ташкил этилди.
Ўзбекистонлик зиёратчилар учун Мадина шаҳрида “Масжид ан-Набавий”дан 100-150 метр узоқликда жойлашган “Жавҳарат ар-Рошид”, Макка шаҳрида эса Ҳарамдан 5000 метр узоқликдаги тўрт юлдузли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси тайёрлаб қўйилган. Ҳар бир хона музлатгич, телевизор ҳамда кондиционерлар билан жихозланган. 24 соат давомида замонавий автобусларда зиёратчиларни Макка шаҳридаги харам масжидига ташиш йўлга қўйилган.
Ўзбекистонлик ҳожилар Мадина шаҳрида 3 кеча – 4 кундуз бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилганларидан сўнг Макка шаҳрига йўл оладилар. Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 35 нафардан иборат ишчи гуруҳи, 140 нафар гуруҳ раҳбари, 35 нафар шифокор ва 15 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.
Жорий йилнинг 8-24 сентябрь кунлари ўзбекистонлик ҳожиларни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК самолётларида Жидда-Тошкент, Жидда-Бухоро, Жидда-Самарқанд, Жидда-Қарши, Жидда-Наманган, ҳамда Жидда-Урганч йўналишлари бўйича Ватанимизга олиб келиш режалаштирилган.