ИСЛОМ ОЛАМИДА КИТОБЛАР ВА КУТУБХОНАЛАР…
Илм бор ерда китоб кўпаяди. Китоб бор ерда эса илм ривожланади. Ҳозиргача ҳар бир жамиятдаги китоблар ва уларга бўлган муносабат ўша жамият аъзоларининг илмга бўлган муносабатининг ўлчови бўлиб келган. Худди шу ҳолат мусулмонлар ҳаётида ўз аксини топган. Милодий 9-асрдан бошлаб, мусулмонларда ҳақиқий бойлик деганда китоб тушинилган. Бировга энг қимматбаҳо ҳадя қилишни хоҳлаган одам китоб олиб борган.
Бағдод халифаси халққа эзгулик бирор ҳадя қилиш ҳақида ўз вазирларига маслаҳат солганида ҳаммалари бир овоздан яхши бир кутутбхона ҳадя қилишга ишора қилганлар. Бу кутубхона мусулмонлар оммасига ҳадя этилгач, “Дорулҳикма” номини олган ва кейинчалик дунёдаги биринчи фанлар академиясига айланган.
Мусулмон оламининг чор-атрофдаги шаҳар-қишлоқларида ҳам кутубхоналар кенг тарқалган. Бағдод шаҳрининг ўзида юздан ортиқ кутубхоналар бўлиб, уларда китобхонлар учун зарур барча шароитлар муҳайё қилинган.
Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Нажаф шаҳрининг кутубхонаси ўша пайтда кичик кутубхоналардан ҳисобланган. Ўша кичик кутубхонада ҳам қирқ минг нусха китоб бор экан. Рай шаҳрининг кутубхонасидаги китоблар рўйхатининг ўзи ўн жилдли китоб бўлган экан.
Бунинг устига масжид ва шифохонага ўхшаш ҳар бир муассасаларнинг ўз кутубхоналари бўлган. Насириддин Тусий ўз расадхонасига тўрт юз минг нусха китоб йиққан экан. Адолат юзасидан у вақтларда босмахоналар бўлмаганини, барча китоблар қўлда кўчирилганини айтиб ўтмоғимиз лозим. Фақат халифаларгина эмас, амир ва вазирлар ҳам кутубхоналарга катта эътибор берганлар. Ибн Синодан муолажа олган Бухоро амири Муҳаммад Мансур қасрининг кўп қисмини китобларга ажратилган бўлиб, у Ибн Синога хоҳлаган китобини олишга ижозатб берган. Бу кутубхона билан яқиндан танишган Ибн Сино кейинчалик бу ерда одамларнинг кўплари номини ҳам эшитмаган китобларни кўрдим, деб ёзган.
963-милодий санада вафот этган Муҳаллабий исмли вазир бир юз ўн саккиз минг жилд китобни мерос қолдирган экан. Ўша вақтнинг бошқа бир вазири Муҳаллабийнинг ёш дўсти Ибн Аббоднинг кутубхонасида икки юз олти минг дона китоб бор эди, деб хабар беради. Унинг қозиларидан бири эса, бир миллион эллик минг дона китобга эга экан.
Бухоронинг амири бир табибни ўз ҳузурига чорлаганида, янги масканга кўчаётган эдим, китобларимни тўрт юз туяга ортиб қўювдим, деб узр сўраган экан.
Китобга бунчалик қизиқиш фақат ҳукмдорлар ва уламоларга хос эмас, оддий мусулмонлар ҳам китобни жону-дилдан севганлар. Умрини от чопиш ва урушларда ўтказган чавандозлардан бири – Усома ибн Мунқиз салбчиларнинг ваҳшийликларини васфлаб, қуйидагиларни айтган экан: “Болаларим, дўстларимнинг болалари ва аёлларимизнинг саломат қолгани бор будимни шилиб кетишгани аламимни енгиллаштиради. Лекин китобларимнинг ҳасрати менга катта мусибат бўлди. Тўрт минг жилдгина китобим бор эди, холос. Аммо энг яхши китоблар эди. Уларни йўқотишим мен учун умр бўйи маҳзунлик келтирди”.
Албатта, Овруполик салбчилар китобнинг қадрини қаердан ҳам билсинлар. Ахир уларнинг ўзларининг тарихчилари эътироф қилишича, мусулмон оламида китоб борасида юқорида зикр қилинган ишлар бўлиб турганида бутун бошли Оврупонинг барча монастирларида ҳаммаси бўлиб бори-йўғи ўн икки дона китоб бўлган экан. Уларни ҳам йўқ қилиб юборишмасин деган мақсадда занжирлар билан боғлаб қўйилган экан. Ана шундоқ жойдан келган босқинчилар китобнинг қадрини билар эдиларми?!
Мусулмонларнинг илмга бўлган рағбатлари, китобга бўлган қизиқишлари иймон ва ихлос асосида бўлгани учун у тезда ўз самарасини берган. Улар бутун инсониятга турли илмларни тартибга солиб тақдим этганлар.